‘Гиннес рекорди учун Ўзбек паловига махсус номинация'

Палов Фото муаллифлик ҳуқуқи Chustiy

Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раисининг айтишича, Тошкентдаги тажрибалари ўзини оқлаган ва бунинг ортидан, 8 сентябрь куни Ўзбек паловини махсус номинация остида Гиннес рекордлар китобига киритишади. Жаҳон рекордини янгилашади. Бунақаси ҳали бўлмаган.

"Албатта, иш бор жойда камчиликлар ҳам бўлади. Бизлар ҳамма камчиликларни инобатга олдик. Энг муҳими, тайёрлаган таомимиз ўзимиз кўзлагандек, зўр бўлиб чиқди. Ташкилий масалалар бўйича қўйилган озгина камчиликларни эса, албатта, тўғрилаб борамиз", - дейди Акбар Умаров биз билан суҳбатида.

Гиннес рекорди учун Ўзбек паловига махсус номинация очилганига оид хабарни эса, Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси вакили ҳам тасдиқлади.

Ўзбекистон тарихидаги энг улкан палов 17 август куни тайёрланган ва унинг оғирлиги 6 тоннадан ортиқроқни ташкил этган.

Мега палов Ўзбекистон ошпаз аҳли шу пайтгача гувоҳ бўлмаган ва ишлаб кўрмаган улкан қозон ва ўчоқда ҳозирланган, капгирларнинг узунлиги ҳам мамлакат учун рекорд даражада бўлган - икки метрдан ортироқни ташкил этган.

Диаметри 4 метрдан ортувчи, ҳажми қарийб 8 минг литрни ташкил этувчи қозон, оғирлиги қарийб 3 тоннага етувчи ўчоқ ва бунга қўшимча энг узун капгирлар ҳам Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган, Олмалиқ кон-металлургия корхонасида қуйилган, ясалган.

Ташкилотчиларга кўра, бу - Ўзбек паловини ва ниҳоят Гиннес рекордлар китобига киритиш олдидан бир репетиция жараёни бўлган.

Акбар Умаров билан суҳбатимиз тафсилотларига мана бу линк орқали қулоқ тутинг.

Палов ва ниҳоят ЮНЕСКО рўйхатига киритилди

'Ҳазрати палов'да Ўзбекистон ва ўзбек палови ғолиб

Ўзбек палови ва янги жаҳон рекорди

Ўзбекистонлик ташаббускорлар бундан олти йилча бурун рекорд тоннада палов тайёрлаб, уни Гиннес рекордлар китобига киритиш ташаббуси билан чиқишган.

Ўша пайтда мазкур ғоя ташаббускорлари www.oshxona.uz сайти ва Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси бўлишган.

Ташаббускорлар бундан мақсад Ўзбекистон, Ўзбек миллий ошхонаси ва паловини дунёга танитиш эканини айтишган.

Ўзлари кўзда тутган янги жаҳон рекордини 2012 йилнинг баҳор ойларида ўрнатиш режасида эканликларини билдиришганди.

Аммо Гиннес халқаро қўмитаси уларнинг мурожаатларига "рекорд миқдорда тайёрланажак гуручли таомнинг 80 фоизи гуручдан иборат бўлиши кераклигини айтиб, жавоб берган".

"Қўмитага Ўзбек паловини тайёрлаш технологиясининг ўзига хосликлари тушунтирилганда ҳам, улардан "рекордлар китобига киритиш учун ўз қоидалари борлиги, ана шу қоидалардан четга чиқолмасликлари" мазмунидаги жавобни олишган.

Аммо Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, буларнинг барчасига қарамай, "бошлаган ишларини охирига етказишга ҳаракат қилишлари"ни билдирган.

"Ўзбек паловини халқаро Гиннес қўмитаси меъёрларига мувофиқ пишириш устида бош қотираётганликлари"ни айтганди.

"Ижобий ечим"

Акбар Умаров билан сўнгги суҳбатимиз тафсилотларидан маълум бўлишича эса, ҳозир масаланинг ана шу муҳим томони ўзининг ижобий ечимини топган.

"Гиннес халқаро қўмитаси яқинда Ўзбек палови учун махсус номинация очишга рози бўлган".

Буларнинг барчасига бош ташаббускор сифатида бу гал Ўзбекистон Milliy телеканали чиққан.

"Орзиқиб кутилган" янги жаҳон рекордини ўрнатишга эса, расман 8 сентябрь куни - "Ўзбегим" Миллий қадриятлар фестивали доирасида уриниб кўрилмоқчи.

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раисининг айтишича, бу жараёнда ҳам худди ўша қозон, ўчоқ, капкир ва ошпазларнинг ўзидан фойдаланилади.

Худди Олмалиқдаги тажриба жараёнида пишириб кўрилгани каби Тошкентча байрам палови тайёрланади.

Акбар Умаровга кўра, ўтган ҳафтадаги мега паловнинг таъми шахсан ўзига ҳам, уни татиб кўрган қолган барчага ҳам бирдек "ёққан".

"Бу палов бир маслаҳат билан, бир фикр билан, ухламасдан, шунақа оғир меҳнат ва машаққат билан тайёрландики, бу иш осон бўлгани йўқ", - дейди суҳбатдошимиз.

Агар, Тошкентдан олинган айрим хабарларга таянилса, олти минг тоннадан зиёд палов Олмалиқда йигирма мингдан зиёд кишига текин тарқатилган.

Муносабатлар

Аммо Ўзбек паловини Гиннес рекордлар китобига киритишга қаратилган бу уриниш ўзбекистонликлар орасида қарама-қарши муносабатларга ҳам сабаб бўлган.

Айниқса, турли ижтимоий мулоқот тармоқларида анчайин қизғин баҳсу мунозараларни уйғотган.

Айрим интернет фойдаланувчилари наздларида, бу - ортиқча исрофгарчилик бўлган.

"Бунга кетган пулни эса, хайрия мақсадларида ва ёки қашшоқликни аритишга сарфлаш тузукроқ бўлган".

Бу каби фикрларга ҳам ўз муносабатини билдирган суҳбатдошимизга кўра, "палов маданияти ва анъаналари бу фақат қорин тўйғизишдан иборат, дегани эмас".

"Бунинг ўз маданияти, урф-одатлари ва анъаналари бор. Тарбиявий аҳамиятга эга бўлган жиҳатлари...Биз буларнинг ҳаммасини ана шу таом орқали халққа чиройли қилиб етказишимиз керак", - дейди Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси.

Ўзбекистон томонининг янги жаҳон рекордини ўрнатиш уриниши Ўзбек ва Тожик палови Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ЮНЕСКО жамғармаси томонидан "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" рўйхатига киритилишидан саккиз ой ўтиб тўғри келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбек миллий таомларидан ҳали ҳеч бири "Гиннес"нинг рекордлар китобидан ўрин олмаган.

Энг оғир вазндаги палов эса, сўнгги бор 2007 йилда Урумчида тайёрлангани айтилади.

Айрим манбаларга кўра, унинг оғирлиги бир тоннадан ортган ва 10.000 кишига мўлжалланган бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02