Хайрулла Ҳамидов "қора рўйхат"дан чиқарилди

ҳамидов Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/hamidov

Футбол шарҳловчиси ва диний радиоэшиттиришлари билан танилган журналист Хайрулла Ҳамидов диндорларнинг "қора рўйхатидан" чиқарилган. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати журналист билан боғланиб ушбу хабарни тасдиқлатди. Тошкент шаҳрида Ҳамидов яшаб турган жойда рўйхатдаги бошқа диндорларни ҳам чақиришган ва рўйхатдан чиқарилганини маълум қилишган.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Ўзбекистондаги минглаб диндорлар шу вақтгача бўлиб келган ва халқ орасида "қора рўйхат" дея танилган рўйхатдан чиқарилмоқда.

Мусуломонлар идорасидаги манба 10 мингдан ошиқ кишининг ушбу рўйхатдан чиқарилишини ва уларни маҳаллий имомлар кафилликка олишини маълум қилган.

Янгийўлдаги ёпиқ маҳкама 2010 йил май охирларида ёшу қари орасида диний - маърифий дастурлари, шеърлари билан мисли кўрилмаган равишда танилган Хайрулла Ҳамидовни ноқонуний диний гуруҳга аъзолик ҳамда жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор деб топган эди.

Суд уни 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

Маҳкама жараёнида Ҳамидов ўзига қўйилган айбларни рад этганди.

У айблов томони ашёвий далил сифатида тақдим этган ва "жамоат хавфсизлигига таҳдид" экани даъво қилинган аудио ва видео материаллар радио ва телевидениедаги муаллифлик дастурларида эфирга узатилганини айтган.

Унинг шеър, эссе ва маърузалари ёзилган аудио ҳамда видео ёзувлар интернет, шунингдек, минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалган.

Мухлисларига кўра, Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонган.

Хайрулло Ҳамидов асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилган.

Хайрулла Ҳамидов айни дамда Тошкентдаги Ориат Доно радиосида Футбол+ дастурининг доимий меҳмонига айланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ