Наманган ҳокими: "Ўқитувчи ва шифокорлар ободонлаштириш ишларига жалб қилинмайди"

ўқитувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Qo'rqmaslar
Image caption Жиззах далаларидаги ўқитувчилар

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ўқитувчи ва шифокорларнинг ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётганини тан олган. Ҳоким бунинг натижасида оналар ва гўдаклар ўлими ошганини айтган. У бундай ишларга энди чек қўйилишини маълум қилган.

Ўзбекистон Халқ демокракти партияси (ХДП) сайтининг маълум чилишича, Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сайёр мажлиси Наманган вилоятида бўлган.

Унда фуқаро Соҳибжон Бобожоновнинг ўқитувчиларнинг ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани ва ишдан ажралиб қолишдан қўрқув сабаб бу нарсага улар қаршилик билдира олмаётгани ҳақидаги саволи ўқиб эшиттирилган.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу муаммони тан олган.

"Бу бор ҳақиқат, буни яшириб бўлмайди. Уларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ ҳўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Ўқитувчини ўзини ишини қилдирмадик, фермерга боғладик. Врачларимизга ўз ишини қилдирмадик, ҚВП (Қишлоқ врачлик пункти) да ўз ишлари қолиб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлишди", дея ҳокимнинг сўзларидан иқтибос келтирган ХДП сайти.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистон давлат телевидениеси мажбурий меҳнат муаммосига эътибор қаратди.

Оналар ва гўдаклар ўлмоқда...

Ҳоким бунинг натижасида оналар ва болалар ўлими сони ошганини ва бу ҳолатга энди чеклов қўйилганини билдирган.

"Натижада нима бўлди, натижада бугун оналар ўлими ошди, гўдаклар ўлими ошди, лекин хеч ким ҚВП га ёрдам бергани йўқ. Қачонки энди биз кўзимизни очиб кўрсакки, қанақадир оғир аҳволда. Шунинг учун қатъий чекланган ҳозир, ўқитувчиларимизни, умуман бюджет ходимларини жалб қилиш. Қайсидир шанбалик, қайсидир тадбир бўлсаки майли шунда умумий тартибда чақириладиган бўлса. Бизнинг энг забардаст соҳалар икки соҳа ҳам, энг ишонган соҳаларимиз. Буларни унақанги ишларга, мана ҳокимлар ҳам турибди, уларни бу ишларга жалб этиш таъқиқланади, чиқармаймиз уларни бундай ишларга", деган у.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчи, шифокор ва боғча ходимларини ободонлаштириш, дала ишларига жалб қилиш одатий ҳолга айланган.

Ўқитувчи ва шифокорлар бу каби ишларга ихтиёрий-мажбурий равишда жалб қилинади ва аксар ҳолларда меҳнатига ҳақ олмайди.

Ўзбекистонда ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келгач мамлакат ичидаги интернет нашрлари ушбу муаммоларни очиқ кўтариб чиқа бошлаган.

Халқаро пресс клубда 7 июл кунги мулоқотда Сенатор Баҳодир Тожиев вилоятлар бўйлаб депутатлар билан ўтказилган учрашувларда бирорта ўқитувчи "кўча тозалаяпмиз" дея шикоят қилмаганини билдирган. Журналистлар билан мулоқот қилган яна бир сенатор Светлана Ортиқова тозалаш ишларини ҳам кимдир қилиши кераклигини таъкидлаганди.

Соф.уз сайти Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги ўқитувчи ва боғча ходимларининг дала ишлари, пенсияларни пластикка ўтказиш каби ҳокимият томонидан буюриладиган ишларга жалб қилинаётгани ҳақидаги мажлис аудиосини чоп қилган.

Натижада мажлисни ўтказган туман халқ таълим бошқармаси мудираси ишдан олинган, бироқ вилоят ҳокимияти ҳодисага изоҳ бермаган.

Журналист Каримберди Тўрамурод Самарқанд шаҳрида бюджет ташкилотлари, жумладан ўқитувчиларнинг қурилиш ишларига ҳокимият томонидан мажбурланаётгани ҳақида ҳужжатларни ошкор қилиб мақола ёзди.

Самарқанд шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати эса ушбу ташаббус ўқитувчилардан чиққанини айтиб, уларнинг жамоавий ёзган мурожаатини чоп қилди.

Кузатувчилар Наманган вилояти ҳокимининг муаммони тан олиб, унга барҳам беришга сўз бериши бу борада мамлакатда кескин бурилиш бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ