Тошкентда Польша гўшти сотилмоқда

Тошкентда гўшт савдоси Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK

Тошкент шаҳридаги 12 деҳқон бозорида ва "Корзинка" супермаркети дўконларида килоси 21000 сўмдан Польшадан келтирилган музлатилган гўшт савдога чиқарилди, дея хабар тарқатган Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган UzNews.uz веб-сайти.

Хабар қилинишича, "аҳолини ҳамёнбоп, арзон ва сифатли гўшт билан таъминлаш мақсадида Польшадан катта миқдорда музлатилган гўшт олиб келинди".

Музлатилган мол гўшти Тошкент шаҳрининг барча бозорларидаги "Элга хизмат" дўконларига, "Корзинка" супермаркетининг "Авиатор", ТТЗ, Чилонзор, Юнусобод ва бошқа филиалларига 1,5 ва 2,5 килодан қадоқлаб сотиш учун тарқатилган.

Музлатилган гўшт ҳукумат томонидан белгиланган имтиёзли арзонлаштирилган нархда 21000 сўмдан сотилмоқда, деб хабар қилади UzNews.uz.

Шу кеча-кундузда Тошкент шаҳрида мол гўшти суяги билан 32000-35000 сўмдан, лахм гўштнинг бир килоси 40000-45000 сўмдан сотилмоқда.

Шу йил қиш-баҳор ойларида Ўзбекистон бозорларида картошка қимматлашди, ушбу муаммога Президент Шавкат Мирзиёев бир неча марта эътибор қаратди.

Ички бозордаги талабни қондириш мақсадида четдан картошка импортини ташкил қилишга тўғри келди.

Охирги ойларда гўшт қимматлашгани кузатилди.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов гўшт нархини 29 минг сўмдан оширмаслик ҳақида кўрсатма берди.

Би-би-сига айтаман: Тошкент бозорлари олибсотарлар қўлида

Ўзбекистонда ва хорижда 2000-йиллардан 2015 йилгача Uznews мустақил ахборот веб-сайти фаолият юритган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Бу мавзуда батафсилроқ