Президент Мирзиёев ижтимоий тармоқларда, бу - 'пиар'ми ва ё?..

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram

Шу кунларда Тошкентдан олинган хабарлардан Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг барча йирик ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзининг расмий аккаунтига эга бўлгани аёнлашган.

Айни аккаунтларни Ўзбекистон президенти билвосита ва ё бевосита бошқаришидан қатъиназар, бу замонавий Ўзбекистон учун мисли кўрилмаган воқеиликдир.

"Telegram"да ҳам президент Мирзиёевнинг канали пайдо бўлди, деган сешанба кунги хабарлар манзарасида "Facebook"даги расмий аккаунтида унинг барча ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифалари манзиллари эълон қилинган.

Бу "расмий аккаунтлар"нинг яралиш тарихи бир-биридан анча фарқ қилади.

Санасига назар ташланганида, дейлик, Ўзбекистон янги президентининг YouTube да ўз каналини очганига қарийб бир йилча бўлиб қолгани аёнлашади.

Шавкат Мирзиёевнинг "Instagram"даги аккаунти эса, бундан икки ҳафтача бурун фаоллашгани кузатилади.

Унгача Бош вазир бўлган Мирзиёев ўтган йил декабрь ойида расман Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида иш бошлаган.

Бунга амалдаги давлат раҳбари, Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бошқариб келаётган 78 ёшли Ислом Каримовнинг кутилмаган ўлими сабаб бўлган.

Узоқ йиллик бошқаруви ва Қозоғистон каби айрим минтақа давлатларида урф бўлиб улгурганига қарамай, марҳум президент ижтимоий мулоқот тармоқларида фаоллашишга деярли қизиқиш билдирмаган.

Худди шу боис ҳам, янги президент Шавкат Мирзиёевнинг барча йирик ижтимоий мулоқот тармоқларида ўз расмий аккаунтига эга бўлгани ва эга эканига оид хабар Ўзбекистон ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам катта қизиқиш ва ҳатто, ҳайрат билан ҳам қарши олинган.

Бу каби янгилик маҳаллийси қолиб, минтақавий кузатувчилар ва таҳлилчиларнинг ҳам эътиборларини ўзига жалб этмай қўймаган.

Шавкат Мирзиёев: Номаълумликдан машҳурликка

Президент Мирзиёев милициядаги жиноятлар ва таниш-билишчиликни қоралади

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

"Умуман олганда, бу - фақат олқишлаш мумкин бўлган қадам. Аммо мен буни президент Мирзиёевнинг халқ билан мулоқот қила олиши, ижтимоий-мулоқот тармоқлари орқали одамларга ўз сўзини тўғридан-тўғри етказа олишига қаратилган пиар ("public relations") нинг бир қисми сифатида талқин этган бўлардим. Чунки бу ҳозир жуда урфга кирган ва дунёнинг кўплаб лидерлари томонидан қўлланилади", - дейди эксперт Алишер Илҳомов.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, шунда ҳам, "бу - бирор бир давлат раҳбарининг демократ экани, демократик институтларни қўллаб-қувватлашини англатмайди, бундай гап дегани эмас".

"Чунки, бизга яхши маълумки, авторитар режимларда, дейлик, ҳатто, Россияда ҳам лидерлари ижтимоий мулоқот тармоқларидан фойдаланишади. Аммо бу ўша мамлакатда сўз, матбуот эркинлиги ва бошқа, бошқалар...амалда эканига далолат қилмайди", - дейди у.

Ўз ўрнида, ижтимоий мулоқот тармоқларидаги барча "расмий аккаунтлари"га назарда ташланганда ҳам, улардан фақат Ўзбекистон янги президентининг фаолиятига оид расмий хабарлар, видеолар ва суратлар жой олганини кўриш мумкин.

Улардан айримларига эса, қисқа пост остида президент Мирзиёев расмий веб саҳифасининг интернетдаги манзили: http://president.uz/ ҳам илова қилинади.

Яъни, айрим кузатувчи ва таҳлилчилар наздларида, бунга ўхшаш расмий мазмундаги постлар бу аккаунтларнинг, дейлик АҚШ Президенти Дональд Трамп ёки Россия Бош вазири Дмитрий Медведев мисолида кузатилганидан фарқли тарзда, шахсан Мирзиёев ўзи томонидан юритилаётганига оид тасаввур бермайди.

Жонлими ва ё "жонсиз"...

"Ўқувчи(интернет фойдаланувчиси - таҳр.) сифатида, сўзсиз, давлат раҳбарининг бирор бир таҳрирсиз, "ўз сўзини тинглаш" қизиқ бўларди. Лекин, менимча, эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан бу постлар унинг коммуникация бўйича яқин ёрдамчилари томонидан, барибир, таҳрир қилинади. Бошқа томондан, назаримда, бунинг ҳеч бир ёмон жиҳати ҳам йўқ. Чунки ўз постларини тўғридан-тўғри чоп қилиб, танқидлар тиғи остида қолиб кетаётган айрим давлат лидерлари тажрибаси бунга мисол. Яъни, фақат бир томонлама баҳо бериш қийин бўлган масала. Шахсан ўзи юритадиган бўлса, жонли, бевосита бўлади, аммо унинг обрўси ва бошқа, бошқалари учун айрим рисклардан ҳам холи бўлмайди", - дейди мавжуд ҳолатга ўз баҳосини берган эксперт суҳбатдошимиз.

Аммо, унга кўра, президент Шавкат Мирзиёев шахсан ўзининг ҳам айрим ҳолатларда ижтимоий-мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтларидан фаол фойдаланиши эҳтимолини назардан соқит этиб бўлмайди.

"Таъбир жоиз, минбардан фойдаланиш унга ёқади. Чунки халқ олдидаги чиқишлари билан аллақачон бунинг "таъмини олиб бўлган". Айниқса, айрим давлат ходимлари, прокурорлар ва милиция қаттиқ танқид остига олинган чиқишлари халққа анча ёққан. Уларда, мана, тартиб ўрнатса бўларкан-ку, деган туйғуларни пайдо қилган, руҳлантирган. Чунки унинг айрим сўзлари шахсан ўзимга ҳам ёққан. Балким, мана шуларнинг барчасини назарда тутиб, у айрим ҳолатларда ижтимоий-мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтларидан фаол фойдаланишга бориши мумкин. Ҳозирча, мен унинг номидан ҳеч нарса дея олмайман. Кўрайлик-чи...".

Бешта йирик ижтимоий мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтлари орасидан эса, Ўзбекистон янги президентининг энг кўп "Facebook"да оммабоп экани кўрилади.

Президент Шавкат Мирзиёевни шу кунда "Facebook"да қарийб 125 минг интернет фойдаланувчиси "like"қилган.

Ўтган ҳафта президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг кабинетидан суратлар чоп қилган.

Мирзиёев ўз иш жойида таълим тизими масъуллари ҳисоботини тинглаётгани акс этган суратларда унинг компьютер турган иш столи ҳам кўринган.

Ўзбекистон янги президенти Олий мажлис депутатлари билан учрашувда интернетдан фойдаланиши ва ундаги танқидий мақолаларни ўзи топиб ўқишини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02