Руфат Рисқиев: ‘Осмондан бир қоп олтин тушгандек бўлди...’

Руфат Рисқиев Фото муаллифлик ҳуқуқи fergana.ru

Ўзбекистонлик бокс афсонаси президент Шавкат Мирзиёевнинг совриндор спортчиларга оид пайшанба куни имзолаган янги қарорига худди ана шундай муносабат билдирди. Бунақаси эса, мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

"Ким хурсанд бўлмайди?!. Мана, ҳозир тепадан бир қоп олтин тушгандек бўлди. Бунга мен жуда хурсандман. Саломат бўлишсин. Омад ёр бўлсин", - дейди Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Руфат Рисқиев.

Президент Мирзиёевнинг янги қарори эса, "нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш"ни кўзда тутади.

Бундан ташқари, бу қарор "спортчилар ва улар тренерларини рағбатлантириш"ни ҳам ўз ичига олади.

Номдор суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон раҳбарининг сўнгги қарори мамлакатда спортнинг янада кўтарилишига хизмат қилади.

Суҳбатимизни назардан қочирманг

Бокс афсонаси Руфат Рисқиев: 'Пенсияни кўпроқ қилишсин...'

Машҳур боксчи Руфат Рисқиев оёғи ампутация қилинди

"Яхши натижаларга эришамиз. Спортчилар кўтарилади. Стимул, деган нарса - катта нарса. 100 мингтаси спорт билан шуғулланса, ўшандан мингтаси катта натижага эришади. Мингта спортчи Ўзбекистонимиз учун жуда катта нарса", - дейди у киши.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги қарорига мувофиқ, Олимпия ва Паралимпия Ўйинлари, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга умри давомида ойлик тўловлар бериб борилади. Улардан даромад солиғи ҳам олинмайди.

Бундан ташқари, бу каби спортчиларни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини бошқаришга фаол кўмаклашиш, жамоат ва спорт ишларига босқичма-босқич жалб этиши режаси борлиги айтилади.

Шунингдек, хусусий спорт муассасаларини барпо этиб, ўзларининг маҳорат мактаблари фаолиятини кенг йўлга қўйишлари учун яратилажак имкониятлар ҳам тилга олинади.

Қарор тафсилотларидан маълум бўлишича, бунинг уларга "ноль" қийматида бинолар бериш, ер ҳамда банклардан кредитлар ажратиш, бошқа имтиёзлар бериш юзасидан зарурий чоралар кўрилади.

"Қоғозбоғлик билан шуғулланишим учун энди вақт ўтган. Буни хоҳламайман. Мен маслаҳат беришим мумкин. Болаларга бокснинг техник, тактик жиҳатларини кўрсатишим мумкин. Улар мен билан бир-икки кун гаплашишса, осмонга учиб кетишади. Мана, Руслан Чагаевга ҳам мен икки ҳафта ўргатганман, жаҳон чемпиони бўлиб кетган", - дейди Руфат ака Рисқиев қарор тафсилотларига муносабат билдираркан.

"Мен ким, қанақа, нимага қодирлигини биламан, кўраман. Ёшим 15 да эмас. Чунки бутун ҳаётим ана шу бокснинг ичида ўтган. Мақтаниш эмас, Ўзбекистонда боксни менчалик яхши биладиган одам йўқ".

Ташриф

Ўтган ой Виртуал қабулхона раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокимияти ходимлари ва бошқа масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ донгдор боксчи суҳбатдошимизнинг ҳол-аҳволи билан ҳам қизиқишгани маълум бўлган.

Айтилишича, ана шу ташрифлари чоғида ишчи гуруҳ ўтган йил бир оёғи ампутация қилинган боксига "қандай ёрдам кўрсатиш мумкинлигини аниқлаган".

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу хабарлар манзарасида Тошкентдан Руфат Рисқиевнинг ўзи билан боғланиб, айни ташриф тафсилотлари билан қизиққан.

"Президентимиз уларга айтган экан. Ҳаммаси келди, полковник, прокурор келди, нималар келди...Олма олиб келишди, кейин яна майда-чуйда...Бўлди, энди, ҳаммаси бўлади, деб нима қилишди-да, подъездларимиз олдида мени расмга туширишди. Шу билан кетишди", - деганди ўшанда суҳбатдошимиз.

Ишчи гуруҳининг кутилмаган бу ташрифидан қанчалик мамнун бўлганига оид саволимизга эса, Руфат Рисқиев, "Олма емагандим, мана, олма еяпман, Худога шукр", - дея жавоб берганди.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи 75 кг вазн тоифасида 1974 йилги жаҳон чемпиони.

1976 йилги Монреал Олимпиада Ўйинлари кумуш медали совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби.

Руфат ака, бундан ташқари, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони ҳам бўлади.

У киши ҳаваскор рингда ўзининг маҳорати билан "Тошкент йўлбарси" лақабини қозонган боксчидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар