Али Ферузнинг Ўзбекистонга қайтарилиши вақтинча тўхтатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Vlad Dokshin/Novaya Gazeta
Image caption Нурматов полиция томонидан қийноққа солинганини даъво қилган.

Москва шаҳар суди Басманный тумани судининг ўзбекистонлик журналист Худоберди Нурматовни Ўзбекистонга қайтариш борасидаги қарорини вақтинчалик тўхтатди. Бунга Европа инсон ҳуқуқлари судининг талаби сабаб бўлди.

Худоберди Нурматов Москвада чоп этилувчи "Новая газета"да Али Феруз тахаллуси билан ишлаб келади.

"Новая газета" ўз сайтида ёзишича, Европа суди жойлашган Страсбургда Нурматов иши устивор масала дея кўрилмоқда. Европа суди Москвадан унинг иши тўла кўриб чиқилмагунча, Ўзбекистонга депортация этилмаслигини сўраган.

Европа инсон ҳуқуқлари суди ўз ҳукмини чиқармагунча, Нурматов Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги хорижий фуқаролар вақтинча сақланадиган махсус ҳибсхонасида ушлаб турилади.

"Новая газета" бош муҳаррири Дмитрий Муратов Нурматовни ҳибсхонада бориб кўрган. Унинг хабар қилишича, Нурматов "шароитлар яхши" эканини айтган.

Аммо, таҳририят Нурматовнинг ҳибсда дўппослангани ва қийноққа солингани борасидаги даъволари эътиборсиз қолмаслигини айтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Viktoriya Odissonova/Novaya Gazeta
Image caption Судда Нурматовнинг кекса онаси ҳам кўрсатма берди.

Судда Нурматовнинг онаси Зоя Нурматова ҳам чиқиш қилди.

Унинг айтишича, унинг 10 фарзанди бўлган, аммо фақат 5 нафари омон қолган. Унинг айтишича, Худоберди унинг энг кенжаси.

Онанинг билдиришича, Худобердидан бошқа барча фарзандлари Россия фуқаролигига эга.

"Новая газета" журналисти Ўзбекистонга экстрадиция қилинади

"Москвадаги ўзбек журналистига таъқиб тўхтатилсин!"

Худоберди Нурматов СССР даврида Россияда туғилган, аммо ўсмирлигида отаси билан яшаш учун Ўзбекистонга кетган ва Ўзбекистон паспортини олган.

Нима учун Ўзбекистонга қайтишдан қўрқаётгани сўралганда, у у ерда уни "секин ва оғриқли ўлим" кутаётганини айтди.

"Мен уч йилдан кўп вақтдан бери бошпана сўровчи мақомига эгаман. Бу вақт мобайнида ИИВ томонидан менга даъво бўлмади. Даъволар бу йил мартида мен Ўзбекистондаги сайловлар ҳақида мақола ёзганимдан кейин бошланди. Мен буни ўз журналистик фаолиятимга боғлиқ деб биламан", - деди Нурматов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02