Фарғона ҳокими ўқитувчи ва шифокорларни далага чиқармасликка сўз берди

Фарғона вилоят ҳокими ШУҳрат Ғаниев Фото муаллифлик ҳуқуқи Screen Shoot
Image caption Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Халқаро Пресс клубнинг жонли мулоқоти давомида ўқитувчи ва шикорларни бошқа ишларга жалб қилмасликка сўз берди. Икки кун олдин Наманган вилоят ҳокими энди ўқитувчи ва шифокорлар кўча ишларига жалб қилинмаслигини айтган эди.

"Шу вақтгача ўқитувчи, шифокорларни бошқа ишларга жалб қилиб келдик. Бундай қилиш тараққиётга тўсиқ. Туман ҳокимларига буйруқ бердик, энди улар жалб қилинмайди", - деган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

11 август куни Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ўқитувчи ва шифокорларнинг ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётганини тан олган. Ҳоким бунинг натижасида оналар ва гўдаклар ўлими ошганини айтган. У бундай ишларга энди чек қўйилишини маълум қилган эди.

"Бу бор ҳақиқат, буни яшириб бўлмайди. Уларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ ҳўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Ўқитувчини ўзини ишини қилдирмадик, фермерга боғладик. Врачларимизга ўз ишини қилдирмадик, ҚВП (Қишлоқ врачлик пункти) да ўз ишлари қолиб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлишди", дея ҳокимнинг сўзларидан иқтибос келтирган Халқ Демократик Партияси сайти.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Facebook даги ўқувчилари Наманган вилояти ҳокимининг сўзларини ишонқирамай қабул қилишган.

"Йўқ. Бу хоким вазиятдан қутилди холос. Пахта пайтида яна ҳамма далага қувилади. Оз қолди. 5 сентябрдан вилоятларда терим бошланади", -деб ёзади Улуғбек Ашур.

Бироқ ҳокимнинг сўзларига умид қилганлар ҳам йўқ эмас.

"Албатта иложи бор, қачонки бу ишларга жавобгар ташкилот ва фермерлар ўз вазифасини бажаришга виждонан ва маьсулият билан киришса! Бизнинг ҳоким шунчаки гапирадиганлардан эмас", дейди Жамила Расулова.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан ўқитувчи, шифокор ва боғча ходимларини ободонлаштириш, дала ишларига жалб қилиш одатий ҳолга айланган.

Ўқитувчи ва шифокорлар бу каби ишларга ихтиёрий-мажбурий равишда жалб қилинади ва аксар ҳолларда меҳнатига ҳақ олмайди.

Ўзбекистонда ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келгач мамлакат ичидаги интернет нашрлари ушбу муаммоларни очиқ кўтариб чиқа бошлаган.

Халқаро пресс клубда 7 июл кунги мулоқотда Сенатор Баҳодир Тожиев вилоятлар бўйлаб депутатлар билан ўтказилган учрашувларда бирорта ўқитувчи "кўча тозалаяпмиз" дея шикоят қилмаганини билдирган. Журналистлар билан мулоқот қилган яна бир сенатор Светлана Ортиқова тозалаш ишларини ҳам кимдир қилиши кераклигини таъкидлаганди.

Соф.уз сайти Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги ўқитувчи ва боғча ходимларининг дала ишлари, пенсияларни пластикка ўтказиш каби ҳокимият томонидан буюриладиган ишларга жалб қилинаётгани ҳақидаги мажлис аудиосини чоп қилган.

Натижада мажлисни ўтказган туман халқ таълим бошқармаси мудираси ишдан олинган, бироқ вилоят ҳокимияти ҳодисага изоҳ бермаган.

Журналист Каримберди Тўрамурод Самарқанд шаҳрида бюджет ташкилотлари, жумладан ўқитувчиларнинг қурилиш ишларига ҳокимият томонидан мажбурланаётгани ҳақида ҳужжатларни ошкор қилиб мақола ёзди.

Самарқанд шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати эса ушбу ташаббус ўқитувчилардан чиққанини айтиб, уларнинг жамоавий ёзган мурожаатини чоп қилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ