АҚШ: ‘Отиб кетилган ўзбекистонлик вафот этди’

Америка Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

40 ёшда бўлган Дониёр Абдумажидов Теннесси штатининг Нэшвилл шаҳрида номаълум шахсларнинг ҳужумига учраган, бошидан ўқ еган аҳволда топилгани хабар берилганди.

Маҳаллий телеканал ва манбаларга кўра, ҳодиса пайшанбадан жумага ўтар кечаси шаҳар шимолида юз берган.

Дониёр Абдумажидов ўша пайтда пицца етказиб бериш билан шуғулланаётган бўлган.

Маҳаллий нашрлар(WKRN)нинг полицияга таяниб ёзишича, "у жанжалга аралашиб қолган ва бошидан ўқ еган".

Орадан бир неча соат ўтиб, йўловчилардан бири уни қонга беланиб ётган аҳволда топган.

Қаттиқ яраланган Дониёр Абдумажидов зудлик билан Вандербильт Университети Тиббиёт Марказига етказилган.

Шундан сўнг оғир аҳволда қолаётгани айтилган Ўзбекистон фуқаросининг шанба куни маҳаллий вақт билан кечга яқин ҳаётдан кўз юмгани айтилмоқда.

Қуролли шахсларнинг кимлиги ва ҳодиса омиллари борасида масъуллар ҳозирча жим, бундан бошқа тафсилотларни ошкор қилишмаган.

Ўзбекистон: Россия, Америка, Жанубий Корея - ким, қаерга кетмоқчи?

Дональд Трамп ва Ўзбекистон...

Маҳаллий полиция Дониёр Абдумажидовнинг тонгги соат 05:00 гача фаолият юритувчи маҳаллий пиццахоналардан бирида ишлаганини айтмоқда.

Оиласининг мурожаатномасидан маълум бўлишича, у аёли ва тўрт нафар фарзанди билан яхшироқ ҳаёт илинжида бор-йўғи бундан икки ойча бурун Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларига келган бўлган.

Хабарларга кўра, юз берган қуролли ҳодиса юзасидан аллақачон текширув ишлари бошлаб юборилган.

Терговчилар ҳозирча Дониёр Абдумажидов пицца элтган манзилдагиларнинг у ишлаган пиццахонага бундай буюртма бермаганларини аниқлашган, деб хабар берган WKRN маҳаллий интернет нашри.

Нэшвилл шаҳри атрофлари эса, жиноятчилик кенг тарқалган ҳудудлардан бири сифатида кўрилади.

Юз берган ҳодиса ортидан, Дониёр Абдумажидовнинг оиласи беғараз молиявий ёрдам сўраб, интернетда мурожаат билан чиққан.

Вафотига оид хабарлар олинган пайтда мингга яқин одам ёрдам қўлини чўзиб, 50 минг доллардан ортиқ пул йиғилгани маълум бўлганди.

Дониёр Абдумажидовнинг қаерда дафн этилишига оид хабарлар ҳозирча имконли эмас.

Бугун Америка Қўшма Штатларида яшаб, меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган жаъми ўзбекистонликларнинг сони чорак миллионга яқин экани ишонилади.

Улардан аксариятининг Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларига яшаш учун борганлари ташкил этиши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар