Хорижга чиқиш паспорти 10 йиллик муддатга берилади

Ўзбекистон чиқиш визаси бор икки давлатдан бири Фото муаллифлик ҳуқуқи fergananews.com
Image caption Ўзбекистон чиқиш визаси бор икки давлатдан бири

2019 йилдан жорий қилиниши кутилаётган хорижга чиқиш паспорти вояга етган фуқароларга 10 йиллик муддатга берилади. Президент фармонида паспортлар 10 иш кунида расмийлаштирилиши ва хизматлар электронлаштирилиши белгилаб қўйилган.

Фармон ўзбекистонликларнинг ушбу ҳужжатни олишдаги сарсонгарчиликларига барҳам беришга қаратилганлиги айтилмоқда.

Президент Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони 16 август куни имзоланди.

Фармон шарҳида айтилишича, хорижга чиқиш учун биометрик паспортининг амал қилиш муддати вояга етмаган шахслар учун 5 йилгача, 16 ёшдан катта шахслар учун 10 йилни ташкил қилади.

Бундан ташқари аҳолига электрон ариза тақдим этиш, электрон навбат, давлат божини электрон тўлов тизими орқали тўлаш каби интерфаол хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, ҳужжатнинг тайёрлигини текшириш бўйича махсус хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳужжатни бериш тартиби белгиланади.

Муҳим ўзгаришлардан бири фуқаролар ўзлари яшаб турган шаҳар ва туман миграция идораларида хорижга чиқиш паспорти учун ҳужжат топширишлари мумкин бўлади.

Бу вақтгача бундай имконият фақат пойтахт Тошкентда жорий қилинган. Вилоятлардаги фуқаролар ОВИР яъни чиқиш стиккерини олиш учун вилоят марказидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига келишга мажбур.

"Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар ва туман бўлинмаларининг вазифалари кенгайтирилади ва шу муносабат билан фуқаролар хорижга чиқиш учун паспорт олиш бўйича аризани Ички ишлар вазирлигининг доимий яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар/туман бўлинмаларига тақдим этиши мумкин", - дейилади фармон шарҳида.

Хориж чиқиш янги биометрик паспортлари 2019 йилнинг 1 январидан жорий қилиниши айтилган.

Ўзбекистоннинг хорижда бўлиб турган фуқаролари 2011 йилги намунадаги биометрик паспортдан унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар фойдаланиши мумкинлиги айтилган.

Ўзбекистон фуқароларнинг четга чиқиши учун ОВИР ёки чиқиш стикери жорий қилган дунёдаги икки давлатдан бири эди. Энди бу тартиб фақатгина Шимолий Кореяда сақланиб қолади.

Олдинроқ Куба чиқиш визасидан воз кечишини маълум қилган эди.

Ўзбекистонда Каримов вафотидан сўнг мамлакатни Шавкат Мирзиёев бошқараётган вақтда интернетда чиқиш визасини бекор қилишни сўраб онлайн петициялар ўтказилди.

2016 йилнинг октябр ойида ижтимоий тармоқларда кенг айлантирилган ва муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу петицияга 2 мингдан зиёд одам имзо чекканди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-0

Бу мавзуда батафсилроқ