Қашқадарё милицияси 20 минг сўмга танасини сотаётган аёлни қўлга олди

Суратнинг мақолага алоқаси йўқ Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Суратнинг мақолага алоқаси йўқ

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Помуқ қишлоғида яшовчи 36 ёшли аёл 20 минг сўмга (2,5 доллар) келишиб танасини сотаётганда милиция томонидан қўлга олинган. Аёлга маъмурий иш очилган.

Дарё.узнинг Ички ишлар вазирлигига таяниб ёзишича, помуқлик аёл ва эркакнинг жинсий алоқаси туманда ўтказилган "Тозалаш" тадбири давомида аниқланган.

"Миришкор туман ИИБда ўтказилаётган "Тозалаш" тадбирида профилактика инспекторлари томонидан фоҳишалик билан шуғулланган аёл ушланди. Миришкор тумани Помуқ қишлоғида яшовчи 1981-йили туғилган фуқаро Ш.З. шу қишлоқда яшовчи фуқаро А.С. билан 20 минг сўм пул эвазига жинсий алоқада бўлаётганлиги аниқланди", - деб ёзади дарё.уз.

Хабардан англашилича, Ички ишлар ходимлари 20 минг сўмга танасини сотган аёлга нисбатан маъмурий иш очиб уни туман судига юборган.

Аёлни ёллаган эркакка қандай чора кўрилгани борасида ҳеч қандай хабар берилмаган.

Ижтимоий тармоқларда ушбу хабар остига изоҳ қолдирганлар аёлнинг 20 минг сўмга танасини сотишга мажбур бўлаётганига эътибор қаратишган.

Фоҳишаларни қўлга олиш ва бу иш билан шуғулланадиган жойларни фош қилиш сўнгги вақтда Тошкент шаҳрида авж олган.

Хабарларда фоҳишага борганлар учун қандай қора кўрилгани борасида ҳеч нарса айтилмаган.

Айрим ривожланган давлатларда ва қўшни Қозоғистонда ҳам фоҳишалик билан шуғулланиш легаллаштирилган.

Қозоғистонда фоҳишаларга қарши жазо йўқ, бироқ қўшмачилар жазога тортилади.

Кузатувчилар эътиборини аёлларни ҳимоя қилиш йўлида Швеция томонидан 1999 йили қабул қилинган қонун тортган.

Бу ўзгаришга Швеция фоҳишалар борасида тасаввурни "оёғини осмондан келтирди", дея таъриф берилади.

Қонунга кўра, Швецияда 1999 йилдан эътиборан танани сотиш қонуний қолди, бироқ уни сотиб олиш жиноятга тенглаштирилди.

Яъни фоҳишалар танасини сотиши мумкин, бироқ ундан фойдаланмоқчи бўлиб пул тўлайдиган эркаклар жавобгарликка тортилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ