Собиқ подполковник Эркин Мусаев озодликка чиқди

Мусаевнинг ота-онаси унинг қийноқларга тутилгани ҳақида хабар берган эди Фото муаллифлик ҳуқуқи Amnesty.org
Image caption Мусаевнинг ота-онаси унинг қийноқларга тутилгани ҳақида хабар берган эди

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг собиқ ходими, подполковник Эркин Мусаев озод этилган. Мусаев Пентагон фойдасига жосуслик қилишда айбдор, деб топилганди. Собиқ подполковник ушбу айбларни туҳмат ва қийноқлар эвазига қўйилганини таъкидлаб келган.

2006 йил Ўзбекистон Ҳарбий маҳкамаси, уни давлат сирларини ошкор қилиш ва ўз мансабига совуққонлик билан ёндашишда ҳам айбдор, деб топган ва 15 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этганди.

Мусаев ўтмишда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ташқи савдо бўлимида ишлаган. Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари билан халқаро ҳамкорлик дастулари билан шуғулланган.

90 йилларнинг ўрталарида Эркин Мусаев Америка ҳукумати томонидан молиялаштирилган алмашиш дастурида иштирок этган, Техас штати Сан-Антонио шаҳридаги Америка армияси тиллар институтида инглиз тилини ўрганган.

1997-2001 йиллар НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида Ўзбекистоннинг вакили бўлган. Сўнгра давлат ишидан кетиб БМТ ривожлантириш дастурининг "Марказий Осиё чегараларини бошқариш" лойиҳасига раҳбар бўлди.

2006 йилнинг 31 январ куни Мусаевнинг юклари орасидан гўёки "давлат сирлари"га оид диск топилганидан сўнг Тошкент халқаро аэропорти чегарачилари томонидан тўхтатилади. Мусаев отасига ёзган мактубида ушбу далилилар тинтув давомида унга ташлаб қўйилганини ёзган. Унинг онаси тинтув жараёнида процессуал стандартларга амал қилинмаганини айтган.

АҚШ Давлат департаменти ўз ҳисоботида Мусаев ушланиш жараёнида қийноқларга тутилгани, жумладан бошига, кўкраги ва биқинига аёвсиз урилгани айтилади. Икки ой давомида у адвокат ва бошқа яқинларига кўрсатилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amnesty.org

Қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан сўнг ҳам Мусаевга нисбатан қийноқлар тўхтатилмагани айтилади.

2011 йилнинг январ ойида унинг отаси Ҳайитжон Мусаев "Ўтюраклар клуби" инсон ҳақлари ташкилотига ўғлининг қамоқхонада қийноққа тутилаётгани ва жазо изоляторига қамаб қўйилаётгани ҳақида айтган.

Ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтонга тақдим этилган ва озодликка чиқаришга ёрдам бериш сўралган рўйхатда Эркин Мусаевнинг ҳам номи тиркалгани ҳамда рўйхатнинг интернетга чиқиб кетгани собиқ зобитнинг жазо изоляторига ташланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Интернетда чиққан хабарларда подполковник Эркин Мусаевнинг Америка Мудофаа вазирлиги - Пентагонга Ўзбекистон ва Россиянинг ҳарбий сирларини сотганликда айблангани ҳақида ёзилган эди.

Ўзбекистон Ҳарбий маҳкамаси матбуот хизмати тарқатган хабарда эса, жаноб Мусаев, моддий мукофотланиш эвазига хорижий давлатларнинг махсус хизматларига махфий материалларни етказиб турганлиги айтилганди.

БМТ Эркин Мусаевнинг устидан маҳкама адолатсиз бўлгани ҳақида хулоса чиқарган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ