Дин ишлар қўмитаси рўмолли муслималарни ҳимоя қилмоқчими?

ҳижоб Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Ahmedova

Дин ишлари қўмитаси мусулмонлар ўрайдиган рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмагани, унга тақиқ қўймаганини маълум қилган. Қўмита раиси ўринбосари шундай ҳолатга дуч келинганда Дин ишлари қўмитасига мурожаат қилиш кераклигини сўраган.

"Дин ишлари қўмитаси, мутасадди ташкилотлар, маслаҳатчи-экспертлар ҳам рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмаган. Агар рўмолни диний либос сифатида қаралаётган вазиятга дуч келсангиз, бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз бу масалани кўриб чиқишга тайёрмиз", - деган қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев.

Миллий матбуот марказида гапирган Ўткир Ҳасанбоевнинг сўзларидан кун.уз сайти иқтибос келтирган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Андижонда ҳижобли абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмаган

"Бошқа динларда эса ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида либослар кийилади. Ислом динида эса ибодат учун диний кийим, деган мулоҳазалар ноўрин", - деган Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев.

Бироқ Ҳасанбоев рўмол деганда айнан нимани назарда тутганини очиқламаган.

Би-би-си бу борада Дин ишлари қўмитасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Қўмитанинг Ахборот хизматидан гўшакни олган ходим, Би-би-сининг Ўзбекистонда аккредитацияси бор йўқлиги билан қизиқди. Бўлмаса изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистонда айрим маъсуллар рўмолни қулоқларнинг орқасидан иякларни очган ҳолда ўрашга мажбурлаш ҳоллари бўлган. Бироқ Ислом уламолари аёлларнинг қулоқлар ва иякларни ҳам авратлигини эътироф этишган ва уларни ҳам ёпиб юриш кераклигини айтишади.

Ўзбекистонда ҳижобли аёлларнинг жамиятда турли таъқид ва тақиқларга учраши ҳозиргача давом этмоқда.

Андижонда Олий ўқув юртига ҳужжат топширишни истаган ҳижобли муслималардан ҳужжат қабул қилинмаган. Қабул комиссияси уларнинг рўмолини ечтиришга ёки қулоқлари орқасидан ўрашга мажбур қилган.

Талабни бажармаган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда Олий ўқув юртларидаги ички тартиб қоидаси бўйича ҳижоб кийиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

"Олий таълим муассасасининг ички тартиб қоидаси бор-да. Масалан, казармада, ҳарбий қисмдаям шортик билан бороролмайсиз. Ҳарбий қисмда ҳарбий тартиб бўлади. Олий таълим муассасасининг ҳаммасининг ўз ички тартиб қоидаси бор. Олий таълим муассасасига талабалар киритилади, умуман формасиз кириш мумкин эмас", - дейди Фарҳод Бабашев.

Кейинчалик Би-би-си Сурхондарёда янги ташкил қилинган "Ёшлар иттифоқи" "турли оқимларга мойиллиги бор" қизларнинг ҳижобини ечганини хабар қилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёрдамчиси Алишер Зиятов Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда турли диний оқимларга мойиллиги бор қизларнинг ҳижобини ечиш Президент Мирзиёев сиёсатига қарши эмаслигини, аксинча ҳамоҳанглигини билдирди. Бироқ у ҳижобларни ечиш буйруғини Мирзиёев бермаганини айт эди.

Би-би-си бу борада "Ёшлар иттифоқи" марказий Кенгаши раиси, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевдан изоҳ сўраган. Бироқ Қуронбоевнинг Facebook даги расмий саҳифаси ушбу саволни очиқ қолдирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ