Ўзбекистонда "ҳалол" маркали маҳсулотларга рухсат берилади

гўшт Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ўзстандарт" агентлиги Ўзбекистонда "ҳалол" стандарти жорий этилишини маълум қилган. Ушбу агентлик 2011 йили маҳсулотларга "ҳалол" маркасини ёпиштиришга тақиқ қўйган эди.

Кун.уз сайтининг хабар беришича, "Ўзстандарт" агентлиги директор ўринбосари Жамшид Мирсаидов 11 август куни матбуот анжуманида "ҳалол" стандарти жорий қилиниши ҳақида гапирган.

"Ҳозирда биз Малайзия ва Туркиядан «ҳалол» стандартларини олиб келиб, ихтиёрий тарзда жорий қилинади. Айнан «ҳалол» стандартни киритиш бўйича махсус дастур ҳам ишлаб чиқилган. Насиб этса, жорий йилнинг учинчи чорагида мазкур стандартни йўлга қўйиш бўйича қарор қабул қилинади", дея Жамшид Мирсаидов сўзларидан иқтибос келтирган нашр.

"Ҳалол" стандартидан фойдаланиш истагида бўлган тадбиркорлар ҳамда ишлаб чиқарувчилар агентликка мурожаат қилиши сўралган.

Мирсаидов "ҳалол" стандартини жорий қилиш топшириғи ҳукумат томонидан билдирилганини айтган. Бу борада махсус қарор қабул қилиниши ва у экспорт салоҳиятининг ўсишига туртки бериши айтилган.

Матбуот анжуманида "ҳалол" маркали маҳсулотларнинг бўлиши чет элдан Ўзбекистонга келадиган мусулмон сайёҳларнинг маҳсулотларга бўлган ишончини ортишига сабаб бўлиши ҳам айтилган.

"Ўзстандарт" агентлиги томонидан Ўзбекистонда 2011 йили март ойида маҳсулотларга "ҳалол" маркасини ёпиштириш расман тўхтатилган эди.

Агентлик ушбу қарорни мамлакатда "ҳалол" стандарти ишлаб чиқилмагани ва бу бозорда қалбаки маҳсулотларнинг пайдо бўлишига олиб келиши билан изоҳлаган.

Ундан олдин ушбу тақиқлар оғзаки буйруқ асосида амалга ошириб келинган.

Аввалига шаҳарларда "ҳалол" маркаси остидаги тамаддихоналар пештоқларидан ушбу сўзни олиб ташлашга, айрим ўринларда уни "тақво" сўзига алмаштиришга мажбур бўлишган.

Кейинчалик бу каби тамаддихоналарда соҳибларининг ва мусулмон хўррандаларнинг эътиқодларига зид равишда алкогол маҳсулотларини сотиш мажбурий қилиб қўйилган.

2011 йили "ҳалол" маркасининг Ўзбекистонда расман тақиқланиши қозоғистонлик тадбиркорларга қўл келгани ёзилди.

Қозоғистон ҳалол индустрияси уюшмаси президенти Марат Сарсенбаев, Ўзбекистондаги тақиқ қозоғистонлик колбаса, макарон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига қўл келишини айтган.

"Ҳалол" маркаси остида савдо дунёда энг кўп фойда келтираётган соҳалардан бирига айланган. Ҳатто аксар аҳолиси мусулмон бўлмаган Бразилия ва Аргентина ҳам ушбу бозорга мослашиб "ҳалол" маркаси остида гўшт маҳсулотлари экспорти билан шуғулланади.

Ҳалол қўй гўшти экспорт қилиш бўйича Янги Зеландия дунёда биринчи ўринда туради.

Ҳалол маҳсулотлар сирасига Оллоҳнинг номини айтиб сўйилган мол, қўй ва паррандалар, ҳамда таркибида Исломда тақиқланган нарсалар қўшилмаган маҳсулотлар кириши айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ