Ўзбекистон: Россия, Америка, Жанубий Корея - ким, қаерга кетмоқчи?

Мигрантлар

"Кўпроқ ёшлар, асосан Россияга, кўпроқ иш ва яхшироқ пул топиш илинжида миграцияни ихтиёр этишмоқда".

Podrobno.uz сайтининг ёзишича, олиб борган тадқиқотлари ортидан, бу каби хулосага Ўзбекистондаги "Ижтимоий Фикр" омма фикрини ўрганиш маркази мутахассислари келишган.

Улар ўзларининг тадқиқотлари асосида, таъбир жоиз, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг "бугунги қиёфасини чизиб беришган".

Россиядан олган суҳбатимизга мана бу линк орқали қулоқ тутинг.

Агар, янги сўров тафсилотларига таянилса, сўнгги йилларда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг катта қисми эркаклардан иборат.

18-19 ёшлилар орасида улар кўпчиликни (16,7) ташкил қилиши ҳам маълум бўлган.

Бу каби ўзбекистонликлар ишлаш учун ўз йўлларини асосан Россияга солишади.

Имконият бўлса, яна Жанубий Корея ва Америкада меҳнат қилишни "афзал билишади".

Сабаб ва мақсад

Улар келтирган омиллар эса, асосан учта изоҳда ўз ифодасини топган.

Бирлари "ватанда иш топа олишмаган", бошқаларига оилаларини таъминлаш учун олаётган маошлари камлик қилган, яна кимларидир эса, "тезроқ пул ишлаш илинжида" бу каби қарорга келишган.

Ҳар икки сўров иштирокчисидан бирига кўра, четда даромад қилиб, уй-жой қилиш, машина олишни режалаган.

Чорак фоизи тўй қилиш, болаларини ўқитиш ва рўзғорининг бошқа кам-кўстларини тўлдиришни мақсад қилган.

Ҳар ўнтадан биттаси эса, "ўз ишини йўлга қўйиб олиш учун" бошланғич капиталга пул ишлаб келмоқчи.

Аммо, шунга қарамай, янги сўров ўтган йил билан солиштирганда, меҳнат муҳожирлиги кайфиятида бўлган ўзбекистонликлар сони камайганига далолат қилган.

Айни дамда бу ишни ихтиёр этиш ниятида бўлган инсонлар сони тўққиз фоиздан сал ортиши маълум бўлган.

Ҳозир кўпроқ Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилояти аҳолисида бу каби кайфият устунроқ экани кўринган.

Жорий йилда ишлаш учун Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиши баробарида бунинг учун Ғарбий Оврўпони афзал билаётганлари фоизи эса, камайган.

Аён бўлишича, иштирокчилардан бирортаси сўров жараёнида Яқин Шарқни тилга олмаган.

Қоламан...кетаман...

Аммо, шунда ҳам, сўров иштирокчиларининг 97 фоиздан ортиқроғи ўз тақдирларини барибир Ўзбекистон билан боғлашлари, умрбод ўзга юртларда қолиб кетмасликларини айтишган.

Ёшлари 18-19 ва 20-29 оралиғида бўлган бор-йўғи 1,5 фоиз ўзбекистонликкина мамлакатни бир умрга тарк этган бўлишлари мумкинлиги ниятини изҳор этишган.

Айтилишича, сўров 2015-2017 йиллар оралиғида 1100 киши орасида ўтказилган.

Йилларки, ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари айнан Россия ҳисобига тўғри келади.

Ҳатто, бугунги ҳисоб-китобларда ҳам уларнинг сонлари қарийб икки миллион кишига етиши айтилади.

Аммо, шунга қарамай, фақат сўнгги йилларга келибгина, уларнинг ҳуқуқларини ҳукуматлар даражасида ҳимоя қилиш саъй-ҳаракатлари бошлангани кузатилади.

Таъкидлаш жоиз, бу яқин-орада Ўзбекистон матбуотида миграцияни ихтиёр этган ва этиш ниятида бўлган ўзбекистонликларга оид бу каби муфассал сўров деярли кўзга ташланмаган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу сўров манзарасида Россиядан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири билан боғланиб, бу хусусда уларнинг ўз фикрлари билан ҳам қизиқиб кўрди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар