Россиядаги ўзбек опа-сингиллар уруши: "У туғишга келдими?"

Image caption Россияда кўп ўзбекистонликлар норасмий турмуш қурганлар.

Бухоролик опа ўз синглисининг паспортини олиб қўйиб, уни тунда ёш боласи билан уйдан чиқариб юборди.

Москвага ишлашга келган опа-сингиллар орасида жанжал чиқиб, опа ўз синглиси ва унинг боласининг паспортини олиб, Ўзбекистонга кетган. Хужжатсиз қолган аёл Би-би-сига ёш боласи билан сарсон бўлаётганини айтади.

Суҳбатни тинглаш учун мана бу ерга босинг.

Бухоролик 27 ёшли Нодира (исми ўзгартирилган) тожик миллатига мансуб йигит билан бирга яшаб, ўғил фарзанд кўрган. Шу йилнинг май ойида тожикистонлик меҳнат муҳожири уни ташлаб кетган. Нодира қўлида боласи билан Ўзбекистонга қайтганида оила аъзолари қабул қилмаслигидан қўрқади. Шу вақтда Москвада ишлаётган опаси Гулмира (исми ўзгартирилган) синглисини ёнига ишлашга чақиради.

- Сенга ёрдам қиламан, уй оласан, деди. Йўлкирамни тўлади, келдим. Озарбайжонларнинг дўконида ишладим, иш ҳақимни бермади. Пул бермаганини эшитиб опам паспортимни олиб, болам билан кечаси 12 яримда ҳайдаб юборди. Паспортимизни беринг, деб шунча ялиндим, бермади. - дейди Нодира .

Image caption Нодира уйига қайтишга қўрқади.

Паспортини опасидан олиш мақсадида Нодира полиция бўлимига мурожаат қилганини айтади. Унинг бу ҳаракати Гулмирани жаҳлини чиқарган. У синглисининг хужжатларини олиб, Ўзбекистонга кетиб қолган.

Нодира опаси йўлкирага берган қарзини ишлаб қайтармагани учун хужжатларини олиб кетиб қолганини айтади. У айни пайтда 1 ярим ёшли боласи билан Москвада хужжатсиз ва ишсиз.

Опанинг жавоби

Бухородан Гулмиранинг айтишича, унинг бу ҳаракатига синглисининг ишсиз қолгани эмас, ижара уйидаги йигит билан жанжаллашгани ва айниқса, Нодира "яна енгилоёқлигини бошлаши" сабаб бўлган.

- Молимни сотиб, ўзи билан боласини йўлкирасига бердим. Келгач, 15 кун боласига қарадим, ишлади. Қандай ишлади, билмайман, пулиниям бермади. Ўша куни бир оғиз "энди жим юр" деганимга жанжал бўлди. Бу туғишга келганми, ишлашгами?! Ҳар йили ҳар кимдан туғади. Ўша куниям ярим кечаси бир эркак билан машинага ўтириб кетворди. Паспортини олиб қўйдим. Энг ёмон таъсир қилгани, полицияга боргани бўлди. Опам депорт бўлган, кетмай юрибди, деб айтиб берган. Қадримга ачиндим. Энди 300 доллар пулимни берсин, бериб юбораман, - дейди Гулмира.

Россияда никоҳсиз фарзанд кўргани учун ота-онаси, ака-опалари Нодирадан воз кечишган.

- Паспортимни олсам бўлди, энди шу ерларда бир амаллаб кунимни кўриб юравераман-да..., - дейди Нодира.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар