Нуқтаи назар: Ўзбекистонда давлат идоралари "шишиб" кетмаяптими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Шу йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали — regulation.gov.uz сайтига Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепцияси лойиҳаси жойлаштирилди. Ҳужжатнинг мазмунига қарайдиган бўлсак, у инқилобий мақсадларни кўзда тутади: Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилсин.

Яъни Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилганидек, маъмурий ислоҳотлар жараёнида давлат бошқарувини номарказлаштириш, такрорланувчи функцияларни бажарадиган давлат органлари, турли комиссияларни бекор қилиш ёки бир-бирига қўшиш орқали давлат бошқаруви ва хизматини тубдан ислоҳ этиш назарда тутилади.

Бош прокуратура томонидан тайёрланган ҳужжатда ўтиш даврида самарали бўлган бошқарув ва маъмурий буйруқбозлик тизимининг "қўлбола" усуллари ўз долзарблигини йўқотганлиги эътироф этилган. Қисқача айтадиган бўлсак, бугунги бошқарув тизими ўзини оқламаяпти, ҳамма ўз вазифасини аниқ биладиган, очиқ давлат институтларини шакллантиришнинг вақти келди.

Нуқтаи назар: Ўзбекистон президентини ким бошқараяпти?

Шундан бўлса керак, жамоатчилик ушбу лойиҳани ижобий қабул қилди. Масалан, бошқарув соҳаси эксперти Азиза Умарова "умид қиламанки, ҳужжатнинг охирги вариантида ҳам ушбу новаторлик руҳи сақлаб қолинади ва унинг амалга оширилишини узоқ кутмаймиз", деб фикр қолдирган. {Facebook}

Чиндан ҳам, давлат бошқаруви бўйича тасаввурга эга киши концепция лойиҳасида кўзда тутилган вазифалар идеал жамият — "фозил одамлар шаҳри" билан уйғунлигини англайди.

Янги уйни эскисини бузиб қур...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mtrk.uz
Image caption Янги уйми, эскими?

Ўзбеклар ҳар қандай ўзгаришларга вазминлик билан қарашади. Шунинг учун ҳам "Янги уй қурмасдан, эскисини бузма" дейишади. Бу тамойил ҳатто Ислом Каримов даврида давлат сиёсати фалсафаси эди.

Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистон ҳукумати Маъмурий ислоҳотлар концепциясини қабул қилишга кечикмадими?

Маъмурий ислоҳотлар концепцияси Шавкат Мирзиёевнинг давлатни бошқариш бўйича қарашлари (vision), стратегиясини ўзида акс эттириши керак. Агар мантиққа таянадиган бўлсак, концепция бундан бир йил аввал қабул қилиниши керак эди. Чунки Президент айнан шу концепция асосида истиқболда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини ташкил қилиши лозим эди. Концепция лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқарувининг республика органлари ҳаддан ташқари марказлашгани, маҳаллий ижро органларининг ташкилий-штат тузилмаси заифлиги танқид қилинган.

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 августдаги фармойишида қайд этилишича, Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганидан бери — олти ой ичида 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди, 20 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар қайта ташкил этилди. Давлат органлари кўпайса кўпайдики, умуман камайгани йўқ. Марказлаштириш сиёсати давом этаяпти.

Бугун Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари штат бирлиги кўпайгани ёки камайгани ҳақида аниқ бир тадқиқотлар, маълумотлар йўқ. Чунки ҳар куни қабул қилинаётган 2-3 та фармон ва қарор бу борада барқарор прогноз ва тадқиқот олиб боришни имконсиз қилиб қўйди. Ислом Каримов даврида эса давлат хизматчилари сони ҳар йили ўртача 10 фоизга қисқартирилаётгани баралла айтилар эди...

Том маънода корпоратив бошқарув жорий қилиниши керак бўлган соҳаларда вазирлик даражасидаги давлат муассасалари пайдо бўлди. Битта Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида Давлат ветеринария қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси, "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси, Ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация сингари кўплаб тузилмалар пайдо бўлди. Қишлоқ хўжалиги, савдо-содиқ, тадбиркорлик соҳасида ташкил қилинаётган фондлар, уюшмаларнинг адоғи кўринмайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг штати уч баробар кўпайтирилиб, раиснинг тўртта ўринбосари лавозими таъсис этилди. Бундай ташкилотларни кўплаб санаш мумкин. "Нуронийлар" жамғармасидаги кенгайишлар ҳам бунга яққол мисол.

Албатта, қисқартирилаётган соҳалар ҳам йўқ эмас. Масалан, "Ўзбекэнерго", "Ўзтрансгаз" компаниялари, 11-синф жорий қилиниши билан касб-ҳунар таълими тизимидаги қисқартиришларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Бироқ, бу оптималлаштириш ишлари умумий вазиятни ўзгартирмайди. ("Ўзбекэнерго" АЖнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича 6 562 та электромонтёр штат бирликлариҳамда "Ўзтрансгаз" АКнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирликлари қисқартириш кўзда тутилган).

Маъмурий ислоҳотлар нега ўтказилади? Авваламбор, фуқаролар мавжуд бошқарув тизимидан норози бўлса. Айни пайтда давлат бошқаруви аппаратининг солиқ тўловчилар, натижада давлат бюджетига оғир юк бўлаётгани ҳам мана шундай ислоҳотларга йўл очади.

Маъмурий ислоҳотлар шундай амалга оширилиши керакки, ҳар икки-уч йилда у ёки бу вазирликни қайта тузиш, номини ўзгартириш кун тартибига чиқмаслиги керак. Маъмурий ислоҳотда ташкилотнинг номини ўзгартириш каби тушунарсиз чоралардан, яхшиси, тийилиш керак. Масалан, Меҳнат вазирлиги номини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон бастакорлари уюшмасини Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси деб ўзгартиришда Афлотун ҳам маъно топа олмаса керак...

Велосипедни қайтадан ихтиро қилиш шартми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи official/facebook

Инсоният ўрта ҳисобда уч минг йиллик бошқарув тарихига эга бўлса, кишилик жамияти ҳар қандай менталитет ва географик жойлашувдаги мамлакатлар учун мақбул бошқарув моделларини яратган. Албатта, уларни тўғридан-тўғри кўчириш иложсиз бўлса-да, мазкур моделлар асосида мослаштирилган бошқарув тизимини яратиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон парламенти икки палатали. Аксарият демократик мамлакатларда шу тартиб амал қилади. Лекин Ўзбекистон парламенти Сенати дунёдаги сенатлардан қонунчилик ташаббусига эга эмаслиги билан ҳам тубдан фарқ қилади.

Бироқ Ўзбекистонда сўнгги пайтларда бошқарувнинг янги ўзбекона модели бўй чўзаяпти. Интернет нашрларида жойлардаги бошқарувнинг "тўртлиги" ишдан кетаётгани ҳақида бот-бот хабарлар чиқиб турмоқда. Янги давр қоидаларига кўра, ҳар бир тумандаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун ҳудуднинг тўрт раҳбари — ҳоким, прокурор, ички ишлар бўлими бошлиғи, давлат солиқ инспекцияси бошлиғи шахсан жавобгар ҳисобланади. Президентга муайян туманда нимадир ёқмаса — тўртовлоннинг барчаси ишдан кетади.

Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9 августдаги қарори билан бошқарувнинг ушбу мутлақо янги тизими ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Унга кўра, республикадаги барча маъмурий бирликлар (вилоят, туман, шаҳар) ҳокимлар, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган секторларга бўлинди. Энди ҳар бир туман географик жиҳатдан тўртга ҳудудга — 4 та секторга бўлиниб, уларга тўрт амалдор бириктирилди.

Дунёнинг бирор мамлакатида учрамайдиган ушбу тизим қандай натижа беришини албатта вақт кўрсатади. Лекин битта нарса аниқки, бундай бошқарув усули самарадор бўлганида, дунёнинг бошқа мамлакатлари ўзларида аллақачон жорий қилган бўлур эди.

Яна шундай "ихтиро"лардан бири. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил қилинганидир. "Прокуратура тўғрисида"ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади. Тижорат ташкилоти ("Ўзбекэнерго", "Ўзтрансгаз") ва фуқаро муносабатларида қонунбузилиш ҳолати юзага келса, прокуратура вазиятга аралашиши керак. Мажбурий ижро бюроси фуқаронинг ҳуқуқларини бузса, прокуратура холис ва адолатли равишда фуқаро тарафда тура оладими? Ўзига ўзига қарши бора оладими? Булар риторик саволлар, албатта.

Бунақа палапартиш маъмурий тизим алал-оқибат давлатнинг ривожланмасдан, бир жойда депсиниб туришига олиб келади. Чунки чиройли сўз бўлиб кўринса-да, жамият ва давлат ишларини бошқаришда "ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати"ни таъминламасдан, апробациядан ўтган моделларни татбиқ қилмасдан кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.

Вазирлар нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи official/facebook
Image caption Президент

Маъмурий ислоҳотни амалга ошириш учун авваламбор сиёсий хоҳиш керак бўлса, иккинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, айниқса, мансабдор шахслар бунга мослашувчан бўлиши лозим. Эътиборли жиҳати, маъмурий ислоҳотлар зарурлигини Ўзбекистондаги қатор амалдорлар ҳам таъкидлашаяпти. Масалан, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовнинг Дарё.uz сайтида қайд этишича, дунё амалиётида «электрон ҳукумат» тизими энг ривожланган мамлакатларда, шу соҳа учун жавобгар бўлган вазирликлар номларида «алоқа, АКТ, ахборот» деган тушунчалар йўқ. Жанубий Корея, Хорватия, Норвегияда бу билан давлат бошқаруви вазирликлари шуғулланади. Яна бир марта такрор айтаманки, АКТни жорий қилишдан аввал, биринчи навбатда давлат бошқарувини яхшилаш керак... Кореяда ислоҳот нима учун муваффақиятли кечди? Чунки Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги (2008 йилгача — Давлат бошқаруви ва ички ишлар вазирлиги) ҳар қандай хизматларни, ҳар қандай штат тузилмасини ва молиялаштиришни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга эди...

Вазир тўғри мотивация тизими бўлмаса ҳар бирининг тепасига тўрттадан видеокамера қўйсангиз ҳам, мансабдорлар тўғри ишлашни бошламаслигини айтади. "Маъмурий ислоҳот керак. Биз барча давлат органлари ўртасидаги ягона тизимни ишлаб чиқмоқдамиз, у ижро тартибини ҳам, бутун ҳужжатлар айланмасини ҳам кўрсатиб беради", дейди у.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Худоёр Мелиевнинг ёзишича, республика уюшмалари, компанияларида ҳали ҳам ўзларининг идорасини "министрлик" ҳисоблайдиган, эскича қарашлардан воз кеча олмаётган ходимлар мавжуд.

Унинг фикрича, маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва дастури лойиҳаларини шакллантириш учун, даставвал, давлат бошқаруви тизимида мавжуд бўлган барча камчиликни, ҳал қилиниши шарт бўлган масалаларни аниқлаб олиш керак. Режалаштирилаётган маъмурий ислоҳотлар шунчаки шаклий ўзгартиришлар билан эмас, балки замонавий давлат менежментини жорий қилиш ва ўз навбатида, стратегик мақсадларимизга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлмоғи керак. "Бунинг учун ўзбек давлатчилиги тарихидаги ҳамда ҳозирги даврдаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг барча жиҳатини, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш, бу жараёнда кўр-кўрона ёндашмаслик, халқимиз давлат хизматидан нима кутаётганини мудом ҳис этмоқ зарур", деб ёзади юрист.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02