Нуқтаи назар: Ўзбекистон президентини ким бошқараяпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи official
Image caption Яқин ўтмиш...

Ҳадемай Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳокимият тизгинини қўлга олганига бир йил тўлади. Турли интернет нашрларида, айниқса, хорижда ўзини мухолиф ҳисоблаётган юртдошларимиз Ўзбекистон раҳбарини у ёки бу кучлар таъсирида бўлиши мумкинлиги, сиёсий маневр учун эркин эмаслиги ҳақида мунтазам фикр юритиб келади.

Одатда очиқ ва демократик жамиятларда Президент ҳокимиятга келгач, ўз сайловолди платформасини амалга ошириш учун маслаҳатчилар жамоаси ва жамоатчилик фикри асосида ҳокимиятни бошқаради.

Мирзиёев-Иноятов қудрат тандеми

Иноятов-Мирзиёев: ким кимга қарши?

Лекин Ўзбекистонда чорак аср давомида ҳокимият ягона одамнинг қўлида эканлиги ҳеч қачон савол остига олинмаган. Шунинг учун Президентни кимдир ёки қандайдир кучлар бошқараётгани ҳақида гап-сўзлар унча-мунчага урчимасди.

Хўш, Президентни ҳақиқатан ҳам кимдир бошқараяптими? Албатта, Ўзбекисонда сўнгги бир йил ичида юз берган ўзгаришларни ҳисобга оладиган бўлсак, Шавкат Мирзиёев ўз хатти-ҳаракатларида мутлақо эркинлиги кўзга ташланади.

Ҳокимиятнинг мустақил институтлари — парламентдан тортиб, суд ҳокимиятигача, айни пайтда прокуратура, ички ишлар органлари, ҳукумат мунтазам унинг кескин танқидига дуч бўлмоқда. Мажлисларда барча бўғиндаги раҳбарлар бошини кўтармасдан блокнотга қайд киритиш билан шуғулланишмоқда.

Шавкат Мирзиёев олиб бораётган кадрлар сиёсати ҳам унинг мустақиллигига шубҳа туғдирмайди. Миллий хавфсизлик ва армия масаласида ўзгаришлар қилинмагани ёки кўзга ташланмаганини бу соҳаларнинг нозиклиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳар қалай ўзини ҳурмат қилган раҳбар мамлакат армияси ва хавфсизлик идорасини очиқчасига танқид қилмайди. (Агар у Трамп бўлмаса).

Унда нега Президент фаолиятида мустақил эмаслиги ҳақида фикрлар янграяпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/mirziyoyev
Image caption Халқ билан ҳамнафаслик?..

Мамлакатда кечаётган жараёнлар, яъни қабул қилинаётган фармону қарорларга қараб, қолаверса,амалиётдаги ҳолатни, шу жумладан, Президент сиёсатида ўзгаришларни таҳлил қилиб шуни айтиш мумкинки, давлат раҳбари республикани ўз командаси тайёрлаётган рецептлар асосида бошқараяпти.

Президент командаси деганда давлат маслаҳатчилари, вазирлар, ҳокимлар ва бошқа марказий идоралар раҳбарлари назарда тутиляпти. Президент командасидаги раҳбар ёки давлат маслаҳатчиси ҳурмати юқори бўлса, шу билан бирга, президент олиб бораётган қайсидир сиёсат тўғри эмаслигини тушунтириб бера олса, шу соҳада яққол ўзгаришлар сезиляпти. Буни учта соҳа мисолида кўриш мумкин.

Биринчиси, президентнинг пул-кредит сиёсати. Маълумки, ўтган йилнинг сентябридан шу йилнинг май ойигача бўлган даврда Президент аҳолига арзон кредит бериш, арзон уй-жойлар ажратиш тўғрисида кенг кўламли кампанияни олиб борди. Моҳиятан популистик лойиҳалар. Одамларга ёқади, лекин банк-молия тизими бунга нечоғли тайёрлиги билан президентнинг иши йўқ. Қайсики вилоятга борса, президент банкларни миллиардлаб маблағларни арзон кредит сифатида одамларга, тадбиркорларга беришга ундади.

Натижада нима бўлди?

Марказий банк вакилининг Халқаро пресс-клубда айтишича, 2017 йилда тижорат банклари томонидан жуда катта миқдорда кредитлар ажратилди. Кредит қўйилмалари ҳажми олдинги йилларга қараганда ниҳоятда ошиб кетди. Ярим йилликнинг ўзида ушбу кўрсаткичнинг ўсиш даражаси 45,6 фоизни ташкил қилди. Фақатгина кичик бизнес субъектларига ярим йилликда 10,2 триллион сўм, йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш учун 7,2 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Иқтисодчиларнинг айтишича, натижада мамлакат банк тизими ҳалокат ёқасига бориб қолди. http://podrobno.uz/cat/economic/tsentrobank-uzbekistana-obeshchaet-v-etom-godu-mnogo-kreditov-dlya-biznesa-/

Шу йилнинг июнь ойида республика Марказий банкига Мамаризо Нурмуратовнинг тайинланиши билан вазият тубдан ўзгарди. Президентнинг "товуқ-кредит"сиёсатига қарамасдан, арзон кредит тушунчаси аста-секин муомаладан чиқарила бошланди. Қайта молиялаш ставкаси 9 фоиздан йиллик 14 фоизга кўтарилди, валюта ислоҳотлари комплекс олиб бориляпти, 50 минг сўмлик жорий қилинди. Буларнинг барчаси Шавкат Мирзиёев аввалбошда танлаган халқона сиёсатга гўёки зид, чунки оддий одамлар бу сиёсатдан қайсидир маънода қисқа муддатда зарар кўриши турган гап.

Лекин банк-молия соҳаси вакиллари, халқаро молия институтлари бу қарорни қўллаб-қувватлашмоқда. Халқаро валюта фонди (ХВФ)нинг жаноб Альберт Егер бошчилигидаги миссияси баёнотидан: "Ислоҳотларни пул массаси ва кредитлашнинг тез ўсиши билан боғлиқ инфляция босими шароитида олиб боришга тўғри келади. Шу боис, миссия Ўзбекистон Марказий банкининг яқинда қайта молиялаш ставкасини 9 фоиздан 14 фоизгача ошириш ҳисобига пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришини ижобий баҳолайди" http://cbu.uz/uzc/press-tsentr/dopolnitelnay-informacia/91986/

Нима демоқчимиз?

Демак, Марказий банк раҳбарияти соҳани яхши тушуниши, компетент эканлиги, қолаверса, президентнинг унга нисбатан ҳурмати юқорилиги ҳам вазиятнинг бутунлай ўзгаришига олиб келди. Демак, президентга вазиятни тўғри тушунтириб бера олган, унга дардини айта оладиган раҳбарлар қарорлар қабул қилишга таъсир кўрсатаяпти.

Иккинчиси, аҳолини арзон дори-дармон билан таъминлаш сиёсати. Бу соҳага аввалига бош вазир ўринбосари А. Икрамов масъул бўлса, кейинчалик у ишдан олингач, Соғлиқни сақлаш вазири билан бирга, Бош вазир соҳага масъул ҳисобланади.

Президентнинг 2016йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди.

Гарчи Соғлиқни сақлаш вазирлиги "чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 8% дан 44% гача пасайганлигини кўрсатди", деб иддао қилаётган бўлса-да, дори воситалари нархи яна кўтарилиб, дорилар танқислиги юзага келган. Буни ижтимоий тармоқларда ҳам, интернет нашрларида ҳам, телевидениеда кетган кўрсатувларда ҳам жуда кўп марта қайд этишди.

Афтидан юқоридаги қарор нотўғри бўлганини ҳеч ким президентга тушунтириб бера олмади, бунга на Бош вазир, на соғлиқни сақлаш вазири журъат қила олмаган. Натижада шу йилнинг 7 июль куни президентнинг "Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги навбатдаги қарори чиқди. Мутахассисларнинг айтишича, бу қарор ҳам вазиятни ўзгартира олмайди.

Сўз эркинлиги қанча давом этади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet
Image caption Марҳум ва ҳозирги президентнинг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ва халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, мамлакатда ҳақиқатан ҳам очиқлик ҳавоси кириб келди. Нафақат интернет нашрларида, балки телевидение орқали ҳам жиддий мавзуларда танқидий чиқишлар пайдо бўла бошлади. Вазирликлар, ҳокимликлар ОАВ орқали ўткир мавзуларда чиқишлар қилмоқда. Халқаро пресс-клуб ҳам ўзбек медиа-маконига янгича ёндашувларни олиб кирди. "Пресс-клубга ўринбосарлар бормасин", дея Шавкат Мирзиёев вақти келганида ХПК сессиясида ўзи ҳам иштирок этишини билдирди.

Шу ўринда Президентдан яна бир иқтибос: "Хато бўлади. Қачон хато камроқ бўлади? Шу жараёнда халқнинг ўзи бевосита салгина бўлса ҳам муносабатини билдирса, таклифларини берса хато камроқ бўлади. Шунга биз ҳаракат қилмоқдамиз. Мана қабулхоналар, виртуал қабулхона, Халқ қабулхоналари, ҳамма қилган мақсадларимиз, нима учун мен буни қаттиқ ушлаяпман? Одамларни гапиртиришга ўргатишимиз керак, одамларни сал эркин яшашга ўргатишимиз керак, одамлар билан ҳисоблашишга мажбур қилишимиз керак. Агар одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўймасак, биз хато қилаверамиз". Президент бу гапларни шу йилнинг 11 август куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида айтган. Умуман, Президент қоғоздан ўқимасдан, ўз фикрларини баён этса, у очиқлик тарафдори эканлиги кўринади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи offical
Image caption Қоғозга қарамай ирод қилинаётган нутқ...

Бироқ, қоғозда ёзилган маърузаларда бошқача оҳангни кўрамиз. Масалан, шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузаси "бугунги кунда зиёлилар даврасида енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани тўғрисида ҳақли эътирозларни эшитиш мумкин" дейди.

"Ҳозирги пайтда юртимизда турли мулк шаклига эга бўлган 1513 та оммавий ахборот воситаси, шунингдек, 122 та нашриёт фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг барчаси ҳам бизнинг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиляптими, деган савол кўндаланг турибди. Хусусий нашриётларнинг кўпчилиги бир вақтлар вилоятларда ҳам нашриётлар бўлсин, деган нотўғри ёндашув билан ташкил этилгани, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти ниҳоятда ночор экани китоб деган мўътабар тушунчанинг қадрини туширишга олиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин бу муаммони қонуний асосда қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида амалий таклифлар деярли учрамайди. Бошқаларга қандай, билмадим-у, аммо менинг назаримда, бундай салбий ҳолатнинг бош сабаби мамлакатимиз ахборот бозорининг тартибга солинмагани билан боғлиқ. Бу борада сон эмас, сифат ва самара муҳим. Майли, нашриётлар сони 122 та бўлмасин, озроқ бўлсин, лекин талабга жавоб берадиган бўлсин", дейди.

Бунга қайси тарафдан боқманг, цензурага ундашдан бошқа нарса эмас. Чунки ўша мажлиснинг эртасигаёқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев оммавий ахборот воситаларига иккита огоҳлантириш билан чиқди: "Оғриқли нуқта... Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги огоҳлантиради!" (http://www.api.uz/news/info/agancy/4294/), "Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз!" (http://www.api.uz/news/info/agancy/4293/) деб номланган дўқ-пўписани эълон қилди.

Шу кунларда Ўзбекистон телевидениеси раҳбариятида яна бир кадрлар ўзгариши юз берди. Ҳар куни бўлиб турган тўғридан-тўғри эфирлар йўқолди. Эндиликда телевидениедаги "жиддий кўрсатувлар" президент маслаҳатчиси назоратидан ўтказиладиган бўлибди.

Қоғозга боқмай гапираётган Шавкат Мирзиёев ва тайёрланган маърузани ўқиётган Шавкат Мирзиёев ўртасида фарқ борми?

Албатта, маърузани президентнинг ўзи ёзмайди... Маъруза ёзувчи ҳам кимларгадир "қулоқ солиши мумкин"... Кейин ўзгаришлар ҳам барчага бирдай ёқаётгани, айниқса тепадагиларга...бўлмағур гап.

Биз мисол тариқасида келтирган учала ҳолат — Президентни ким бошқараяпти, деган саволга озгина бўлса-да, ойдинлик киритиши мумкин. Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотлар жараёни палапартиш кечаётгани ҳам аслида шунда. Чунки чап қўл қилаётган ишдан ўнг қўл бехабар.

Президент командаси эса турли қарашдаги одамлардан ташкил топган: либерали ҳам бор, реформатори ҳам бор, консерватори ҳам бор. Лекин уларнинг ғояларини йиғиб, таҳлил қилиб, сўнг қарорлар қабул қиладиган марказ йўқ, холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ