Тошкент: ‘Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир’

Ўзбек жангарилари Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Аён бўлишича, Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг яқинда Тошкентга қилган сафари чоғида янграган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила "хавотир билдирган" гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишган.

Ҳаракат қарийб йигирма йилдирки, Ўзбекистон ташқарисида - Афғонистон ва Покистонда худди шу ном остида фаолият юритиб келади.

Ўтган ой охирида Тошкентда бўлиб ўтган айни музокаралар Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятларида ИШИД байроғи остида қайта фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилган.

Шу йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва биринчи лидери марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг дастлаб шимолий Сарипул вилояти, орадан қисқа вақт ўтмай, унга ва Туркманистонга бевосита қўшни Жаузжон вилоятига ўтганига оид хабарлар олинган.

Унинг маҳаллий ёшлар орасидан ўзига янги аъзолар ёллаётгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг олиб боришга ҳозирлик кўраётганидан жиддий хавотирлар янграган.

Ҳар икки вилоят масъуллар томонидан мавжуд воқеъликка жиддий эътибор қаратишга оид даъватлар янграган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати парчаландими?

'Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қўрқув уйғотмоқчи'

Ҳужумлар ва жанглар

Бу хабарлардан бор-йўғи бир неча ой ўтиб, ИШИД жангариларининг аввал Жаузжонда, шу кунларда эса, Сарипулда қарши ҳужумга ўтганликлари кузатилган.

Орада Жаузжоннинг айрим туманларида ИШИД жангариларига қарши курашиш ва ўзларини ҳимоя қилиш учун, ҳатто, айрим хотин-қизларнинг қўлларига қурол олишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Агар, минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга таянилса, ИШИД Толибон билан ҳамкорликда марҳум Тоҳир Йўлдош ўғли дастлаб ўтгани айтилган Сарипул вилоятининг Сайёд туманида ҳам болалар ва аёллар дохил аксарияти шиа мусулмонлари бўлган ўнлаб одамларни "шафқатсизларча қириб ташлаган".

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Минтақа катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этиши ортидан кечган ўтган уч йил ичида Афғонистон Толибон ҳаракати баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланиб келади.

Толибон Исломий Амирлиги қулатилган 2001 йилдан буён якка ўзи ва ИШИД билан ҳамкорликда амалга оширишга муваффақ бўлган энг йирик, мувофиқлаштирилган ва қонли ҳужумлари ҳам айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқига тўғри келади.

Ҳаракат куни-кеча Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош яна бир шимолий вилояти - Фарёбда ҳам кенг кўламли ҳужумлар уюштирган, Кўҳистонот туманини босиб олган, яна уч туманида вазиятни жиддий издан чиқаришга уриниб кўрганди.

Буларнинг барчаси, устига устак, Афғонистон биринчи вице-президенти, таниқли Ўзбек генерали Абдулрашид Дўстум айни шу минтақада олиб борган кетма-кет йирик ҳарбий амалиётлар ортидан кузатилган.

Тошкентдаги музокаралар

Хабарларга кўра, Тошкентда экан, Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси ўзбекистонлик масъулларни бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб, Ўзбекистон халқига зиён етказишларига изн бермасликларига ишонтирган.

Муҳаммад Ханиф Атмар ҳукумати Ўзбекистоннинг душманларини ўз душманлари, деб билиши, худди шу боис ҳам, уларга қарши чора кўришдан тап тортиб ўтирмаслигини таъкидлаган.

Бу ҳақда Ўзбекистонга сафари ортидан, Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши эълон қилган расмий баёнот тафсилотларидан маълум бўлган.

Айни шу баёнот тафсилотларидан аён бўлишича, музокарачи томонлар Тошкентда ўзаро давлат чегарасини янада мустаҳкамлаш чоралари хусусида ҳам сўз юритишган.

Ҳамкорликда чегара ҳудудларида террорчилик фаолиятлари, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва уюшган жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган битим лойиҳасини ишлаб чиқишга ҳам келишиб олишган.

Бундан ташқари, террорчиликка қарши курашда қўшма стратегия яратиш хусусида ҳам бир тўхтамга келишган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазири муовини ҳам Афғонистондаги террорчилик фаолиятларидан яхши бохабар эканликлари ва унга қарши курашда қўшниларини ташлаб қўймасликларини айтган.

Ҳар томонлама ҳамкорлик

Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида бошқариб келган марҳум президенти Ислом Каримов даврида расмий Тошкент ўзининг бу жанубий қўшнисига энг аввало хавфсизлик призмасидан қараб келган.

Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистонга нисбатан, йилларки, ўзгаришсиз қолаётган бу каби қатъий мавқеи ўтган йил охирида, президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан ўзгаришларга юз тутган.

Ҳали Ўзбекистон муваққат президенти экан, Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрь ойида Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истагида эканликларини баён қилган.

Орадан бор-йўғи бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва унинг афғонистонлик ҳамкасби Салоҳиддин Раббоний Тошкентда икки давлат ўртасида экстрадиция тўғрисидаги илк битимни имзолашган. Аммо янги битим тафсилотлари ошкор этилмаганди.

Бунинг ортидан қарийб чорак аср деганда, илк бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Кобулга сафар қилган, янги президенти эса, мустақил Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Афғонистон бўйича махсус вакилини тайин этган.

Аммо барча бу хабарлар манзарасида ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати номи бирор бир шаклда тилга олинган-олинмагани нуқтаси қоронғулигича қолганди.

Экстрадиция

Ўзбекистон 2005 йилда Афғонистонга бевосита қўшни ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати Толибон, "ал-Қоида" тармоғи жангарилари билан бирга 2001 йилги АҚШ бошчилигидаги ҳарбий амалиётлар ортидан яқин-яқингача жон сақлаб келган Покистон билан экстрадиция тўғрисидаги битимни имзолаган.

Бунинг ортидан олинган хабарларда мазкур битимнинг 2006 йил майидан бошлаб кучга киргани, унинг доирасида Покистон ўнлаб террор гумондорларини Ўзбекистонга топширгани айтилган.

Ҳозирга қадар Афғонистон билан экстрадиция битими нега имзоланмагани сабаблари маълум эмас.

Ҳарбий манбаларда Толибон бошқаруви даврида юзлаб ўзбекистонликлар Афғонистонда паноҳ топгани, уларнинг кўпчилиги афғон ватандошлигига эга бўлгани тахмин этилади.

Ўзбекистон эса, Афғонистондаги фуқароларини асосан исломий жангарилар сифатида кўриб келган.

Афғонистондаги жангу жадаллар орасида қолиб кетган юзлаб ўзбек оилалари АҚШ бошчилигидаги 2001 йилги ҳарбий амалиётлар сабаб, қўшни Покистон ва Эронга қочиб ўтишаркан, улардан айримлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан расман қочқинлик мақомини ҳам олишган.

Европа Инсон Ҳақлари маҳкамаси эса, орада Эрондан Туркияга қочиб ўтишга уринган ўзбек қочқинларини ортга қайтарган Туркиядан камида бир ўзбек муҳожирининг оиласига товон пули ундирган.

Ўтган йиллар давомида халқаро иттифоқ қўшинлари ва афғон ҳарбийлари Афғонистоннинг айнан қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида Ўзбекистон Исломий ҳаракати юқори мартабали қўмондонларидан бир қанчасини қўлга олганликларини бир эмас, бир неча бор айтиб чиқишган.

Аммо уларнинг кейинги тақдирлари нима бўлгани тафсилотлари маълум эмас.

Бундан бир неча йил бурун Фарёб вилоятида ҳам ўзбекистонлик "уч исёнчи аёл" ушланганига оид хабарлар олинган, аммо, афғон ҳукумати, алал-оқибат уларни яна толибларга қайтаришга мажбур бўлгани ҳам айтилганди.

Ҳозир биргина Сарипул ва Фарёб вилоятининг толиблар назорати ёки ҳозирлиги остидаги энг беқарор туманларидан бошпана топган ўзбекистонлик жангарилар оилаларининг сони ўнлаб экани айтилади.

Маҳаллий масъулларга кўра, улар шароитга қараб, аёллари билан бирга бир Толибон ва бир ИШИД сафларида жанг қилишади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Ҳаракат минтақадаги энг яқин иттифоқчиси - Афғонистон Толибон ҳаракатидан юз ўгириб, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман байъат келтирган 2015 йилда ўзининг Афғонистонга тўлиғича қайтганини расман маълум қилган.

Аммо, орадан қисқа вақт ўтмай, Афғонистоннинг жанубий Зобул ва шарқий Ғазна вилоятларида толиблар билан қақшатқич жангларга киришган.

Бу жанглар ортидан ҳаракатнинг қанча сондаги жангариси омон қолгани ва лидери Усмон Ғозийга нима бўлганига оид аниқ маълумотлар имконли эмас.

Орада кечган вақт давомида ҳаракатнинг ўзи ҳам лидерининг тақдири борасида бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Усмон Ғозийнинг ўзи ҳам бирор бир аудио ёки видеомурожаатини эълон қилмаган.

Ўтган йил июнь ойида Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафлари парчалангани, унинг сафларидан ўзини яна худди шу ном билан атовчи ИШИД дан мустақил алоҳида бир гуруҳ ажралиб чиққанига оид хабарлар олинган.

Аммо орадан йил ўтиб ҳам, бу икки гуруҳга ким раҳбарлик қилаётгани, уларнинг бугунги қудрати ва жангариларининг сони борасида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

"Аммо бир нарса аниқки, бу гуруҳ афғон ҳукуматига қарши курашиб келган. Асосий мақсади сифатида эса, барибир, Марказий Осиё давлатларида жанг олиб боришни кўзлаган. Худди шу боис ҳам, Ўзбекистон ва Афғонистон томони ҳаракат ва бошқа жангари гуруҳлар ҳам ўзлари, ҳам бутун минтақа тинчлиги ва барқарорлигига солаётган умумий таҳдид масаласини муҳокама этишган", - дейди Би-би-си Афғон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамий.

Покистоннинг Афғонистонга бевосита чегарадош қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келган йилларда Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари сонининг 3 мингга яқин экани тахмин қилинган.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Покистон Қуролли Кучлари томонидан Вазиристонда йўлга қўйилган 2014 йилги ҳарбий амалиётлар, АҚШ ҳарбийлари томонидан уюштирилган дрон ҳужумлари, толиблар билан кечган шиддатли жанглар ва айримларининг жанг қилиш учун Яқин Шарққа кетишгани назарда тутилса, бугун Афғонистондаги ҳаракат аъзоларининг сонини бир неча юз, деб тахмин этиш мумкин.

Ҳаракат қисқа вақтнинг ичида юз тутган йўқотишлар ва тўқнаш келган мушкулотлар боис, анчайин пароканда, шу боис, янги раҳбарияти борасида ҳам муфассал маълумотлар ҳозирча имконли эмас, дейди у.

Тоҳир Йўлдошнинг ўғли

Довуд Аъзамийнинг айтишича, ҳозир айнан марҳум Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўзининг етакчилиги остида ҳаракатни қайта бирлаштириш, бошқаларни ҳам ўзларига қўшилишга ундаш истагида эканига оид хабарлар чиқмоқда.

Унга кўра, ҳозир ҳаракат, таъбир жоиз, ўтиш даврида ва худди шу боис ҳам, шароитга қараб иш тутиш, ўзларига қанчалик хавф туғдириши-туғдирмаслигига қараб, ҳали у, ҳали бу жангари гуруҳ сафига ўтиб жанг қилиш йўлини тутишмоқда.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, худди шу нарса ҳозир Ўзбекистон Исломий ҳаракати тўқнаш келиб турган асосий мушкулотлардан ҳам бири бўлади.

Афғонистон миллий бирдамлик ҳукуматининг расман баён қилишича, жорий пайтда афғон тупроғида 20 та жангари гуруҳ жанг олиб боради.

Улардан аксарияти эса, халқаро ва минтақавий алоқаларга эга, деб кўрилади.

Расмий Кобул Ўзбекистон Исломий ҳаракатини ҳам худди ана шу гуруҳлардан бири сифатида кўради.

Би-би-си Афғон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийнинг айтишича, худди шу боис ҳам афғон ҳукумати бу каби жангарилик муаммосига қарши ёлғиз ўзи кураш олиб бора олмайди.

"Чунки бу аллақачон минтақавий, глобал муаммога айланиб бўлган. Шу боис ҳам, афғон ҳукумати бу масалада минтақа ва халқаро давлатларнинг кўмаги, қўллови ва ҳамкорлиги лозим, деган ўйда, ишончда".

Бу каби давлатлар эса, жангарилар оқими, қурол-яроғ, исёнчилар учун молия манбаси бўлиб келаётган гиёҳванд моддалар контрабандасининг олдини олиш, жосуслик маълумотларини айирбошлаш каби турли йўллар орқали Афғонистонга ёрдам беришлари мумкин, дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02