Мирзиёев: Амалдорларни халқ билан ҳисоблашишга мажбурлашимиз керак

Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Мирзиёев Олмалиққа ташрифи давомида халқнинг жамиятда бўлаётган ўзгаришларда фаол иштирок этиши кераклиги ҳақида гапирган. У ҳукумат томонидан қилинаётган ҳаракатлар одамларни гапиришга ва эркин яшашга ўргатиш учун эканлигини айтган. Президент амалдорлар халқ билан ҳисоблашишга мажбур бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Видеони томоша қилиш учун линкни босинг

"Биз кам хато қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бехато фақат Парвардигор. Минг ҳаракат қилсак ҳам хато бўлади. Қачон хато камроқ бўлади. Шу жараёнда халқнинг ўзи бевосита, салгина бўлса ҳам муносабатини билдирса, таклифларини берса хато камроқ бўлади", - деган Мирзиёев.

Президент бўлаётган ҳаракатлар одамларни давлат ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш учун қилинаётганини билдирган.

"Ҳаммаларингиз биласизлар қабулхоналар, виртуал қабулхоналардан мақсад муддоамиз одамларни гапиртиришга ўргатишимиз керак. Одамларни сал эркин яшашга ўргатишимиз керак. Одамлар билан ҳисоблашишга мажбур қилишимиз керак. Одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўймасак бўлмайди", деган у.

Мирзиёев амалдорларнинг халққа ҳисобдор бўлииши учун Тошкент вилояти, жумладан Олмалиқ шаҳрида ўзига хос тажрибани жорий қилаётганини маълум қилган.

Унга кўра, тумандаги ҳоким, прокурор, ички ишлар бошқармаси ва солиқ идораси раҳбарлари туман учун ҳоким билан бирдек жавоб беради. Улар ўзлари истаган жойда эмас, балки давлат томонидан оддий одамларнинг ичида ажратилган уйларда яшайди. Идорага кам келади ва авжига чиққан мажлисбослик йўқ қилинади.

"Олмалиқ 120 минг аҳолиси бўлса, тўрт раҳбар бўлинади. Маҳалла, кўча қилиб бўлиб олади. Шунинг ўртасидан давлат уй беради, квартира беради. Ўша ерда ётади, ўша ерда нафас олади. Свет бўлса свет билан яшайди, свет бўлмаса светсиз яшайди. Йўл бўлмаса йўлсиз яшайди. Сув бўлмаса сувсиз яшайди", - деган Шавкат Мирзиёев.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдирувчилар давлат органларининг кўнгилдагидек ишлаши учун жамоатчилик назорати кучли бўлиши кераклигини ёзишган.

Фикр билдирувчилар бунинг учун кези келганда Президент Мирзиёевнинг ўзини ҳам танқид қила олиш ҳуқуқи сақланиб қолиши кераклигини ва бунинг учун ҳеч ким таъқибга учрамаслиги лозимлигини таъкидлашади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ