Мирзиёев: "Тўйларда европача ликиллаган дискотека бўлмайди"

Мирзиёев Олмалиқда Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz
Image caption Мирзиёев Олмалиқда

Президент Мирзиёев тўйларни тартибга солиш бўйича Олмалиқ шаҳрида тажриба ўтказилишини маълум қилган. Президентнинг сўзларидан энди никоҳни қайд қилувчи ЗАГС идораларининг ваколати оширилишини пайқаш мумкин. Тўйларда ғарбга тақлид қўшиқларни тақиқлаш кераклигини айтган Мирзиёев ёшлар ўзимизнинг "Муножот"га ўйнасин деб кесатган.

"ЗАГСнинг мудираси фақат регистрация қилиб юрмайди. ЗАГСнинг ичида ҳам 200 кишилик тўй қиладиган жой бўлади. Тўйда қанча артист бўлади, қанча ичимлик бўлади, гўшти қанча, пули қанча ҳаммасини айтади", - деган Мирзиёев

Ўзбекистон Президентининг таъкидлашича, Олмалиқдаги ЗАГС идораси ходимлари қўлида тўйларнинг тартиби туширилган қоғоз бўлади. Ўшанга мос келган тўйларнинг никоҳи қайд қилинади, мос келмаса бошқа шаҳарга бориб никоҳдан ўтиш тавсия қилинади.

Ҳукумат томонидан қабул қилинган қарор бўйича тўй қилинмаганда ЗАГС ва туман ҳокимлари жавобгарликка тортилади.

Видеони томоша қилиш учун линкни босинг

"ЗАГС идорасида чиройли қилиб тўй қилиб уйига олиб бориб берамиз. Унда иккита китоб, тўртта шеър ўқийди. Эшитмайдиган артистларнинг ликиллаган европача дискотекаси йўқ бўлади. Ашула айтади. Унинг ашуласини тушуниш керак. Ўйинга чиқади. "Муножот"га ўйнасин керак бўлса. Мен "муножот"ни кесатиб айтаяпман. Сал бизга муносиб ўйинга ўйнасин ахир. Ечинмасдан, кийиниб, урф-одатимизга мослаб".

Мирзиёев ушбу тартибга амал қилмаган ЗАГС раҳбарлари ишдан олинишини ва пора бериб никоҳни қайд қиладиган замон ўтганини айтган. У агар шундай қилинмаса, бу иллат яхшиликка олиб келмаслигини таъкидлаган.

Президент Мирзиёев тўйлар мавзусини биринчи марта кўтараётгани йўқ. Олдинроқ Тошкент шаҳрида пайдо бўлаётган янги одатлар учун пойтахт ҳокимини ўрнидан турғизиб дакки берган эди.

Бироқ 9 август куни видеоселекторда Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмоновни Президентнинг тўйлар ҳақидаги сўзларини нотўғри талқин қилгани учун яна бир бор эслаб ўтган.

"Битта гап айтгандим, шаҳар ҳокими кейинги куни шаҳардаги ҳамма ресторанни ёптирибди. Бу менга қилган дўстлигими? "Мирзиёев айтди, ҳаммаёқни ёпиш керак, тўй бўлмайди" дермиш. Аввал тизим қил, тартиб қил. Ёнингга калласи ишлайдиган одамларни йиғсанг бўлмайдими? Одамлар оғзида гап юрибди. "Нима эмиш, Мирзиёев тўйни ёпиш керак, деганмиш".

Мен тўйхоналарни ёпиш керак демадим, тўйларни тартибга келтириш керак дедим", дея Мирзиёев гапларидан иқтибос келтирган кун.уз нашри.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ