Мирзиёев далаларга самолётлар чиқармоқчи, аммо ўқитувчиларни-чи?

Image caption Пахта теримига оз қолди.

Президент Шавкат Мирзиёев "2017 йилда ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва самарали ўтказиш бўйича комплекс ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Аммо, қарорда шу кунларда қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган ўқитувчи ва шифокор каби бюджет ходимларини далаларга жалб этмаслик ҳақида бирон сўз йўқ.

Охирги икки ҳафта ичида Ўзбекистоннинг тўрт вилояти ҳокими - Наманган, Фарғона, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари - ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига жалб қилмасликка ваъда беришди.

Уларнинг бу ваъдаси қанчалар расмий Тошкент билан мувофиқлаштирилгани ва Мирзиёевнинг хоҳиш-истагига нақадар мос тушиши ноаниқ.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган Жиззах вилояти ўқитувчисининг айтишича, ўқитувчиларни бу йил пахтага чиқармаслик ҳақида ҳали уларга ҳеч нарса айтилгани йўқ.

"Ўтган йил ҳар бозор куни чиқардик. Бу йил ҳали бир гап дейишмади... Олиб чиқишса керак бизни яна, бошқа ким теради пахтани?" - дея ажабланади ўқитувчи.

Самолёт

Президентнинг охирги қарорида ғўзани сифатли дефолиация қилиш бўйича турли муассасаларга кўрсатма ва буйруқлар берилади.

Дефолиация самолёт ва тракторлар ёрдамида махсус кимёвий моддалар билан ўсимлик баргини тўкишни англатади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Timur Karpov
Image caption Қарорда ўқитувчилар иштироки тилга олинмади.

Қарорда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси "Ўзагрокимёҳимоя" буюртманомалари бўйича ғўза дефолиациясини ўтказиш учун самолётлар ажратсин ва уларнинг 2-иловага мувофиқ 2017 йил 31 августгача минтақаларга етиб боришини таъминласин", дейилади.

Самолётлар ёрдамида далалар узра кимёвий моддани сочиш Совет Иттифоқи даврида қўлланган ва кўп баҳсу-мунозараларга сабаб бўлган.

Унинг нафақат ер ва сув заҳираларига, балки инсон ҳаётига ўта салбий таъсири бир неча бор ёритилган.

Президент ўз қарорида "дефолиантларни ишлатиш нормалари ва тавсияларига қатъий риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик"ни турли муассасаю ҳокимликларга бўлиб берган.

Аммо, Би-би-си билан суҳбатда бўлган тошкентлик журналистнинг айтишича, бу муассаса ва ҳокимлар шахсий масъулиятни қанчалар сезишлари катта савол остида.

У, ўтган йилдан бошлаб далаларда, хусусан Тошкент вилоятининг Паркент туманида дефолиация мақсадида қўлланилган самолётларга гувоҳ бўлганини айтади.

"Пахтадан воз кечиш Мирзиёев иқтисоди негизи бўлиши керак"

Фарғона ҳокими ўқитувчи ва шифокорларни далага чиқармасликка сўз берди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар