Янгича ташқи сиёсат: Марказий Осиёда 'музлар' буткул эрийдими?

Тожикистон
Image caption Чегарадаги қишлоқ

Ўзбекистон Қирғизистон билан бундан кейин ҳам дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ишларни олиб боришга тайёр.

Расмий хабарларга кўра, бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Бишкекда, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев билан музокаралари чоғида баён қилган.

Алмазбек Атамбаевга кўра, Ўзбекистон Бош вазирининг Қирғизистонга ташрифи "икки томонлама муносабатларни дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналари, ўзаро манфаатли шериклик асосида ривожлантиришга янги туртки" беради.

Маълум қилинишича, Абдулла Арипов ўзаро чегараларни аниқлаш бўйича Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтажак ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этажак Ўзбекистон ҳайъатига бошчилик қилмоқда.

Тожикистон: Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида ҳарбий машқлар

Марказий Осиё сув учун урушадими?

Айнан мавжуд чегара деморкация ва делимитацияси билан боғлиқ муаммо ҳар икки давлат мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида ўз ечимини топмай келаётган энг долзарб минтақавий муаммолардан бири бўлади.

Орада кечган вақт давомида ўзаро чегарадаги танг вазият ҳар икки давлат фуқароларининг жабр чекканликларига оид озмунча хабарларга асос бермаган.

Аммо янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган йил охирларидан бошлаб расмий Тошкентнинг айни муаммога ёндашуви жиддий ўзгарган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия 2016 йилнинг декабридан то шу кунга қадар оз эмас, кўп эмас, 15 маротаба учрашиб, музокаралар олиб боришга улгуришган.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев эса, ҳатто, ўзи вазифасини топширажак шу йил куз ойларига қадар айни муаммо ўзининг ечимини топади, дея ваъда беришгача борган.

Аммо, устма-уст бўлиб ўтаётганига қарамай, ҳар икки давлат навбатма-навбат мезбонлик қилаётган бу музокаралар тафсилотларидан кенг жамоатчиликнинг деярли бехабар қолаётгани аксарият минтақавий кузатувчи ва таҳлилчиларнинг ҳам диққат-эътиборларидан четда қолмаган.

Янгича ташқи сиёсат

Бош вазир Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга ташрифи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг янги минтақавий сиёсатларига оид баёнотларидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Абдулазиз Комилов ўзининг сўнгги баёнотида "минтақада ростдан ҳам янги сиёсий муҳитни яратишга қодир бўлганликлари"ни айтган.

Унинг бу баёноти, ўтган ҳафта пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган ва "Марказий Осиё - Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устивор йўналишидир", деб номланган халқаро анжуман чоғида янграган.

Агар, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўшанда қилган чиқишига таянилса, расмий Тошкент мантиқли муроса асосида Марказий Осиёдаги қўшнилари билан, ҳатто, энг ўткир муаммолар бўйича ҳам амалий мулоқотлар олиб бориш, уларга ечим йўлларини топишга тайёр.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга давлат бўлади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон янги раҳбарияти ўз қўшнилари билан бир муросага бориб, ҳал қилиб олиши керак бўлган муаммолар бир эмас, бир қанча бўлади.

Жумладан, асли ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, булар - сув-энергетика, транспорт, савдо, чегара ва миналаштирилган чегара ҳудудлари билан боғлиқ муаммолар бўлади.

Қарийб йигирма йилдирки, 1.283 чақиримли ўзбек-тожик чегара ҳудуди Ўзбекистон тарафидан миналаштирилганича қолмоқда.

Орада кечган вақт давомида уларга тўқнаш келиб, қурбон бўлиб, яраланаётганига оид озмунча хабарлар олинмаган.

1999 йилда ўзини Исломий кучлар, деб атаган ноқонуний қуролли гуруҳлар Қирғизистоннинг Боткент вилояти орқали Фарғона вилоятига сизиб киришга уринган.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон қўшнилари Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирилгани айтилганди.

Ечимлар...

Эксперт Алишер Илҳомовга кўра, ўзаро чегаралар делимитация ва демаркацияси билан боғлиқ масалаларнинг ечими йўлида сезиларли қадамлар қўйилаётган эса-да, қолганларнинг ҳал бўлиши ҳали яна анчайиш иш ва жиддий музокараларни талаб қилади.

Суҳбатдошимизнинг айнан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг сўнгги баёнотига таяниб айтишича, ҳозир расмий Тошкентда бунинг учун сиёсий истак-хоҳишнинг борлиги кузатилади.

Унга кўра, айниқса, сув, транспорт ва савдо билан боғлиқ муаммоларнинг ечими асосан ички сиёсат, қолганлариники эса, олиб борилажак ташқи сиёсатга боғлиқ бўлади.

Эксперт наздида, миналаштирилган чегара ҳудудларини тозалаш каби ташқи сиёсатга бориб тақалувчи муаммолар тез орада ўз ечимини топиши мумкин.

Ўтган бир неча ойнинг ўзида ҳар икки қўшни давлат ҳайъатлари иштирокида ҳам Ўзбекистон, ҳам Қирғизистон ва ҳам Тожикистонда қатор музокаралар бўлиб ўтган.

Аммо ўзаро чегараларни миналардан тозалаш масаласи бу учрашувлар чоғида қай бир даражада кун тартибига чиққани ва уларнинг қандай якун топгани борасида расмий ва муфассал хабарлар имконли эмас.

Шу кунларда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган музокаралари чоғида эса, ўзаро чегара хавфсизлиги масаласининг муҳокама қилингани айтилган, аммо расмий хабарларда нега экани тафсилотлари келтирилмаган.

Аммо ички сиёсат билан алоқадорлари Ўзбекистондаги ривожланиш моделининг қанчалик тез ва муваффақиятли ўзгаришига боғлиқ бўлиб қолаверади, дейди у.

Эскича ташқи сиёсат

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти томон йўл (Тожикистон)

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, ўтган 27 йил давомида расмий Тошкентнинг минтақавий ташқи сиёсати ҳозирда марҳум президент Ислом Каримовнинг қўшни давлатлар ва улар раҳбарлари билан шахсий муносабатларига асосланиб келган.

Худди шу боис ҳам, қанчалик долзарб бўлмасин, мавжуд минтақавий муаммоларга ечим излаш ва бу йўлда биринчи бўлиб қадам қўйишлар Ўзбекистон ва унинг "дунёқараши ва кибрига мутлақ тўғри келмаган".

Аммо Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида "тўпланиб қолган" ва бугун расмий Тошкент ечиш ҳаракатида бўлган минтақавий муаммоларнинг айримлари, ҳатто, Марказий Осиёда "уруш келиб чиқиши эҳтимоли"га оид хавотирларни ҳам пайдо қилган.

Айни муаммолар ўз ечимини топишнинг ўрнига, йилдан-йилга кучайиб бораркан, "Ўзбекистон турли йўллар билан ўзини қўшниларидан иҳоталаб олишгача" борган.

Расмий Тошкентнинг ўз қўшниларига нисбатан бу каби ташқи сиёсати фақат президент Ислом Каримовнинг ўтган йил кузида кутилмаган ўлими ортидан ўзгаришларга юз тута бошлаган.

Ҳали муваққат президент экан, Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ташқи сиёсатларида Марказий Осиё устивор йўналиш бўлиб қолажагини баён қилган, қўшнилари билан алоқаларини тубдан ўзгартиришга ваъда қилганди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида ўзининг илк давлат ташрифларини ҳам айнан икки қўшни минтақа мамлакати - Туркманистон ва Қозоғистонга амалга оширган.

Айниқса, Туркманистон билан ўзаро манфаатли йирик лойиҳаларни имзолашга ҳам улгурган.

Ўзаро чегара делимитация ва демаркацияси масаласидан ташқари, Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо-маданий алоқаларни қайта тиклаш масаласига ҳам эътибор қаратила бошланган.

Душанбе ва Тошкент ўртасидаги қарийб чорак асрдан буён тўхтаб ётган ҳаво қатнови қайта йўлга қўйилган.

Яқинда "Ўзбекистон Темир йўллари" Тожикистон учун юк транзити ҳақини 40 фоиз арзонлаштирган.

Ҳаракат...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Сув масаласида мамлакатлар турфа қарашларга эга

Таҳлилчиларга кўра, янги президенти минтақада энг ёши бўлган Ўзбекистон "йиғилиб қолган муаммоларни ўзининг манфаатлари зарба бермаган ҳолда, имконият борича ечишга ҳаракат қилади".

Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги янгича саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро чегара билан боғлиқ муаммолар алал-оқибат имкон қадар ўзининг ижобий ечимини топиши мумкин.

Аммо, унга кўра, айнан сув масаласига келганда, давлатлар ўртасида маълум зиддиятлар мавжуд.

Минтақада сувга бўлган эҳтиёжнинг йил сайин ортиб бораётгани омилини назарда тутган бу суҳбатдошимизнинг айтишича, "Тожикистон билан сув масаласи яна бир йил-икки йилдан кейин яна жадаллашаса, жадаллашди, лекин йўқолмайди".

Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, президент Каримовнинг ўлими ва Тошкентда янги ҳокимиятнинг қудратга келиши Тожикистон учун сиёсий фурсат вазифасини ҳам ўтаб бериши мумкин.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги янги ҳокимият ўзининг қадамларини зиддиятдан конфронтациядан бошламайди. Тожикистон эса, ана шу сиёсий имконият, фурсатдан унумли фойдаланиш ва Роғун ГЭСини тезроқ битказиб олишга ҳаракат қилади, дейди у.

Таҳлилчига кўра, янги ГЭС ишга тушиши арафасида ёки тушгандан кейин Амударёдан сувнинг ҳажми жиддий қисқарадиган бўлса, бу - Ўзбекистонга ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жиддий таъсир қилмай қўймайди.

Унинг наздида, худди шу боис ҳам, ўзаро алоқалар қанчалик яхши бўлмасин, бу мавзу икки давлат ўртасида қайтатдан зўриқиш уйғотадиган муаммовий масалага айланади.

Табиийки, унинг назарида, "Қўшнилар билан муносабатда ҳар бир конкрет масаладан айримлари ечим топса, баъзилари ўткирлашиб боради".

Айнан сўнгги йилларга келиб, Марказий Осиёда айнан сув ва электр тақчиллиги кучаяётгани кузатилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02