Акциз солиқларининг туширилиши нимани англатади?

Энди четдан келадиган гўштларга акциз солиғи солинмайди Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz
Image caption Энди четдан келадиган гўштларга акциз солиғи солинмайди

Ўзбекистон бирламчи озиқ-овқат ва ем нархларига акциз солиғини олиб ташлади. Мутахассислар ушбу чоралар нархларнинг тушишига хизмат қилиши ёки конвертация очилиши жараёнида нархлар қимматлашувининг олди олинишига қаратилганини тахмин қилмоқда.

Президент Мирзиёевнинг 15 августдаги қарорига мувофиқ 1 сентябрдан бошлаб кундалик эҳтиёж учун зарур озиқ-овқат ва ем маҳсулотларига акциз солиқларини бутунлай бекор қилиш ёки кескин тушириш кўрсатилган.

Қарорга мувофиқ четдан кириб келадиган ушбу товарларга божхона томонидан солинадиган солиқлар айрим ўринларда бутунлай бекор қилинганини кўриш мумкин.

1 сентябрдан бошлаб сариёғ, соя ва кунгабоқар ёғи, уруғлик маҳсулотлар картошка, буғдой, маккажўхори, жавдари, арпа каби маҳсулотларининг акциз солиғи олиб ташланган.

Ем маҳсулотларига акциз солиғи 70 фоиздан 10 фоизга туширилган. Картошкага олиб киришга солинган солиқ 20 фоиздан нольга туширилган. Шунингдек, 20 фоиз бўлган кунгабоқар ёғи солиғи ҳам йўқ қилинган.

Энг катта ўзгаришлардан бири гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган. Шу вақтгача 30 фоиздан 70 фоизгача олинган гўшт ва гўшт маҳсулотларига акциз солиғи бутунлай олиб ташланган.

Бундан ташқари унга солинган 11 фоизлик акциз солиғи ҳам бутунлай олиб ташланган.

Мутахассислар ушбу ўзгаришларни сентябр ойида очилиши кутилаётган конвертация жараёнида аҳоли имкон қадар камроқ зарар кўриши учун қилинаётган қадам сифатида баҳоламоқда.

Ун, ёғ ва гўшт маҳсулотларига акциз солиқларининг бекор қилиниши нарх-навонинг тушиши ёки кескин кўтарилиб кетишининг олдини олишига сабаб бўлиши кутилмоқда.

"Яъни акциз солиғисиз ва ноль ставкада бож қўлланиб, мамлакат киритилган импорт маҳсулотлари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳам сергакликка, рақобатга ва сифатга чорлайди. Ўз-ўзидан спекулятив равишда нархларнинг ошиши эҳтимоли пасаяди", - деб ёзади ушбу қарорга муносабат билдирган ўзбекистонлик.

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов даврида турли маҳсулотларга шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам юқори акциз солиғинги ушлаб туриш афзал билинарди.

Ушбу амал мамлакат ичидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун қилиниши айтилган. Бироқ кузатувчилар амалда ушбу чоралар монополияга хизмат қилгани ҳамда рақобатга чидамсиз, сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига олиб келганини айтишади.

Иқтисодчилар мамлакат ичидаги ишлаб чиқарувчилар очиқ рақобатга бардош бера олсагина яшаб кетишини ва бунинг оқибатида халқ олдида танлов пайдо бўлишини айтишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ