Прокуратурани "ахлатдан" тозалашга Мирзиёевга ким халақит берган?

мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Мирзиёев 2 август куни ўтказилган видеоселекторда прокуратура ходимларини қаттиқ танқид қилган. У олдинги тизимдан қолган прокурорларнинг 80 фоизини бўшатганини ва охиригача ўзгартиришни ваъда берган. У прокурорларни ёмон кўришини билдирган.

"Мен ўзи прокурор деган одамни, кечирасизлару, жуда ёмон кўраман. Буни очиқча айтяпман, нимага десангиз мен район ҳокими бўлганман, вилоят ҳокими бўлганман. Бу ноинсофларни ғўддайишини, прокурорча бўлиб дарров юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимаслигини жуда яхши биламан. Ўзи энг катта ўғри улар". - деган у.

Президентнинг прокурорларни танқид қилган аудио ёзуви интернетга сиздирилган. У олдинги Бош прокурордан қолган тизимни ахлатга тенглаштирган.

"Мана биз янги Бош прокурор қўйдик, 80 фоиз одамни ўзгартирдик, олдинги қолган ахлатдан, олдинги тизимдан, Бош прокурор қолдирган ўғри тизимидан 20-15 фоиз одамлар юрибди. Барибир ўзгартирамиз охиригача. Ё прокурор ҳалол бўлиб ишлайди, ё умуман прокуратурани йўқ қиламиз", - деган Президент.

Президент айрим прокурорларни "аҳмоқ" деган ва фамилиясини ҳам тўғри ёзолмаслигини айтган. Мирзиёев давлат олдида ҳеч ким авторитет бўлмаслигини ва фақат халқ авторитет эканлигини таъкидлаган.

Мирзиёев бир неча йил Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳоким бўлиб ишлаган. 13 йил Бош вазир лавозимини эгаллаган.

Мутахассислар прокуратура тизимидаги бош-бошдоқликларни жиловлаш учун мамлакатдаги адвокатларга кўпроқ ҳуқуқ ва ваколатлар бериш кераклигини айтишади.

Президент Ислом Каримов даврида прокуратура, умуман куч ишлатар тизим ва ҳуқуқ тартибот органи ходимлари очиқ танқид қилинмаган. Бу каби танқидлар бўлган бўлса-да, унинг овози сиздирилмагани айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ