Ўзбекистонда 50 мингталик банкнот чиқади

Янги банкнот Фото муаллифлик ҳуқуқи cbu.uz
Image caption Янги банкнот

Ўзбекистон Марказий банки 22 августдан бошлаб қиймати 50 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги пул бирлиги муомалага чиқишини маълум қилган. Хабар қора бозорда долларнинг нархи тушиб бораётган бир маҳалда чиққан. Ўзбек сўми Марказий Осиёда ҳозирча энг қадрсиз пул бирлиги бўлиб турибди.

Марказий Банк хабарида айтилишича, 50 мингталик сўмнинг олд томонида марказида Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси тепасидаги парвозга шайланган лайлаклар тасвирланган.

Банкнот чап тарафининг пастки қисмида 50 000 рақами ва «ELLIK MING SO'M» ёзуви лотин алифбосида ёзилган ва, банкнотнинг қийматини билдиради.

"Банкнотнинг орқа томони чап қисмидаги оқ рангли сатҳда сув белгилари кўринади. Оқ рангдаги сатҳнинг юқори қисмида арка тасвири мавжуд бўлиб, ёруғликда кўрилганда банкнот олд қисмидаги тасвир билан бир-бирини тўлдиради. Банкнотнинг марказида "ANJUMANLAR SAROYI" меъморий биноси тасвирланган", - дейилади хабарда.

Шу йилнинг март ойида муомалага 10 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилган эди.

10 мингталик чиқиши билан доллар қора бозорда 500 сўмга қимматлаганди.

Марказий Банк томонидан янги банкнотнинг эълон қилиниши Ўзбекистонда валюта конвертацияси тўлиқ эркинлашиши борасида гап-сўзлар урчиган бир маҳалга тўғри келган. Шу кунларда "Халқ банки" томонидан Тошкент бозорларида пул чиқариб олиш учун банкоматлар ўрнатилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат ва тасвирлардан одамларнинг банкоматдан пул чиқариш учун тўпланиб турганини кўриш мумкин.

Шу вақтгача Ўзбекистонда банкоматдан нақд пул чиқариб олиш деярли имконсиз бўлган.

Сўнгги бир ҳафта давомида эса қора бозорда доллар нархининг тушаётгани кузатилган. 14 август куни 1 доллар 7150 сўмдан сотиб олинган ва 7300 сўмдан сотилган.

Шундай бўлса-да ўзбек сўми Марказий Осиёда энг қадрсиз валюталардан бўлиб турибди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ