Халқ таълими вазири ҳам ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги ҳақида ваъда берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Мажбурий меҳнат борасида kun.uz нашри билан суҳбатда ўқитувчиларни ўз ҳуқуқи бузилишига йўл қўйиб беришда айблаган Халқ таълими вазири бу гал вазирлик вебсаҳифасида баёнот билан чиқди.

Фарғона ҳокими ўқитувчи ва шифокорларни далага чиқармасликка сўз берди

"Пахта фермерга эмас, ўқитувчиларга керак"

Мирзиёев: "Пахта экиб даромад кўрмаслик - азоб"

Вазирликнинг расмий сайтида ёзилишича, вазир Улуғбек Иноятовнинг шу ой бошларида айтганлари нотўғри талқин қилинган.

" Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайди. Соҳада хизмат қилаётган 400 минг нафардан ортиқ фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда устоз обрўсини ошириш йўлидаги ишларини давом эттиради. Вазирлик қонунчилигимизда белгиланган меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий нормаларга сўзсиз амал қилади", дейилган вебсаҳифада.

Пахтани ким теради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Пахтани ким теради?

Шўролар ва Каримов даврида мажбурий меҳнат, замонавий қуллик ёт бўлмаган Ўзбекистонда пахта теримига асосан болалар, ўқитувчилар ҳамда давлат ташкилотлари ходимлари жалб қилинарди.

Аммо бу йил вазият бир эмас бир неча мулозимлар қаторасида ўқитувчилар ва болаларни мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигини урғулашди.

Аввалроқ, Ўзбекистонда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам билдиришнома эълон этган ва унда "2017 йилги пахта йиғим-теримига вояга етмаган ёшлар, шу жумладан, ташкилотлар, соғлиқни сақлаш ва маориф тизими ходимларини жалб қилиш мутлақ тақиқланади", деб урғулаганди.

Ўзбекистонлик фаоллар ҳукумат мулозимларининг бу каби чиқишларини эҳтиёткорлик ва бир қадар ишончсизлик билан олқишлашмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Би-би-си билан суҳбатда ўзбекистонлик мустақил журналистнинг айтишича, пахта ҳосилини фақат фермерларнинг ўзи йиғиб-териб олиши ўта мушкул бўлиши мумкин.

"Пахта етиштириладиган ерлар кескин камайтирилсагина ўқитувчилар, давлат ташкилотлари ва ҳатто болалар меҳнатидан воз кечиш мумкин. Бу йил вазият бироз енгилроқ бўлади, лекин мажбурий меҳнат ҳолатлари батамом тугатилиши ҳақиқатдан узоқ, менимча. Эҳтимол, "ими-жимида", сал ислоҳ қилинган йўллар билан ҳосил йиғиб олинади. Балки терилган пахта учун нарх бироз кўтарилар, шунда рўзғори оғир бўлган оилалар ўзлари, "ихтиёрий" равишда теримга чиқишлари мумкин", дейди журналист.

Ўтган йил эса Anti-Slavery International, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Cotton Campaign, Human Rights Watch, Инсон ҳуқуқларига доир Ўзбек-Олмон форуми тўплаган маълумотларга кўра, Ўзбекистон юз минглаб аҳолини пахта теримига мажбуран сафарбар қилган.

Мажбурий болалар меҳнати сабаб, сўнгги йилларда қатор йирик хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишган.

Агар, http://www.worldstopexports.com/ нинг ўтган йилги маълумотларига таянилса, Ўзбекистон ҳозир четга пахта сотиш бўйича дунё давлатлари орасидан 14-ўринни эгаллаб турибди.

Пахта ишлаб чиқариш бўйича эса, жаҳоннинг энг йирик олтита давлатидан биттаси экани айтилади.

Ўзбекистон: ‘Албатта, бу – кутилмаган ҳолат бўлди бизга, аммо...’

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ