Трампнинг Афғонистонга оид янги стратегияси Россия ва Тошкент призмасида

Толибон Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда қолаверади, уларнинг сони оширилади, бундан буёғига асосий эътибор эса, "террорчиларни йўқ этиш"га қаратилади".

АҚШ янги президенти Дональд Трамп Афғонистонга оид ўзининг узоқ кутилган стратегиясини ва ниҳоят - расман қудратга келишидан нақ саккиз ой ўтиб эълон қилди.

Аммо ўз ҳарбийларининг яна аниқ қанчага Афғонистонда қолиши ва уларнинг сони яна қанчага оширилиши тафсилотларига ойдинлик киритмади.

Бунгача турли доираларда расмий Вашингтоннинг Афғонистонга қўшимча тўрт мингта аскар жўнатиши айтилган, кутилган, аммо президент Трамп ўзининг кечаги чиқишида бу масалага ойдинлик киритмаган.

АҚШ янги президенти сайловолди кампанияси чоғида ўзининг Афғонистон ва афғон можаросига оид қарама-қарши баёнотлари билан танилган.

Дастлаб, 2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам Афғонистонда қолаётган 10 мингга яқин АҚШ аскарининг олиб чиқиб кетилишига тарафдорлик қилган.

Аммо президент Дональд Трампнинг сўнгги чиқиши тафсилотларидан маълум бўлишича, Ироқдаги хатоларини қайта такрорламаслик учун Афғонистонда қолиш ва афғон урушини бир ёқли қилишга аҳд қилишган.

Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толибов билан суҳбатимизга қулоқ тутинг.

АҚШ янги президентининг баён қилишича, шоша-пиша чиқадиган бўлишса, Афғонистонда ҳам "террорчилар тўлдириши мумкин бўлган бўшлиқ" вужудга келади.

Унга кўра, Афғонистон масаласида бундан буёғига вақтга қараб эмас, объектив шарт-шароитга қараб иш тутишади.

Толибон "мамлакатида" ҳаёт қандай?

Толибон Туркманистон яқинида кетма-кет икки туманни босиб олди

Сулҳ?

Худди шу сўзлари манзарасида Трамп "самарали ҳарбий амалиётлари" ортидан илк бор афғон можаросига алал-оқибат сулҳу мадора йўли билан ечим топишлари эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Аммо узоқ кутилган янги стратегия аллақачон таҳлилчилар орасида "мавҳумлик" ва "эскиларидан деярли фарқ этмаслик" мазмунидаги танқидлар остида қолиб кетган.

АҚШ янги президентининг Афғонистонга оид стратегиясига Толибон ҳаракатининг муносабати кескин бўлган.

"Агар, ўз қўшинларини олиб чиқиб кетмаса, Афғонистон Америка учун бошқа бир қабристонга айланиши" билан огоҳлантирган.

Толибон ўтган йилги сайловолди кампаниясидан бошлаб Дональд Трампни Афғонистондан АҚШ қўшинларини ортга сафарбар этишга қайта-қайта даъват этиб келади.

Аммо номзод ва президент Трамп орада кечган вақт давомида ҳаракатнинг бу каби даъватлари ва такроран йўллаган очиқ мактубларига бирор бир равишда муносабат билдирмаган.

Муносабат

Устига устак, президент Дональд Трампнинг қўшинлари Афғонистонда номаълум муддатгача қолиши ва ҳарбий ҳозирликларининг кучайишига оид янги стратегияси АҚШ ва Россия алоқалари "бу яқин тарихда кузатилмаган даражада совуқлашган" бир пайтга тўғри келган.

Бошқа томондан, Россия ҳам ўзининг минтақадаги геосиёсий манфаатларини кўзда тутиб, Афғонистон ва афғон можаросида фаоллашиш ҳаракатига тушиб қолган бир манзарада кузатилган.

Расмий Кремль шундоқ ҳам сўнгги йилларда АҚШнинг минтақадаги давомий ҳозирлигидан қайта-қайта ўз норозилигини ошкора изҳор этиш йўлига ўтган, яқин-яқингача расмий Вашингтонни Афғонистонда қолаётган сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиқиб кетишга даъват этиб келаётганди.

Минтақада "манфаат талашаётган" бу икки қудрат ўртасидаги йил сайин ёмонлашиб бораётган алоқалар, алал-оқибат, Афғонистоннинг иккинчи Сурия ва янги "прокси уруши майдони"га айланишига оид жиддийгина хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Россия ҳукуматининг сўнгги янгиликка расмий муносабати ҳозирча имконли эмас, аммо америкаликлари дохил хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда қолиши масаласи сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ҳам диққат-эътиборида турган минтақавий масалалардан бири бўлган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов сўнггига қадар уларнинг қолиши лозим ва муҳимлигига оид такрорий ва ошкора баёнотлар билан ҳам чиққан.

Шундай экан, буларнинг барчаси амалда нимани англатади ва минтақада воқеаларнинг ривожи қай тариқа ривож топиши мумкин?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толибовга мурожаат қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02