Президент Мирзиёев: 'Мен ўзим тестга қаршиман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC/screenshot
Image caption Ўзбек зиёлилари

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев навбатдаги видеоселекторни 3 август санасида "ижодкор зиёлилар вакиллари" билан ўтказгани хабар қилинди.

Президент ёш ижодкорларнинг олийгоҳга ўқишга кириш муаммолари ҳақида гапира туриб, Ўзбекистонда амалиётда бўлган тест имтиҳонларини танқид қилган.

Шавкат Мирзиёевнинг видеоселектордаги сўзларидан kun.uz сайти иқтибос келтирган.

Бош вазир абитуриентга: "Юридическийда нима қиласан, связга бор"

"Мен ўзим тестга қаршиман. Тест бўлса ҳам, компьютерда топширади. Ўша куни баҳосини олиб кетади. Натижани кутиб юрадими?", деган Мирзиёев.

Бундан ташқари, президент келаси йилдан санъат ва ижод билан боғлиқ олийгоҳларга кириш имтиҳонларида тестлар бўлмаслигини эълон қилган.

Мирзиёевга кўра, бундай олийгоҳларга ўқишга киришда тест топширишни талаб қилиш - "хиёнат".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Давлат Тест маркази имтиҳон натижалари 17-август куни эълон этилишини хабар қилди.

"Мен ўзим тестга қаршиман. Тест бўлса ҳам, компьютерда топширади. Ўша куни баҳосини олиб кетади. Натижани кутиб юрадими?", деган Мирзиёев.

Бундан ташқари, президент келаси йилдан санъат ва ижод билан боғлиқ олийгоҳларга кириш имтиҳонларида тестлар бўлмаслигини эълон қилган.

Мирзиёевга кўра, бундай олийгоҳларга ўқишга киришда тест топширишни талаб қилиш - "хиёнат".

"Консерватория, Маданият институти ва Дизайн институтида кириш имтиҳонларида тест топшириш - хиёнат. Улар қўшиқ айтишни билса, чизишни билса, таланти бўлса, иқтидори бўлса, тест топширишларига йўл қўймаслик керак", деб айтган Президент.

Айтилишича, бундан кўзланган мақсад - "ҳақиқий иқтидорлилар қолиб, она тили ёки математикадан тест саволларини ечиб, ўқишга кириш ҳолатларининг олдини олишдир".

Президент ўз сўзида бу йилги тест имтиҳонлари "қаттиқ бўлгани"га урғу берган. Маълумот ўрнида, Давлат тест маркази бу йил салкам 730 минг абитуриентдан камида 11 минги тестга келмагани, 2764 нафари эса қоидабузарлиги учун четлатилгани ҳақида ҳисобот берди.

'Онлайн тест?! Хавфсизлигига ким жавоб беради?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek/screenshot
Image caption Президент

Ижтимоий тармоқларда аксарият фойдаланувчилар тест синовларининг онлайн ўтказилишини олқишлаган, шу баҳонаи сабаб билан президент Мирзиёевга ҳамду сано айтганлар кўплаб топилади.

"Ҳақиқатан шу ишлар амалга ошса, Ўзбекистоннинг таълими юксалади, ҳақиқий кадрлар етишиб чиқади, иншааллоҳ", дейди Sadoqat.

Рустам ёзади: "Умуман тест синовларини бекор қилиш керак. Нимага керак бу синовлар? Ўзини оқламади-ку! Бу тестлардан ўтган абитуриент вундеркинд ё профессор даражасидаги билимга эга бўлиши керак. Лекин олийгоҳларга кираётган болалар шунақамикин? Элементар карра жадвални билмайдиган талабалар ҳам топилади...".

"Жавобларнинг ўша заҳотиёқ чиққани жуда яхши. Худди ГАИ имтиҳонларидек. Зўр бўлади!", деб қувонган Elbek.

Баъзи фойдаланувчилар бундай имтиҳонлар катта техник ресурслар талаб қилишига, хавфсизликни таъминлаш масаласига эътиборни қаратган.

"Компьютерлар етмайди-ку?", дейди Jahongir. "Онлайн яхши, лекин ичидаги саволларнинг 100 фоиз тўғри эканига ким кафолат беради?", деб савол қўйган Polat.

Elyorbek яна бир жиҳатга урғу берган: "Логин/пароль (агар онлайн бўлса, ҳар бир абитуриент учун махсус код бўлса керак) оммалашиб кетмаслигига ким кафолат бера олади?".

"Меҳнат миграцияси агентлиги Кореяга кетувчилар учун ўтказган тест имтиҳонларидек бўлмаса гўргайди", деб яқин ўтмишда катта шов-шувга бўлиб, Миграция агентлиги раҳбари истеъфоси билан тугаган воқеани эслаган Mansur.

Кузатувчилар ҳам техник муаммолар Мирзиёев ваъда қилган ечимнинг рўёбга чиқарилишига халал бериши мумкин, деб ҳисоблайди.

"Ҳукуматнинг Миграция агентлиги деган ташкилоти 100 минг атрофидаги талабгорнинг бир вақтда тест топширишини таъминлай олмай, шарманда бўлди. Бу йил 730 минг абитуриент ўқишга ҳужжат топширди, келаси йил бундан ҳам кўп бўлади. 700 мингдан кўпроқ абитуриентнинг тестларини 17 августгача текшириб чиқадиган ва охирги беш-ўн йилда бундан тузукроқ ечим ўйлаб тополмаган Давлат тест маркази атиги бир йилда тест имтиҳонлари учун қарийб 800 минг компьютер, бир вақтнинг ўзида юз минглаб одам мурожаат қиладиган жуда кучли серверлар ва жуда кучли алоқа каналларини тайёрлай олишига ишониб бўлмайди", дейди тошкентлик исмини ошкор этишни истамаган ёш дастурчи.

Имтиҳонларнинг бир кунда эмас, балки бир неча кун давом этиши муаммони қисман ҳал қилиши мумкин, деб ҳисоблайди таҳлилчилар. Тест саволлари ва жавоблари сақланаётган маълумот омборларини турли киберҳужумлар, хакерлардан мудофаа қилиш харажатлари ҳам жуда катта бўлиши аниқ.

Ижодий имтиҳонлар ҳаққоний бўладими?

Ижодкорлик устувор таълим йўналишларидан тест имтиҳонларининг чиқариб ташланишини маъқуллаганлар кўп, бироқ бу имтиҳонлар ўйинга айланиб кетишидан хавотир билдирганлар ҳам етарлича.

"Артист бўламан деганлар мактабга бормаса ҳам бўларкан-да энди", деб киноя қилган Nargiza. "Ҳаммаси ўйин, таниш-билиш, пул бўлиб кетади", мазмунидаги ўхшаш фикрларни кўплаб учратиш мумкин.

"Масалан, она тилини билмаган, лекин актёрлик маҳорати (табиий таланти) борлар ижодий имтиҳон билан қабул қилинса, унда саводсизлар кўпайиб кетмайдими?", деб савол қўйган Don Mann.

Rahimjon унга: "Ҳозирги "талантлилар" ҳаммаси она тилидан яхши деб ўйлайсизми? Бир Instagram га қараб чиқишни маслаҳат берган бўлардим", деб, ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг ўзбекчада хато билан ёзадиган вакилларини ёдга олган.

Бу йилги имтиҳон кампанияси давомида ўзбек сайтларида бир қатор олийгоҳларнинг ижодий имтиҳонлари ҳақида танқидли мақолалар эълон қилинган эди. Ўша чиқишлар вақтида кўп интернет фойдаланувчилари ижодий имтиҳонлар ҳаддан ташқари коррупциялашгани ва уларга ишонч йўқлигини таъкидлаган.

"Ижодий имтиҳонлар пул бўлиб кетмаслиги учун, шунга қарши чоралар ишлаб чиқилса ҳам зўр бўларди", деб умид билдирган Shohruh.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ