Ўзбекистон милицияси полицияга айлантириладими?

иибб Фото муаллифлик ҳуқуқи Guvd.uz

Тошкент шаҳрида олд ойнасига инглизча Police, яъни полиция ёзуви туширилган мотоцикллар гуруҳи пайдо бўлди. Йўл-патруль хизматининг мотоциклдаги гуруҳи тажриба тариқасида тузилганлиги айтилмоқда.

Кузатувчилар мотоцикллар олд ойнасидаги Police сўзига эътибор қаратишган.

Тошкент шаҳар ИИББ Тарғибот-ташвиқот бўлими раҳбари Алишер Абдуқодировнинг Би-би-сига айтишича, Police сўзи мотоцикиллар четдан келтирилгани учун шундай қолган.

"Бу чет элдан, Япониядан олиб келинган бўлгани учун, Хонда, заводда ишлаб чиқилган ҳаммаси, ёзувлари ҳам. Биз ҳеч қандай ўзгартириш киритмадик. Бу ҳозир тажриба тариқасида қилинмоқда. Тўлиқ ишга тушгандан сўнг Police сўзининг қолиш қолмаслиги раҳбариятга боғлиқ. Олиб ташланиши ҳам мумкин, қолдиришимиз ҳам мумкин. Ҳозирча ички ишларда полиция сўзини қўллаш бўйича ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Мотоцикл чет элники бўлгани учун ёзувлари ҳам қолган", - дейди Алишер Абдуқодиров.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайти ушбу тажриба йўлларда хавфсизлик тизимини такомиллаштириш доирасида амалга оширилаётганини маълум қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Guvd.uz

"Ушбу гуруҳга йўллар ва кўчаларнинг ҳаракатланиш қийин бўлган қатнов қисмларида, одамлар гавжум жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган. Яъни ЙПХ ходими мотоциклда енгил автомобилга қараганда тирбандликлар ҳосил бўлган, йўл-транспорт ҳодисалари ёки серқатнов чоррахада светофор ишламаётган жойларга тезроқ етиб боради", - дейилади хабарда.

Мотоцикллар гуруҳи 16 агустдан пойтахт кўчалари бўйлаб ҳаракатлана бошлаган. Тажриба ўзини оқласа, мотоциклдаги ЙПХ ходимлари доимий тарзда Тошкент шаҳри йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди.

Ўзбекистонда 2017 йилнинг 17 мартида кучга кирган Ички ишлар органи тўғрисидаги қонунда милиция сўзидан воз кечилганини кўриш мумкин.

Қонунда милиция ходимлари ички ишлар органи ходими сифатида талқин қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ