Ҳажга отланаётган 73 уруш фахрийсига қариндошлари ҳамрохлик қилади

фахрийлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Muslim.uz

Давлат ҳисобидан муқаддас Ҳаж зиёратига тайёргарлик кўраётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёрдам бериш мақсадида уларнинг яқинлари навбатсиз ҳажга боради. Бу ҳақда Мусулмонлар диний идораси расмий сайти маълум қилган.

"Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг эсон-омон ҳаж ибодатларини адо этиб қайтишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кўп ишлар қилдилар. Жумладан, уруш фахрийларининг оила аъзолари ёки яқин қариндошларидан бир нафарига навбатсиз ҳаж зиёратига боришга рухсат берилди", - дейилади хабарда.

2017 йилнинг 4 апрелида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди.

Фармонга мувофиқ илгари ҳаж зиёратига боролмаган ёки бунга имкони бўлмаган уруш қатнашчилари давлат томонидан ажратиладиган маблағ ҳисобидан ҳаж зиёратига юбориладиган бўлганди.

Диний идора бу йил 73 нуроний Ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётганини билдирган.

Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳажга борувчи ҳар бир зиёратчи учун ушбу амални бажаришда кийиладиган эҳром туҳфа қилгани айтилган.

Фахрийларнинг ҳажга боришини ташкиллаштираётган "Нуроний" жамғармаси олдин ушбу амални бажарган уруш қатнашчилари Президент айтган имтиёздан фойдалан олмаслигини маълум қилган.

Айрим уруш фахрийлари давлат ҳисобидан бормаса ҳам ўз пули ҳисобидан навбатсиз ҳажга бориш истагини билдирган.

Ўзбекистон 1,5 мингдан зиёд Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари қолгани айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ