Эркин Комилов: дабдабали тўйларни, асосан, ҳаромдан пул топганлар қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи kino-teatr.ru
Image caption Эркин Комилов

Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комиловнинг айтишича, "дабдабали тўйларни, асосан, ҳаромдан пул топганлар қилади". Кун.уз нашри билан суҳбатида санъаткор тўйлардаги исрофгарчилик ҳақида ўз фикрларини изҳор қилди.

"Чақалаб, тийинлаб, сўмлаб бир жойга ташлаган, мен илойим тўй қилай, бир бокира келин учрасин, деб ният қилади ўша чақалаб пул топганлар", - деди Комилов.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ой бошида санъаткорлар билан учрашув ўтказар экан, тўй-ҳашамлардаги дабдабабозликни қаттиқ танқид қилганди.

"Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда", - деб айтган Мирзиёев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи darakchi
Image caption Эркин Комилов исрофгарчиликка қарши чиқди.

Эркин Комилов президент сўзларини қўллаб-қувватлаб, масаланинг иқтисодий тарафига эътиборни қаратди.

"Мен тўйларга борадиган бўлсам, ҳайрон бўламан. Бир айлана столда бир камбағал тўй қилса бўлади. Баъзилар қарзга олиб тўй қилаяпти, кейин бу қарзини вақтида тўлай олмагандан сўнг турли касалликларга гирифтор бўлаяпти", - деди у.

"Куёвнавкар майли бор, келиннавкар, деган нарсалар қаердан чиққан? Ўнталаб кийимларни кийдириб қўйиш... Буларнинг бари онгсизлик, тафаккурнинг йўқлигидан, маънавий пастликдан келиб чиқади. Боши бир деворга тегмасидан аввал ота-она, болалари ўйлаши керак: нимага, кимга керак ундай тўй - ейди, ичади, кетади. Энди қўшиқчилар менга фалон пул, доллар берсанг бораман, деркан. Бу қандай аҳмоқлик? Бир камбағал неча йиллаб ишлайди уларни тўртта ашуласига. Буни ҳам сал тартибга чақириш керак. Амру-маърифларда ортиқча гапларнинг кўпайиб кетишини ҳам тартибга солиш керак. Никоҳ бўлса, никоҳ ҳақида гапириш керак. Маҳалла бир ой гапирар, ярим ой гапирар, ейди, ичади, кетади. Ўша дабдабали тўй қилганларнинг барчаси ҳам бахтли яшаётгани йўқ. Ўшалар ажрашмоқда-ку арзимаган нарсадан", - дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистон: “Қачонгача шавла кетса, кетсин, обрў кетмасин, деб тўй қиламиз...”

Ихчам тўйлар қилишда раҳбарлар ўрнак бўлиши керакми?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02