Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида авиақатнов йўлга қўйилади

учоқ Фото муаллифлик ҳуқуқи uzairways.com

Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиа ширкатининг маълум қилишича, Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида доимий авиақатновлар йўлга қўйилади. 2017/2018 қишки мавсумида ҳафтасига икки марта, 2018 йил ёзидан бошлаб эса 4 марта қатновлар амалга оширилади.

Ширкат матбуот хизматининг маълум қилишича, Самарқанд ва Истанбул ўртасидаги янги парвозлар қўшимча равишда амалга оширилади ва у Тошкент-Истанбул парвозлари сонига таъсир қилмайди.

Парвозларни Турк ҳаво йўллари ва Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатлари амалга оширади.

Айни дамда ҳафтада 15 марта Тошкент-Истанбул-Тошкент авиақатновлари амалга оширилади. Бир кунда Истанбулга иккитадан учоқ учаётган бўлса-да, ёзги мавсумда чипта топиш муаммога айлангани айтилади.

Истанбулда фаолият юритаётган самарқандлик Анвар Лочиновнинг айтишича, Самарқандга ҳам тўғридан тўғри рейс қўйилишини Туркиядаги ҳамюртлари хушхабар сифатида қабул қилган.

"Хабарни эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Бошқа болалар ҳам энди тўғри Самарқандга учамиз, Тошкент орқали овора бўлиб юрмаймиз, дейишяпти", - дейди у.

Анварнинг айтишича, Самарқанд ва унинг атрофидаги жойлардан Истанбулда ишлаб ва ўқиб юрганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бундан ташқари туркларнинг ичида ҳам Самарқанд шаҳрига бўлган қизиқиш ҳам катта. Бу Туркиядан Ўзбекистонга сайёҳликнинг ривожланишига ҳам олиб келиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ