‘Маошимиз паст, шунақа ҳам яшаш бўладими?..’

Сўм

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, ҳозир Россия аҳолисининг қарийб чорак фоизи худди ана шундай кайфиятда.

Уларнинг наздларида, айнан ойлик маошларининг камлиги ва турмуш даражасининг пастлиги бугун Россия қаршисида турган энг асосий муаммо бўлади.

Сўров ВЦИОМ (Бутунроссия Омма Фикрини Ўрганиш маркази) томонидан ўтказилган.

Устига устак, бу каби ҳолат устма-уст ўтган уч ой давомида қайд этилган.

Россиянинг ташқи, ички сиёсати ва мамлакат ичкарисида сиёсий вазият эса, бугун ҳатто мамлакат аҳолисини энг кўп қийнаётган ўнта муаммо сафидан ҳам жой ололмаган.

Ўзбекистондаги вазиятга назар ташлаш учун мана бу линкни босинг.

Рубл яна тушди, Россия иқтисоди рецессияга юз тутмоқда

"Рублнинг қадри тушса ҳам муҳожирлар Россияда қолмоқчи"

Ўтган йилнинг июль ойи билан қиёсланганда, бу йил иш ҳақларининг камлигидан ташвишда бўлган россияликларнинг сони 10 фоизга ортган.

Бу кўрсаткич жорий йил бошидан буён тинимсиз ўсишда давом этган.

Ҳозирга келиб, икки баробардан ортиқроққа ошган ва қарийб 30 фоизга етиб қолган.

Россиянинг ташқи, ички сиёсати ва мамлакат ичкарисида сиёсий вазият эса, бугун мамлакат аҳолисини энг кўп қийнаётган ўнта муаммо сафидан жой ололмаган.

Муаммолар ва хавотирлар

Янги сўров тафсилотларидан ҳозир россияликларни кўпроқ иқтисодий инқироз, ҳукуматнинг иқтисодий, ижтимоий сиёсати, соғлиқни сақлаш, таълим тизими билан боғлиқ муаммолар, ишсизлик, пенсияларнинг камлиги, инфляция, нарх-наволарнинг ортиб бориши, коррупция ва коммунал хизмат кўрсатиш тизимининг бугунги аҳволи кўпроқ ўйлантириши маълум бўлган.

Тадқиқотда алоҳида таъкидланишича, бу муаммоларнинг Россия аҳолиси наздидаги долзарблиги ўтган бир йил ичида янада кучайган.

Социологларга кўра, ҳатто, жаҳон бозорида нефть нархининг ўйноқлаб туриши, Украина можароси ва Сурия урушидаги иштироки юзасидан Ғарб томонидан киритилган устма-уст жазо чоралари натижасида бўй кўрсатган иқтисодий бўҳронлар юмшаб бораётгани ҳам россияликларнинг хавотирларини арита олмаган.

Муаллифларга кўра, одамлардаги бу каби кайфият Россиядаги иккинчи оғриқли мавзу бўлган ижтимоий муҳофаза масаласини қайта кун тартибига олиб чиққан.

Сўров 27 июль-1 август кунлари оралиғида икки мингга яқин киши ортида олиб борилган.

Марказнинг тадқиқоти Россиянинг саккиз федерал округидаги жаъми 48 та республика, ўлка ва вилоятни қамраб олган.

Сўров иштирокчиларининг фикрлари ўзаро суҳбат воситасида ўрганилган.

Бир назар ёки таҳлил ўрнида

Кузатувчилар наздларида аксарият аҳолиси жаҳон стандартларида ўртаҳол яшовчи Ўзбекистонда худди шу масала жорий йил бошида хосан кун тартибига кўтарилган.

Ҳаракатлар стратегияси муҳокамасига бағишланган медиаҳафталик доирасида ижтимоий соҳани ривожлантиришдаги устивор йўналишлар эълон қилинган.

Ўша пайтда маълум қилинишича, сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи икки баробар, минимал иш ҳақи эса, икки баробардан кўпроққа оширилган.

Ўтган йил иш ҳақи 1 миллион 300 минг сўмга яқинлашган, ўртача пенсия миқдори 490 мингдан ошган.

Ҳаракатлар стратегиясидаги устивор йўналишлар асосида эса, иш ҳақи, пенсияларни босқичма-босқич кўтариш режалаштирилаётгани таъкидланган.

2017 йилда уларнинг миқдорини камида 10 фоизга ошириш кўзда тутилаётгани айтилган.

Бугун четда меҳнат муҳожирлигида банд энг катта сондаги ўзбекистонликлар эса, айнан Россия ҳисобига тўғри келади.

Биргина расмий рақамларнинг ўзида уларнинг сони ҳозир ҳам икки миллионга яқин экани айтилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Россияда ўтказилган айни сўров манзарасида Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов билан боғланиб, аҳолининг бугунги яшаш тарзи ҳақида сўради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар