Ёшсиз, Ўзбекистондасиз, муаммонгизни янги институт ҳал қилиб бера оладими?

Ёшлар

"Ҳозир ҳақиқатан ҳам мақсад ёшлар муаммоларини очиш, Ўзбекистонда келажак кадрларни тайёрлаш бўладиган бўлса, унда бир вақтнинг ўзида муаммоларини уларнинг ўзларидан эшитган ҳолда йўл тутилиши лозим".

"Бу муаммоларнинг бир тарафлама, бир шахс ёки бир гуруҳ томонидан ечилишини нотўғри, деб ҳисоблайман".

Британияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалардан бири Абдумалик Солиев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеёвнинг мамлакат ёшларига оид сўнгги қарорига ана шундай муносабат билдирди.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг янги қарорига мувофиқ, ёшлар муаммоларини ўрганувчи ва истиқболли кадрларни тайёрловчи янги институт очилади.

"Ўртага қўйилсин, муҳокама қилинсин, Ўзбекистондаги, ташқаридаги, муҳожиратдаги ёшлар, соҳа мутахассислари фикр билдиришсин", - дейди бу суҳбатдошимиз.

"Билдирилаётган фикрларни, ўша ҳар битта гапирилган гап ёки ҳар битта фикрга билдирилган раддияни халққа, оммага кўрсатилсин".

"Ҳамманинг фикрини омманинг олдида оммавий кўрсатиладиган бўлса, буни амалиётда қўллаш анча осон бўлади ва қўллашга мажбур бўлинади".

"Лекин, агар, бу ҳар доимгидек ўша баландпарвоз гаплардан ёки баландпарвоз мақсадларда кўзланган ташкилот проектларидан бири бўладиган бўлса, унда, албатта, бу - фақатгина вақтни кераксиз сарфлаш, иштиёқни сўндирувчи, кераксиз бир ҳаракат талаб қилувчи бир ташкилот проекти бўлиб қолади, холос", - дея ўз сўзларига якун ясайди у.

Суҳбатни мана бу линк орқали батафсил тинглашингиз мумкин бўлади.

"Ўзбекистон" канали: Ёшлар ноиложликдан Россияга кетмоқда

Шавкат Мирзиёев: Номаълумликдан машҳурликка

Янги махсус институт

Институт яна Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви Академияси қошида ташкил қилинади.

Таъкидлаш жоиз, бунақаси мустақил Ўзбекистоннинг 26 йиллик тарихида кузатилмаган.

Сўнгги янгилик айнан президент Мирзиёевнинг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўрнига Ўзбекистонда Ёшлар Иттифоқини ташкил этиш ташаббусидан бор-йўғи икки ойча ўтар-ўтмай кузатилмоқда.

Маълум бўлишича, янги институт давлат муассасаси ҳисобланади.

Ёшларнинг муаммоларини илмий-тадқиқот ва таҳлилий изланишлар орқали ўрганади, уларнинг ечими учун илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқади.

Махсус ўқув курслари орқали истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлайди, малакасини оширади.

Уларнинг малакавий ривожланишини мониторинг қилади.

Буларнинг барчаси манзарасида ҳокимият органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви, ҳудудий жамоатчилик ташкилотлари учун истиқболли ёш кадрларнинг маълумотлар базасини ташкил қилади.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви Академияси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бу институтнинг муассислари ҳисобланишади.

Хабарларга кўра, улар бир ой муҳлат ичида бу институтни қайддан ўтказишга тайёр қилишлари лозим бўлади.

Бу муассасага асос солиш ташаббуси билан эса, ўтган ой бошида янги Ёшлар Иттифоқининг раиси чиққан.

Қаҳрамон Қуронбоев бу "бугунги давр талаби" эканини айтганди.

Ўзбекистон ва ёшлар

Агар, айрим маълумотларга таянилса, бугун Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан ортиқроғини ёшлар ташкил қилади.

Бу эса, Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг катта қисми ёшлардан иборат эканини англатади.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига қараганда, республикада ҳар йили 560 минг ёш махсус ҳунар билим юртлари, лицей ва ўқув юртларини битириб чиқади.

Бироқ ҳукумат уларнинг барчасини иш билан таъминлашга қурби етмайди.

Шу боисдан, миллионлаб меҳнат муҳожирлари ҳар йили тирикчилик илинжида ташқарига, асосан Россия ва Қозоғистонга, иш излаб боришга мажбурлар.

Биргина Россиянинг ўзида расмий ҳисобларга кўра, икки миллион ўзбекистонлик меҳнат қилади, уларнинг аксарияти ёшларни ташкил қилади.

Олдинроқ Би-би-си гаплашган Россиядаги бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари ватанларида иш бўлса, жон деб уйга қайтишларини айтгандилар.

Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил Ўзбекистон муваққат президенти сифатида имзолаган илк қонуни эса, айнан ёшлар тўғрисида бўлган.

"Давлатнинг ёшлар сиёсати ҳақида"ги ана шу қонунида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланиб, ижтимоий ҳимоя қилиниши, иқтидорли ва қобилиятли ёшлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши кўрсатилган.

Кузатувчилар эса, Шавкат Мирзиёевнинг дастлабки қонуни ёшлар ҳақида бўлгани бежиз эмаслигига алоҳида диққат қаратишган.

Уларга кўра, Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилар экан, президентликка асосий номзод деб кўрилган Мирзиёев учун ўша пайтда ёшларнинг овозини олиш жуда муҳим бўлган.

"Камолот"нинг 30 июнь кунги сўнгги қурултойида 22 ёшли Алишер Саъдуллаевни кутилмаганда Ўзбекистон Халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинлаб эса, Шавкат Мирзиёев мамлакат ичкариси қолиб, ташқарисида ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02