Тошкент шаҳар ИИББ норозиликка сабаб бўлган хабар учун узр сўрамади

Кейинчалик ўзгартирилган суратда қидирувдаги кимсанинг вилоятликларга ўхшаб кийинган деган жумласи олиб ташланди Фото муаллифлик ҳуқуқи Guvd.uz
Image caption Кейинчалик ўзгартирилган суратда қидирувдаги кимсанинг вилоятликларга ўхшаб кийинган деган жумласи олиб ташланди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда кескин норозиликкка сабаб бўлган хабари учун узр сўрамади. Расмий сайтда қидирувга берилган шахснинг кийиниши "вилоятлик шахсларга ўхшаш" деб таъриф берилиши одамларнинг эътирозига сабаб бўлган эди.

Интернет сайлари ва ижтимоий тармоқларда айлантирилган ва муҳокамаларга сабаб бўлган сурат Тошкент ИИББ томонидан ўзгартирилди. Веб саҳифада тушунтириш хабари пайдо бўлди.

Ички ишлар бошқармаси ушбу хабарда берилган суратдаги кимсанинг вилоятликларга ўхшаб кийинганини ёзиш одамларнинг эътирозига сабаб бўлганини ёзган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Guvd.uz
Image caption Тошкент ШИИББ қидирувдаги кимсани вилоятлик шахсларга ўхшаб кийинган деди

"Тошкент ШИИББ расмий сайтида чиққан бу хабар турли интернет сайтлар томонидан, ҳавола бериб тарқатилди ва гумондорлардан бирига тариф беришда «вилоятлик шахсларга ўхшаш» атамаси одамлар орасида эътироз келтириб чиқаргани маълум бўлди", дейилади хабарда.

Бошқарма Ўзбекистон фуқаролари бундай атама билан тоифаланмаслиги ва хабар ходимнинг этиборсизлиги туфайли келиб чиққанини маълум қилган.

"Шуни маълум қиламизки, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан юртимиз фуқаролари бундай атама билан тоифаланмайди, бундай ҳолат хабарни тайёрлаган ходимнинг эътиборсизлиги туфайлигина келиб чиққан. Буни ҳеч қандай ғараз мақсад эмас, шунчаки тушунмовчилик сифатида қабул қилинишини сўрар эдик".

Сайтда ёзилишича, ходимга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилган ва келгусида бундай хатога йўл қўйилмаслиги билдириб ўтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Guvd.uz

Бироқ Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг веб саҳифаси хабардаги хато учун ўқувчилардан узр сўрамаган.

Дастлабки хабарда илова қилинган суратларнинг бирида қидирувга тушган шахслардан бирининг «кийиниши вилоятликларга ўхшаши» қайд этилганди. Хабарнинг янги таҳририга илова қилинган суратларда «кийинишидан вилоятлик шахсларга ўхшаш» ҳақидаги таъкид олиб ташланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ