Россия 20 йил қидирувда бўлган ўзбекни ушлаганини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи 39.мвд.рф
Image caption Қўлга олинган шахснинг исми очиқланмади.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Калининград вилояти жиноят қидирув бошқармаси гўёки 20 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганлиги ҳақида хабар берди.

Россия ИИВ матбуот хизматининг билдиришича, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан мазкур ўзбекистонлик Калининград вилояти ҳудудида яшаб юрганлиги ҳақидаги маълумот юборилган.

Унга кўра, 1996 йилда жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилган босқинчилик ва қотиллик жиноятларини содир этишда иштирок этган бу шахс 20 йилдан буён жиноий жавобгарликдан қочиб юрган.

Калининград вилояти Жиноят қидирув бошқармаси раҳбари Сергей Порывакин ўзбекистонликни қўлга олиш тадбири Ўзбекистон талаби билан амалга оширилганини билдирди.

"Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўзбекистонлик фуқаронинг жойлашган манзили аниқланди ва у қўлга олинди. Айни пайтда Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тадбирлари кўрилмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари жиноятда айбланаётган фуқаронинг қўлга олинганидан хабардор қилинди", - деди Порывакин.

Россияда ўзбекистонликлар қандай ўғирланади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи 39.мвд.рф
Image caption Ўзбекистон бегуноҳ фуқароларни ҳам қидирувга эълон қилиши ҳоллари кўп учрайди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан юборилган талабига асосланиб Ўзбекистон фуқароларини Россиядан экстрадиция қилиш ҳоллари рўй бериб туради.

Россияда қочқинлар ва бошпана изловчиларга кўмаклашувчи "Гражданское содействие" қўмитасининг раиси Светлана Ганнушкинага кўра, уларнинг халқаро мажбуриятларга хилоф равишда ўғирлаб кетилиши ҳоллари ҳам бор.

"Ўзбекистон тоталитар тизим, ва ҳар қандай зулмкор режим каби унга душманлар керак. У ердан чиқиб кетган кўп одамлар қидирувга берилади. Ўзбекистон, ва камроқ бўлса-да, Тожикистон ҳам, Россияга экстрадиция талабларини юборадилар", - деди Ганнушкина ўтган ҳафта Би-Би-Сига берган интервьюсида.

Сергей Порывакин Би-Би-Си ўзбек хизматига ўзбекистонлик фуқаро қўлга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, айни пайтда текширув ишлари бораётганини ва ишлар якунида ўзбекистонлик шахс Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза этиш идораларига топширилишини маълум қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар