Олий суд Мавлон Умрзоқовни оқлаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи dunyouzbeklari.com
Image caption Чапдан ўнгга "Дунё ўзбеклари" Бош муҳаррири Исмат Хушев, Мавлон Умрзоқов, шоир ва журналист Карим Баҳриев.

Ўзбекистон Олий суди ҳайъати марҳум президент Ислом Каримовнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов аризасини кўриб чиққан ва тўла-тўкис оқлаш ҳақида қарор чиқарган.

Аризасида 67 ёшли Мавлон Умрзоқов ўзига нисбатан 23 йил олдин илгари сурилган айбловлар асоссиз бўлганини ёзган ва суд ҳукмини қайта кўриб чиқишни сўраган.

Таниқли шоира Ҳалима Худойбердиева-Би-би-си меҳмони

Мамадали Маҳмуд ва Муҳаммад Бекжон "назоратдагилар рўйхати"дан ўчирилган

Хайрулла Ҳамидов "қора рўйхат"дан чиқарилди

8-август куни Ўзбекистон Олий суди Мавлон Умрзоқовни "тўла-тўкис оқлаш ва моддий ва маънавий зарарни қоплаш" ҳақида қарор чиқарган.

Мавлон Умрзоқов 1994-йилгача президент Ислом Каримовнинг кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.

У давлат маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилиб, Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланган, бироқ орадан икки ой ўтиб ҳибсга олинган.

1994 йил охирларида бўлиб ўтган маҳкама Мавлон Умрзоқовни қатор жиноий бандлар, хусусан, порахўрликда айбдор деб топган ва 6 йиллик озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарган.

Мавлон Умрзоқов билан бирга унинг рафиқаси Ҳалима Худойбердиева ҳам Хотин-қизлар қўмитаси раислиги ва бошқа лавозимларидан маҳрум этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи "O'zbekiston" telekanali
Image caption 23 йил мобайнида Мавлон Умрзоқовга ҳам, рафиқаси Ҳалима Худойбредиевага ҳам ишлашларига рухсат берилмаган, шоира Ҳалима Худойбердиеванинг китоблари нашр этилмаган.

Икки йиллик қамоқдан кейин Мавлон Умрзоқов озодликка чиқарилган.

Аммо унинг ўзига ҳам, рафиқаси Ҳалима Худойбредиевага ҳам, Умрзоқов ёрдамчилари бўлган инсонларга ҳам давлат ишларида ишлашларига рухсат берилмаган, 1994 йилдан буён шоира Ҳалима Худойбердиеванинг китоблари нашр этилмаган.

Ўз аризасида Мавлон Умрзоқов ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши сиёсий иш бўлганини айтган.

Президент Шавкат Мирзиёев 70 йиллик юбилейи муносабати билан Ҳалима Худойбедиевани "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотлади.

23 йил давомида давлат телевидение ва радиосида эфирга чиқариш тақиқланган Ҳалима Худойбердиева давлат телеканалларида кўрсатилди.

Ушбу ўзгаришлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг марҳум Каримов замонида ёмонотлиқ қилинган арбобларни оқлаш амаллари деб кўрилмоқда.

Марҳум президент Ислом Каримов ҳукуматида ишлаган Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Зокир Алматов, Самойдин Ҳусенов ва бошқа раҳбарлар турли жиноятларда айбланганлар ва уларга нисбатан турли чоралар кўрилган эди.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан кейин бу сиёсатчилар яна олиймақом тадбирларда кўрина бошлаганлар, айримлари давлат ишларига ҳам қайтганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ