Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўтгани айтилган туманда қонли ҳужум

Сарипул Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва дастлабки етакчиси ўғлининг келиб, жойлашиб олганига оид расмий хабарлардан саноқли ойлар ўтиб, Афғонистоннинг шимолий Сарипул вилояти Сайёд тумани жангариларнинг қонли ҳужумларига саҳна бўлган.

Ҳаракат бундан икки йил бурун расман тўлиғича байъат келтирган ИШИД жангари гуруҳи Толибон билан бирга туманнинг Мирзаваланг минтақасидаги бир қишлоқда "камида 50 нафар тинч фуқарони шафқатсизларча қириб ташлаган".

Ҳамкорликдаги сўнгги қонли ҳужум бу икки жангари гуруҳ ўртасида айнан Афғонистон шимолида кескин зиддиятлар кузатилаётгани, охирги ойларда икковлон бир-бирларига қарши шиддатли жангларга киришишганига оид хабарлар манзарасида кузатилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, бу икки жангари гуруҳ шу пайтгача Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида бир ҳужумда бунча катта сондаги оддий инсонларнинг умрларига зомин бўлмаган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати парчаландими?

Афғонистон: 'Битта ҳам ИШИД жангарисини қолдирмаймиз'

Хорижий жангарилар

Сарипул вилояти масъулларига кўра, ҳужумчилар орасида хорижий жангарилар ҳам бўлган. Аммо улар бу жангариларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларини очиқлашмаган.

Сарипул эса, катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этган ўтган уч йил ичида мамлакатнинг айнан Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари фаоллашган иккита шимолий вилоятидан биттаси сифатида кўрилади.

Жангарилар томонидан Сайёдда "шафқатсизларча қириб ташланган"и айтилаётган бу одамлар орасида болалар ва аёлларнинг ҳам борликлари хабар берилган.

Устига устак, улар қурбонларининг аксарияти шиа мусулмонлари бўлишган.

Бу қишлоққа ҳужум қилган ҳар икки жангари гуруҳ ҳам сунний мусулмонларига мансуб.

Аммо ҳам Яқин Шарқ ва ҳам Афғонистон уруш тажрибаси таҳлил қилинганда, шиа мусулмонларини асосан ИШИД жангари гуруҳи ҳужумга тутиб келган.

Бу ҳар икки минтақада ўтган яқин йиллар ичида шиа мусулмонларига қарши уюштирилган энг қонли ҳужумларга масъулиятни айни шу гуруҳ ўз зиммасига олиб келган.

Сарипулнинг Сайёд туманидаги сўнгги қонли ҳужум манзарасида эса, Афғонистон Толибон ҳаракати раддия билан чиққан.

Ўзларининг бирор бир тинч фуқаронинг умрига зомин бўлмаганликларини иддао қилган.

Аммо, минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, "ўнлаб шиа мусулмонлари шафқатсизларча ўлдирилиши" ортидан, Мирзавалангда 100 дан ортиқ одам толиблар қуршовида қолишган. Уларнинг орасида ҳам аёллар ва болаларнинг борликлари айтилмоқда.

Хабарларга кўра, ораларида келиб чиққан кутилмаган ихтилоф ортидан, ИШИД жангарилари мазкур ҳудудни тарк этишган.

Афғонистонлик масъуллар эса, Толибон қамалидагиларни озод қилиш учун тез орада йирик ҳарбий амалиёт олиб боришларини билдиришган.

Тоҳир Йўлдошнинг ўғли

Марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг Афғонистон шимолида эканига оид хабарлар турли матбуот нашрларида шу йил бошида пайдо бўлган.

Хабарларда унинг ИШИД гуруҳи номи остида айнан Сарипул вилоятининг Сайёд туманига келиб жойлашиб олгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг бошлаётгани ҳақида айтилган.

Сарипуллик масъуллар, ўз таъбирларида, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этишган.

Бунинг ортидан, марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг Туркманистонга бевосита чегарадош Жаузжон вилоятининг сўнгги ойларда энг беқарор Дарзоб туманига ўтганига оид хабарлар ҳам олинган.

Сарипул вилоят ҳокими матбуот воизи Забиуллоҳ Омоний Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, "Бу жангарилар минтақада ИШИД гуруҳи фаолиятини кенгайтиришга уриниб, маҳаллий аҳоли орасидан ўзларига янги аъзолар ёллашга ҳаракат қилишаётгани, ўзларининг бундан ташвишда" эканликларини билдирганди.

Бундан аввал Афғонистон Толибон ҳаракати сафларида жанг қилган бу жангариларнинг ҳозирга келиб, ИШИД гуруҳи байроғи остида жанг қилишаётганини маълум қилганди.

Худди шу манзарада Сарипулга қўшни ва Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилояти масъуллари ҳам чекка минтақаларда ИШИД гуруҳи фаолияти кучайиб бораётганидан ўз хавотирларини изҳор этишган.

Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурий Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, "ИШИД гуруҳи аъзолари вилоятнинг чегара туманларида, ҳатто, маҳаллий аҳоли устидан маҳкама ўтказишгача боришаётгани, масжидлардан бирини ўз зиндонларига ҳам айлантиришга улгуришгани"ни айтганди.

Худди шу манзарада ҳар икки вилоят масъуллари марказий ҳукуматдан мавжуд вазиятга жадаллик билан эътибор қаратиш, ИШИД гуруҳи фаолиятининг олдини олиш ва уларни йўқ қилишни ҳам сўрашган.

Улар, акс-ҳолда, Афғонистоннинг шимолий минтақалари Толибон ўрнига ИШИД гуруҳининг фаолияти кенгайиши мумкинлиги билан огоҳлантиришганди.

Аммо ҳар икки вилоят масъуллари ҳам марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг ИШИД сафларида қандай мақомда экани, жангариларининг сони ва уларнинг айнан қай бир давлат фуқароларидан иборат эканликлари дохил унга оид бирор бир шахсий маълумотни очиқлашмаганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2015 йилнинг сентябр ойида расман баёнот билан чиқиб, ўзларининг Покистондан тўлиғича Афғонистонга қайтишганини маълум қилган.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг аввалига Афғонистоннинг Покистонга бевосита чегарадош жанубий, жанубий-шарқий ва шарқий минтақаларида қайта фаоллашишгани кузатилган. Қисқа ватқнинг ўзида қадамлари мамлакат шимоли ва шимоли-шарқига етгани ҳам аён бўлган.

Аммо, орадан унча ўтмай, Афғонистондаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида эътироф этилувчи Толибон билан ораларида шиддатли жанглар кечганига оид хабарлар олинган.

Зобул ва Ғазнада кечган бу жангларда Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларининг жиддий шикаст кўрганлиги ҳам айтилган. Ўша жанглар ортидан, ҳаракат раҳбари Усмон Ғозийнинг тақдири ҳам ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Сўнгги ойларга келиб эса, афғон масъуллари аксариятини Марказий Осиё фуқароларига нисбат бераётган ИШИД жангариларининг, кутилмаганда, Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош икки шимолий вилояти: Сарипул ва Жаузжонда фаоллашиб боришаётгани кузатилган.

Жангарилар

Афғонистонлик масъуллар ўтган йил ўрталарида биргина Зобул ва Ғазнийдаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бўлган аксарияти марказий осиёлик жангарилар оилалар сонининг ўзи олти юзлар атрофида эканини тахмин этишганди.

Масъулларга кўра, бу жангариларнинг аёллари ҳам жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллашган, бундан ташқари, улар турли портловчи моддалар ясаш, жосуслик маълумотлари йиғиш ва маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиш билан ҳам шуғулланишади.

Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида ўтган йил ёзидан буён олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ва икки гуруҳ аъзолари орасида кечган шиддатли жанглар ортидан, ҳаракат аъзоларининг бугунги сони маълум эмас.

Аммо афғонистонлик масъулларнинг сўнгги ойлардаги чиқишларидан улар жангариларининг сони юзлаб экани англашилади.

Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларида ИШИД гуруҳининг фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар мамлакат биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг шу хусусдаги жиддий огоҳлантиришидан бор-йўғи саноқли ойлар ўтиб ўртага чиққан.

Жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларга шахсан бошчилик қилиш учун Афғонистон шимолида экан, генерал Дўстум ўтган йил охирида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзлаб, минтақага ўн мингга яқин жангарисини сиздириш ниятида эканини айтганди.

Аммо, энг сўнггида таъкидлаш жоиз, ИШИД жангари гуруҳи мамлакат биринчи вице-президентининг бу баёноти дохил, Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги афғон масъуллари ўзларига нисбат бераётган бирор бир қотилликка расман ва ошкора муносабат билдиришмаган.

Шу жумладан, Сарипулнинг Сайёд туманида амалга оширилган сўнгги қонли ҳужум борасида ҳам гуруҳ, ҳозирча, жим.

Лекин бир ҳужумнинг ўзида аксарияти шиа мусулмонларидан иборат ўнлаб кишининг қириб ташланиши ИШИД гуруҳининг Яқин Шарқда деярли таназзулга учраб бўлгани, исломий халифати барҳам топгани ва лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлдирилганига оид баёнот, хабар ҳамда иддаолар манзарасида кузатилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02