Россияда ўзбекистонликлар қандай ўғирланади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/aliferuz
Image caption Али Ферузни депортация қилиш қарори вақтинча тўхтатилган.

Шу ой Россия суди Али Феруз тахаллуси остида "Новая газета" мухбири бўлган журналист Худоберди Нурматовни Ўзбекистонга депортация қилиш бўйича қарор чиқарди. Нурматов ўз ватанида уни қийноқлар ва ўлим кутаётганини айтади. Аввалроқ Россия унинг вақтинчалик сиёсий бошпана учун берган аризасини рад этганди.

Бу ҳафта суднинг қарори вақтинча тўхтатилди. Ҳозирда унинг ишини Европа Инсон ҳуқуқлари суди кўриб чиқмоқда.

Би-би-си бошпана изловчиларга ёрдам кўрсатувчи "Гражданское содействие" қўмитасининг раиси Светлана Ганнушкина билан суҳбатлашди.

Би-би-си: Ҳозирда Али Ферузни қўллаб-қувватлаш учун катта кампания бошланган. Европа инсон ҳуқуқлари суди унинг иши Страсбургда кўриб чиқилмагунча, уни депортация қилишни тақиқлайдиган "39-қоида"ни ишга солди. Бу қоида қанчалар тез-тез қўлланилади?

Светлана Ганнушкина: Марказий осиёлик қочқинлар Россияда деярли бошпана олмайдилар. Ўзбекистон қанақалигини биласиз. Бу тоталитар тизим, ва ҳар қандай зулмкор режим каби унга душманлар керак. У ердан чиқиб кетган кўп одамлар қидирувга берилади. Ўзбекистон, ва камроқ бўлса-да Тожикистон ҳам, Россияга экстрадиция талабларини юборадилар. Бизнинг халоскоримиз, албатта, Европ Инсон ҳуқуқлари суди. Ҳамма уни жуда секин ишлайдиган идора дейди. Тўғри, бир қарорни олиш учун 5-6 йил кетади. Лекин, "39-қоида" - биз сиғинадиган санам. Чунки, у ишга солинса, иш бир неча соат ичида кўриб чиқилиши мумкин. 2004 йилда у биринчи бор қўлланганида, мен шокка тушгандим. Тўсатдан факсдан қарор чиқиб келди. Шундан бери Европа судидан фаол фойдаланамиз ва у муайян ишлар тўла кўриб чиқилмагунча, одамларнинг ўз ватанига топширилишига тақиқ қўяди.

Би-би-си: Демак, уни хавфсизликнинг 100% кафолати дейиш мумкин?

Светлана Ганнушкина: Афсуски, йўқ. Суд қарор чиқарган тақдирда ҳам, 100% кафолат йўқ. Уч йил аввал Мирсобир Ҳамидқориев иши бизда эди. У Ўзбекистонда бизнес билаш шуғулланган, хусусан, коррупция ҳақидаги Каримовга қарши фильмга продюсерлик қилган. Уни қидирувга беришган ва Ўзбекистон унинг экстрадиция этилишини сўраган. Лекин, ҳакам виждонли бўлиб чиқди ва Мирсобирни қайтаришмади. Кейин биз унинг номидан бошпанага ариза топширдик, ва албаттаки, миграция хизматидан рад жавобини олдик ва судга мурожаат қилдик. Суд мисли кўрилмаган бир қарорни қабул қилди - у бошпана бермаслик борасидаги қарорни бекор қилди ва миграция хизматига Мирсобирга бошпана беришни буюрди. Афтидан, ҳакам бир нарсани яққол кўрган: Ўзбекистон Мирсобирни исломий экстремист дея талаб қилаётганди, лекин кўринишидан унинг ҳеч қандай экстремист эмас эканлиги кўриниб турганди. Ёш хотини ҳомиладор эди, ҳаво жуда иссиқ бўлгани учун, елкалари очиқ калта кўйлак кийиб юрганди. Уни фундаменталистнинг хотини дея тасаввур қилиб бўлмасди. Қисқаси, қарор чиқди. Унга бошпана бериш борасидаги қарор 10 кундан кейин кучга кириши керак эди, лекин 7 кундан кейин уни ўғирлаб кетишди. Аввалига эҳтиёткор эди, эшиги остида пойлаб юрган ўзбекларни айланиб, деразасидан чиқарди. Афсуски, у бир аҳмоқона хато қилган. Такси чақирган, машина келган. У бола кўтариб олган хотини ва бир дўсти билан машинага ўтирган. Ҳайдовчи эса унга "Дўстингни олмайман" деган. "Нега?" деса, "Сиз икки киши учун такси чақиртирдингиз", дея жавоб берган. Бизда таксида тўрт киши юриши нормал ҳолат. Улар атиги уч киши эдилар! Таксига қандай ўтирган, тушунмайман. Қаердадир тўхтаб, хотини боласи билан аптекага чиққанида, Мирсобир машина билан ғойиб бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Гражданское содействие
Image caption Мирсобир Ҳамидқориев Россияда бошпана олса-да, ғойиб бўлган.

Би-би-си: Унинг изи кейин топилдими?

Светлана Ганнушкина: Қанчадир вақт ўтиб уни Тошкентдаги тоштурмадан топганлар. Исломий экстремист деб айбланиб саккиз йилга қамалган. Уни кўриш учун Ўзбекистонга борган адвокатимизга Мирсобир уни Россиядан оддий рейс билан олиб чиқишганини айтган. Ҳа, майли, уни ўзбеклар ўғирлаган бўлсин. Лекин, ўйлаб кўринг, агар Американинг агентлари бизнинг кўчаларимизда шундай амал қилса, нима бўларди? Бегона ҳудуддаги бу қилмишлари учун йиллаб турмада ўтирган бўлардилар. Лекин, агар буни ўзбеклар, ёки тожиклар қилса, бу нормал қабул қилинади, чунки улар бир жосуслик хизматидаги собиқ ҳамкасблар. Бу даҳшат. Майли, ўзбеклар ушлаб олишган, лекин кейин уни чегарадан олиб ўтишган-ку. Чегарани ким ҳимоя қилади? ФСБ қаерга қараган? Бу қандай юз берган? Оддий: Ўзбекистон СНБ хизмати Россия махсус хизматларига пул тўлайди. Қанча, билмадим, лекин бу бир неча бор юз берди. Мирсобир ғойиб бўлган куни биз тунги соат 2гача аэропортларга, ФСБ ва миграция хизматларига факслар юборганмиз. Ҳа, ҳа, дейишган, лекин ҳеч нима ёрдам бермади. Кундек равшан - буни махсус хизматларимиз билган.

Би-би-си: Хорижий махсус хизматлари пул тўлашини қаердан биласиз?

Светлана Ганнушкина: Бир неча бор биз одамларни қутқариб қолишга муваффақ бўлдик ва улар буткул бир хил нарсани айтиб бердилар. Сафихонов деган киши бор эди. Уни Озарбайжонга топшираётганларида, хотини Татьяна полиция бўлимида ўтирган бўлган. Озарбайжоннинг махсус хизмати Боқуга телефон қилиб: "Эркакни олдик, лекин хотинини беришмаяпти... Қасам ичиб айтаман, ҳамма пулни бердим", деган. Айни шундай ҳикояни озарбайжонлик Али Гасанов ҳам айтиб берган. У махсус агентнинг ўз раҳбарияти билан телефон суҳбатига гувоҳ бўлган. Агент телефонда уялмасдан очиқ гапирган: "Гасановни беришмаяпти, унинг катта танишлари бор экан", деб.

Би-би-си: Умуман, Россияда қанча одам бошпана олган?

Светлана Ганнушкина: Россияда қочқин йўқ. Чунки бундай расмий мақомни олган атиги 598 одам Россиядек давлат учун ҳеч нима эмас. Бу "ҳеч нима"дан ҳам ёмон. Бу Москва ташқарисидаги Малаховка посёлкаси учун ҳам кам. Туркия билан солиштиринг - у ерда 2,9 миллион қочқин бор, кичик Ливан-чи, Иордания, Европа, у ерда миллионлаб. Бизда бошпана бериш тизими ишламаяпти. Фақат Украинадан қочган одамлар аввалига ҳам давлат, ҳам жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди. 2015 йил охирида Россияда вақтинчалик бошпанага эга 313 минг одам бор эди, лекин бу қочқин мақоми эмас. У фақат 1 йилга берилган, ҳали уни чўздириш керак.

Россия ўзбек қизчани онасига бермаяпти

Ўзбекистонлик бошпана изловчи Россиядан депортация этилган

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар