"Оёқларим қайтиб ўсмаслигини исботлашим талаб қилинар эди..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўзбекистонда ногиронларнинг вазияти ўнгланадими?

Мен ногиронлар мавзусида ёзган мақолам учун UNESCO кўмагида Лондонга ижодий сафар қилиш имконига эга бўлдим.

Ғарбнинг энг илғор мамлакатларидан бири пойтахтида ногиронлар учун яратилган шароитларни мақташдан кўра, ўзимиздаги вазиятни яхшилаш йўлида қоғоз қоралашни афзал билдим.

Бугун Ўзбекистонда аксарият умид билан яшамоқда. Ногиронлар ҳам умидвор. 2017-21 йилларга бағишланган Ҳаракатлар стратегиясида айнан ногиронларнинг ҳаётини енгиллатишга доир тартиблар ҳам киритилиши ҳақида сўз борар экан...

Бундан сал аввал мен ёши олтмишдан ошган, ўзининг икки оёғи кесиб ташлангани ва яна ҳам қўполроқ қилиб айтсак, оёқлари қайтиб ўсиб чиқмаслигини исботлаб нафақа олиб юрган Зоҳид амаки билан учрашгандим.

Ногирон такси ҳайдовчиси

Ҳозир раҳматли бўлган суҳбатдошим ўшанда мени ўз ҳикояси билан ростакамига йиғлатган эди.

"Мана салкам беш йил ўтибдики, ҳар йили давлатга оёғим қайта ўсиб чиқмаганлигини исботлаб келаман".

Маълум бир сабаблар юзасидан суҳбатдошимнинг исм фамилиясини ошкор этишни истамадим. Аммо унинг дардларига бефарқ қараб туриш мушкул.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳамма ўзгаришлардан умидвор

Қаҳрамоним қанд касаллиги туфайли икки оёғидан ажралган, имконияти чекланган шахс. Тошкентда истиқомат қилади.

Шу сабабли, давлатдан ногиронлар нафақасини олиш учун ҳар йили тегишли ташкилотларга "югуриб" оёқлари йўқлиги ҳақида хужжат тўплаши лозим...

"Нолимайман, икки оёғим йўқ бўлсада, Оллоҳга шукр қилиб яшайман. Шукр, фарзандларим топармон-тутармон. Ногиронлик нафақасига қараб қолган эмасман. Лекин, шунга қарамасдан фарзандларимга оғирлигим тушмасин, дори-дармонларим учун ҳарна ёрдам дея ногиронлик нафақамни олишга харакат қиламан. Нафақани олиш учун хужжат тўплаш жараёни шу қадар қийинки гоҳида фарзандларим "биз сизга шу пулни берамиз қўйинг нафақадан воз кечинг"-дейишади. Шунча югур-югурга яраша нафақа бир-неча йиллик бўлса қанийди. Уни ҳар йили янгилашим лозим. Айрим касалликлар тузалиб кетиши, ногирон инсон соғайиб кетиши мумкиндир, аммо менинг кесилган икки оёғим қайта ўсиб чиқмаслиги аниқ-ку. Нима учун нафақани қайта-қайта янгилашга мажбур қиладилар? Мен майли, фарзандларим шу нафақасиз ҳам мени иссиқ-совуғимга қарай олишади. Бироқ, нафақа орқасидан юрганимда шу пулга муҳтож бўлган кимсаларни кўриб ачинаман. Йўлкира учун ҳам қийналиб, уйдан чиқишга имконияти бўлмаган ногирон кишини нима учун ҳар йили нафақа учун хужжат тўплашга мажбурлашади? Ахир у шундоғам жисмонан ва моддий тарафлама имконияти чекланган-ку. Саратон касаллигининг сўнгги босқичларини бошидан ўтказаётган шахс хужжат тўплаб, ногиронлик нафақасига эришгунча аҳволи янаям оғирлашиши, борингки оламдан ўтиши ҳам мумкин. Назаримда оғир тузалмайдиган касал ва қўл, оёғидан ажралган ногиронлар учун давлат махсус қонунлар қабул қилиши керак. Токи, имконияти чекланган шахс ўзи ҳаста холда югурмасин. Хужжатларга имзо чекиб, юмшоқ ўриндиқларда ўтирган мутасаддилар ўзлари ногиронларнинг уйига бориб хужжатларни расмийлаштирсин деган бўлар эдим. Чунки, мана беш йилдирки ногиронлигим орқасидан тегишли идораларга бориб, қийналган кишиларнинг аҳволини кўриб юрагим эзилади. Улар росмана моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож. Ўриндиқда ўтириб, улардан "қоғоз" тўплашни талаб қилиш эса мантиқсизликдир".

Вақти келса соғ-саломат киши ҳам хужжатбозликдан "дод" деб юборгиси келади, энди имконияти чекланган шахсларнинг қоғоз йиғиб чоп-чоп қилишини тасаввур қилаверинг.

Менинг қаҳрамоним Зоҳид амаки вафот этди.

Аммо Ўзбекистонда Зоҳид амаки тилга олган ва сарсон бўлаётган ногиронлар оз эмас...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02