Ўзбек машиналари Тожикистон бозорига кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Asia-Plus
Image caption Душанбеда "Равон" автосалони очилди.

Ўзбекистон билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг қайта тикланиши манзарасида Тожикистон ўз бозорига ўзбек автомобиллари кириб келишига йўл очиб бермоқда. Бу ҳақида Asia-Plus хабар агентлиги ёзмоқда.

Унга кўра, апрелда пойтахт Душанбедаги ярмаркада "UzAutoSanoat" ўзининг 200дан ортиқ машиналарини кўргазмага қўйганди. Унда кўпчилик тожикистонлик ҳайдовчилар "Равон" автомобиллари билан қизиқиб қолганлар.

Кўргазма якун топиши биланоқ, Душанбенинг Қаҳҳоров кўчасида "Равон" автосалони очилиб, ўзбек машиналари савдоси бошлаб юборилган.

Автосалонда машинанинг R2, R4, Gentra, Nexia R3, Damas, ҳамда Labo кичик юк машиналарини сотиб олиш мумкин.

Машиналар нархи 6,700 доллардан 12,600 долларгача.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Asia-Plus
Image caption Автосалон директорига кўра, бозор қизиган.

Автосалон директори Фаррух Замоновнинг айтишича, Ўзбекистондан олиб келинган 40 машинадан 30таси аллақачон сотилган. Бунга, унинг айтишича, Тожикистон ҳукуматининг хориждан машиналар олиб келинишига қўйилган давлат божини камайтириши қисман сабаб бўлмоқда.

Ишлаб чиқариш тўхтатилди

Айни дамда, Ўзбекистон 24 сайтига кўра, Асакадаги "GM Uzbekistan" заводида ишлаб чиқариш 22 августдан 11 сентябргача тўхтатилган.

Завод маъмурияти буни профилактика назорати ва қишдан аввалги таъмирлаш ишлари билан изоҳлади.

Ўзбекистонда мавжуд бўлган юқори божхона тўловлари туфайли ички автомобил бозорида "GM Uzbekistan" монополияси сақланиб қолмоқда. Ҳайдовчилар эса рақобатнинг йўқлиги ва давлат ўрнатган сунъий нархларнинг ўта юқорилигидан шикоят қилиб келадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар