"Фуқаролар Олий судга бостириб киришмаган"

суд Фото муаллифлик ҳуқуқи Supcourt.uz

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати 15 август куни фуқароларнинг маҳкама биносига бостириб киргани тўғрисидаги хабарларни рад этиб чиқди. Фуқаролар Олий суд раиси Козимжон Камиловнинг қабулига кириш учун дарвоза қулфини синдиришгани ва тўда бўлиб Комилов қабулига киришга урингани ёзилганди.

"Бир қатор нашрларнинг муаллифлари ҳақиқий ҳолатни бўрттириб "ғазабланган фуқароларнинг қаттиқ бақиришлари", "маҳкамлаб ёпилган дарвозанинг бузилиши", "синдирилган қулфлар" ва "300-400" одам ҳақида хабар беришди", - деб ёзади Олий маҳкама матбуот хизмати.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, 15 август куни Олий суд раиси Козимжон Камилов 100 дан ортиқ фуқарони қабул қилинган. Яна 100 нафар фуқарони ўша куни Олий суд томонидан қабул қилинган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Тошкентдаги Ўзбекистон Олий Суди биноси олдида 500 киши тўпланган.

"Қабул вақтида Олий суд биноси олдида кутаётган бир нечта фуқаро постда турган милиционер ва суд ходимининг эътиборини чалғитиб, дарвоза зулфини очишган ва қабулга навбатсиз кириш учун суд биносига киришган", - деб ёзилади хабарда.

Унда айтилишича, пешайвонга кирган фуқароларга қабул тартиби бўйича тушунтиилган. Фуқароларнинг бир қисми ўз розилиги билан Олий суд раиси ўринбосари қабулига кирган, қолганларни суд раиси қабул қилган.

16 август куни Олий суд раиси 60 кишини қабул қилгани айтилган.

Олий суд томонидан чиқарилган раддияда фуқароларни қабул қилиш Олий маҳкама раиси ва ўринбосарлари томонидан ҳар куни амалга оширилиши таъкидланган.

Бироқ Олий суднинг сайтида фуқароларни қабул қилиш жадвалида ушбу гапларнинг нотўғрилигини кўриш мумкин. Олий суд раиси ва уч ўринбосари ойда икки мартадан фуқароларни қабул қилиши кўрсатилган.

Аслида нима бўлганди...

Би-би-си воқеани ўрганиш учун фуқароларнинг Олий суд мутасаддилари олдида манфаатларини ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов билан боғланди.

Унинг ўша кунги гувоҳларга таяниб айтишича, Олий суд биноси олдидаги тартибсизлик ва эътиборсизликдан зада бўлган бир гуруҳ фуқаро суд биносига олиб кирувчи дарчани силтай бошлашган.

"Тартиб бўйича навбати келган фуқарони милиция ходими дарчадан киритиб ичкарига олиб кириб кетади. Дарча олдида ҳеч ким қолмагач ғазабланган одамлар дарчани силкита бошлашган. Натижада қулф синиб кетган ва одамлар ёпирилиб ичкарига кирган. Чунки улар Суд раиси қабулига киришни кутиб тоқати тоқ бўлган", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Олий суд матбуот хизматининг қабул ҳар куни амалга оширилаётгани ҳақида айтган гапларини Шуҳрат Рустамов нотўғри дейди.

"Олий суд раиси олдига кириш ўта машаққатли. Фуқароларни одатда қабул қилмайди. Олдин ўринбосарига кирсин дейди. Ўринбосари олдига икки марталаб кириб ҳам Камилов қабулига киролмаётган фуқаролар бор. Олий суд раиси уларни қабул қилиб, нотўғри чиқарилган қарорларни бекор қилса бу навбат 3-4 кунда йўқолиши мумкин",- дейди у.

Диний экстремизмда айбланиб 12 йиллик қамоққа ҳукм қилинган, аммо муддати тугаса-да суд томонидан икки марта 3 йилдан янги муддатга қамалган Бахтиёр Содиқовнинг онаси Гулчаш Содиқова ҳам Олий суд раиси билан учрашган.

"Олий суднинг янги раиси Козим Камилов қабулида бир марта бўлдим. Муомаласи жуда ҳам қўпол, сизни эшитгиси келмайди. Қамоқлардаги қийноқларни гапириб бошлаган эдик, "гапирманглар, биламан", деб оғзимизни ёпиб ташлади. Ишим ҳал бўлмагач бир ойдан сўнг яна борган эдим. Киритишмади. Энди муомаласи ёмон бўлгани учун ўзимнинг ҳам боргим келмай қолди", дейди у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ