Хуршид Даврон телерадиокомпания раҳбари ишдан олинганига фикр билдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Хуршид Мирзоҳидов ўз лавозимида 6 ой ҳам ишламади. (Сурат Газета.уз сайтидан олинди.)

Миллий Телерадиокомпаниянинг "Ўзбекистон" каналининг собиқ директори, халқ шоири Хуршид Даврон телерадиокомпаниянинг раҳбари Хуршид Мирзоҳидов ўз лавозимидан четлатилганига Фейсбукдаги саҳифасида фикр билдирди.

Хуршид Мирзоҳидов шу йилнинг февралида 12 йил давомида телевидениега раҳбарлик қилган Алишер Хўжаев ўрнига раҳбар этиб тайинланган эди. У сешанба куни ишдан олингани борасида маълумот тарқалди.

Хуршид Даврон: юртимиз катта тафаккур, катта тамаддун ватани бўлганини инсонларга етказишни истаганман

'Ўзбек халқи фақат артистдан иборат эмас'

Uzwebiston: Facebookда ўзбек адиблари чиқишлари

Бу хабарни тарқатган Кун.уз сайти Мирзоҳидов, баъзи манбаларга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан маддоҳликда айбланиб ишдан олинганини ёзганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uzreport
Image caption Собиқ телевидение расмийси Хуршид Давроннинг ёзишича, Мирзоҳидовнинг тайинланиши хато амал бўлган.

Бироқ, эндиликда ўзгартирилган мақолада айтилишича, "ҳозирча унинг истеъфоси сабаби аниқ келтирилмади. Турли манбаларнинг маълумотлари бир-бирига мос келмаяпти."

Собиқ телевидение расмийси Хуршид Давроннинг ёзишича, Мирзоҳидовнинг тайинланиши хато амал бўлган.

"...Алишер Ходжаевнинг ҳам, Хуршид Мирзоҳидовнинг ҳам МТРК - Milliy телерадиокомпанияга раҳбар этиб тайинланганини-ю тайинланишини ТВ ва радио фаолиятига зид эканини қатъий айтишим керак. 20 йиллик ТВдаги фаолиятим буни қатъий айтишимга сабабдир. ТВ ва радио фаолиятини икки дунёда ҳам технарь ходим бошқармаслиги шарт. ТВ ва радио энг аввало мафкура ва ижод. Айни шунинг учун бу тизимни мафкура билан ижодни уйғун этган маърифатчи киши бошқариши керак (Айтишим шарт ва лозимки, бу ўринда мутлақо ўзимни кўрмаяпман) . Билмадим, бундан кейин ким МТРК раҳбари бўлади. Давлат маслаҳатчиси мақомидаги ўзбек Берияси таклифи билан яна қайси унинг одами (одами ҳам бўлмаслиги мумкин, унга муҳими оғизсиз ва тилсиз бўлиши шарт. Яқинда тасдиқланган матбуот қўмитаси раҳбарига ўхшаган) тайинланади-ю бир неча ойдан кейин ишни баттар қилиб ишдан кетаркан? Лекин, жуда ва жуда узоқ ишлаши ҳам мумкин. Бу эса нафақат ТВ ва радиога, умуммиллий тараққиётга фақат зарар келтиради", - деб ёзди Хуршид Даврон.

2012 йилда Би-би-си билан бўлган суҳбатда Хуршид Даврон Ўзбекистондаги телевидение ва ундаги цензура ҳақида фикр билдирганди.

Унинг айтишича, "Ўзбекистон" телеканалида давлат буюртмаси ва соф ижод "50ка 50" бўлган.

"Ёшлар" каналида ҳам "Ўзбекистон" каналида ҳам ишлаганимда виждонимга хилоф иш қилмаганман. Масалан, "Ёшлар " каналида кўрсатувлар 10 фоизи ҳукумат топшириғи билан бўладиган бўлса, 90 фоизи жамоанинг, менинг буюртмам асосида бўлган. Демак бу маълум маънода ўзини оқлаган. Энди "Ўзбекистон" телеканали давлатнинг асосий канали бўлгани учун давлат буюртмаси билан соф ижодий иш 50ка 50 эди. Русларда бир гап борку, ким пулини тўласа ўша мусиқани эшитади, деган. Бу ҳамма жойда бор нарса. Менга ҳеч ким "шуни қиласан" деб мажбурламаган. Телевидениеда ишлаганимда иложи борича китоб тарғиботига, адабиётга эътибор қаратишга ҳаракат қилганман, деб ўйлайман.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча нега Мирзоҳидов ярим йиллик хизматидан сўнг ишдан олинганига расмий изоҳ бермади.

Ўзбекистондаги сайтларда тарқаган баъзи тахминларга кўра, унинг ишдан четланишига аслида "Таҳлилнома" кўрсатувида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда бугунга қадар юритилган сиёсат танқид қилингани сабаб бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар