Россияда қамоқхоналарида қанча ўзбекистонлик бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Red Zed Films

Жорий йилнинг биринчи ярми ҳолатига кўра, Россия қамоқхоналарида 29397 нафар хорижлик фуқаролар жазо муддатларини ўташмоқда, деб эълон қилди Жазони ижро этиш федерал хизмати.

Хорижликларнинг 90 фоизи ўта оғир жиноятларни содир этганликлари учун сақланмоқда.

Жазони ижро этиш федерал хизмати келтирган рақамларга кўра, 2017 йил январь ҳолатига кўра, Россияда жами 360 мингдан зиёд маҳбуслар қамоқхоналарда.

Маълумотларга кўра, ҳибсдагиларнинг энг катта қисми тожикистонликлар (8002 маҳбус)ни ташкил этади.

Ўзбекистон фуқаролари эса 6362 нафар маҳбус билан иккинчи ўринда, кейинги ўринда украиналиклар (4761 маҳбус).

Хуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари хорижлик маҳбусларнинг барчаси ҳам жиноятчи эмаслиги, улар орасида ноҳақ қамалган чет эл фуқаролари ҳам борлиги ҳақида фикрларини билдиришмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria novosti
Image caption Россия

Бу вазият билан яхши таниш асли ўзбекистонлик адвокат Баҳром Ҳамроев Би-БиСига Россия қамоқхоналардаги ўзбекистонликлар ҳаёти ва ўзга юртда жиноятчилик содир этилишининг сабаблари ҳақида гапириб берди.

-Қамоқхоналардаги ўзбеклар кунига 50 рублга ишлатилади. Асосан бетон, ғишт заводларида, ёғоч-тахталарни кесиш, уларни юклаш корхоналарида ишлашади. Баъзи ҳолларда бирор ички тартиббузарлик учун жарима солиниши ёки қалбаки хужжатлар расмийлаштирилиши натижасида уларга иш ҳақи ҳам берилмайди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, энг оғир шароитдаги қамоқхоналар Киров ва Махачкала вилоятларида жойлашган.

Маҳбусларга нисбатан жисмоний қийноқларнинг қўлланилиши, умуминсоний муносабатларнинг поймол қилиниши, ҳақ-ҳуқуқсизлик борасида ўзбекистонлик маҳбуслар энг қийин аҳволдагилардан бўлиб қолмоқда.

Кузатувчиларга кўра, ўтган 25 йил ичида Ўзбекистон Россиядаги фуқаролари тақдирига деярли бефарқ бўлиб келган.

Би-би-сига айтаман: “Қишлоғимизнинг 70 фоизи дангаса...”

Марҳум президент Ислом Каримов меҳнат муҳожирларини "дангасалар" деб атаган ва улардан "жирканишини" айтган эди.

Журналистлар ва меҳнат муҳожирларига кўра, Каримовнинг айни қараши умумиятла Ўзбекистон ҳукуматининг Россиядаги фуқароларига муносабатида акс этган эди.

Сўнгги ойлар вазият бир қадар ўзгаргани, меҳнат муҳожирларига нисбатан салбий қараш Ўзбекистонда ислоҳ бўлаётганини кузатиш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ