Андижон: ‘Ҳамма Ҳасанбой, ўзбек боксчилари учун дуода’

Ҳасанбой Дўсматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Қаерга чиқсак ҳам, ҳамма дуода, Худо хоҳласа, яна ҳамма боксчиларимиз ютади, деган фикрлар...", - дейди ўғли Ҳасанбой Дўсматовнинг жаҳон чемпионатидаги илк жанги олдидан унинг отаси Маъруфжон ака Ҳайитбоев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

"Ҳасанбой билан алоқага чиқиб, телефон орқали гаплашиб турибмиз. Кайфиятлари яхши. Шуғулланаяпти. Ўртоқлари ҳам ҳаммаси яхши. Шуғулланиб, жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраяпмиз, деди. Лекин кайфиятлари зўр...", - дейди у киши Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

"Гаплашганимизда, хавотир бўлманглар, деб, мени ҳам, аясини ҳам тинчлантиради. Биринчи ўринни оламан, деб ният қилганман. Худо хоҳласа, ниятимга етаман, деган фикрларни билдирди".

Рио Олимпиадаси ғолиби ва кетма-кет икки карра Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов бу йил жаҳон чемпионлиги учун курашаётган энг номдор ўзбекистонлик боксчилардан бири бўлади.

Аммо, бошқа томондан, бу - ҳаваскор бокс бўйича AIBA таснифида жаҳоннинг энг зўр боксчиси ва қатор халқаро мукофотлар соҳиби бўлган Ҳасанбой карьерасидаги биринчи жаҳон чемпионатидир.

Маъруфжон ака Ҳайитбоев билан Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатини назардан қочирманг.

Бокс, Германия: Ҳасанбой Дўсматов яна олтинга кўз тикмоқда

'Германияликлар ўзбек боксчиларидан янги номлар кутишаяпти'

Отаси Маъруфжон аканинг айтишича, ҳозир, ҳатто, ўзи ҳам ҳаяжонда, аммо буни фарзандига билдириш, деган гап йўқ.

"Ҳасанбой билан гаплашганимизда, доим, "Биринчи ўринда ўзингнинг соғлигингни ўйла. Эҳтиёт бўл. Ниҳоятда зийраклик билан жанг қил. Энди, бу жаҳон чемпионати. Сенга ўхшаган кўп боксчилар бор. Барча кучли боксчилар йиғилган у ерда. Омадингни берсин. Ҳаяжон босмасдан, чиройли бокс тушиб, элимиз, юртимизнинг байроғини янада баланд кўтаргин", - деймиз унга дейди суҳбатимиз якунида Маъруфжон ака.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, айнан Ўзбекистондаги бокс мухлисларининг талаб ва қизиқишларидан келиб чиқиб, UZREPORT TV канали Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатини эксклюзив равишда трансляция қилиш ҳуқуқини харид қилган.

Телеканал чемпионат бошланган 25 август кунидан бошлаб, ўзбекистонлик ва жаҳоннинг номдор боксчилари иштирокидаги жангларни бевосита томоша қилиш имкониятини тақдим этган.

Бу йилги жаҳон чемпионати бир ҳафта давом этади ва 3 сентябрь кунига бориб 10 нафар чемпионнинг номи маълум бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар