Каримовнинг жанозаси 2 сентябрда режалаштирилганмиди?

Ислом каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Лола Каримова-Тиллаеванинг дугонаси Оқила Тоирова хотираларида Ислом Каримовнинг жанозаси 2 сентябр куни "умид қолмагач" режалаштирилганини ёзган. Бироқ 1 сентябр тушдан сўнг Самарқандда қабр тайёрлаш ишлари бошланиб кетган эди.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева марҳум отаси ҳаётининг сўнгги кунлари тафсилотларини дугонаси Оқила Тоирова хотиралари орқали бўлишган.

Оқила Тоирова Президент Каримов билан ҳаётлиги даврида учрашмаганини, бироқ "Худонинг иродаси билан" Ислом Каримовнинг сўнгги соатларида ёнида бўлганини ёзган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Kamoliddin

Тоированинг ёзишича, 31 август август оқшомига қадар Каримовнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин деган умид учқуни ҳамманинг юрагида бўлган.

Париждан Тошкентга 1 сентябр куни учиб келган Лола Каримова-Тиллаеванинг дугонаси 2 сентиябр эрталаб касалхонага йўл олган.

"Лола менга 2 сентябрь эрталаб соат 8 ларда қўнғироқ қилди ҳамда отасининг аҳволи кескин ёмонлашгани ва умрларининг 2-3 соати қолган бўлиши мумкунлиги ҳақида хабар берди", - деб ёзади Оқила Тоирова.

2 сентябр тонгги соат 9 да Ўзбекистон ОАВда Каримовнинг аҳволи оғирлашгани ҳақида хабар берилган.

Оқила Тоированинг хотираларида ёзишича, 2 сентябр куни Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов бошчилигида "Ёсин" сураси ўқилганда Каримовнинг ҳарорати тушади.

"Билмадим, бу тасодифми ёки йўқ, аммо қорилар "Ёсин" сурасини ўқишни бошлашлиги заҳоти юртбошимизнинг тана ҳароратлари 36.5 га пасайди. Кейинги 12 соат мобайнида Қуръони Каримнинг суралари ниҳоятда чиройли ва тўхтовсиз равишда бутун касалхона бўлими бўйлаб янгради", - деб ёзади у.

Каримов ўлим арафасида тавҳид калимасини айтганмиди?

Оқила Тоирова Ислом Каримов ўлимидан олдин тавҳид калимасини айтгани ёки айтмагани борасида ҳеч нарса ёзмаган.

Бироқ у ва Президеннинг яқинлари тавҳид калимасини қайтариб ўтирган.

"Қизлари Лола, Татьяна Акбаровна, Марям ва мен уларнинг ёнларида ўтириб, тавҳид калимаси, саловотлар ўқиб, Оллоҳнинг исмларини зикр қилиб ўтирдик", - деб ёзади Оқила Тоирова.

Мусулмонлар кимки ўлим арафасида "Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ", деган калимани айтса, жаннатга тушиши ҳақидаги ақидага ишонишади.

Тоирова касалхонада деярли ҳамма кўз ёши тўкканини ёзади.

"Қуръон тиловат қилаётган Қориларнинг ҳам овозлари вақти-вақти билан йиғи туфайли узилиб қоларди", - дейди у.

Самарқандда Каримовнинг қабрини тайёрлаш ишлари 1 сентябрда бошланган эди.

1 сентябрда тушдан сўнг Самарқанд шаҳрининг Регистон ва Шоҳи Зинда қабристони атрофи милиция томонидан ўраб олинган.

Қабристонга етиб келган техникалар қабрни тайёрлаш ишларини бошлаб юборган. Бу ҳақда ўша куни ижтимоий тармоқларда чоп қилинган суратлар гувоҳлик беради.

Бироқ Оқила Тоирова жаноза маросимини режалаштириш ишлари 2 сентябрда "умид қолмагач" бошланганини ёзган

"Шундан сўнг Вазият ҳар қанча оғир бўлмасин, бошқа умид йўқлиги маълум бўлгач, жаноза маросимини режалаштириш керак эди. Ўзингиз биласиз, Ўзбекистонда бунга ўхшаш воқеа ҳали юз бермаган эди. Дафн маросими Президентнинг оиласи томонидан ишлаб чиқилди: қаердан чиқариш, қаерга олиб бориш, Регистон, Тиллакори", - деб ёзади у.

Хотираларда ёзилишича, Каримовнинг оила аъзолари барча маросимларни Ислом урф-одатларига мувофиқ бажарилишига катта эътибор берган. Ҳар бир масалада Анвар қори билан маслаҳатлашилган.

"Кечки соат 21:00га яқин Оллоҳ юртбошимизнинг жонларини олди. Биз улар билан видолашиш учун палаталарига кирдик, шу он Анвар қори ва уларнинг иккита шогирдлари ҳам хонага киришди. Улар қўлларида бир қучоқ райҳонни ушлаб туришар эди. Шунда Лола қоридан, бу шундай одатми, деб сўради. Унинг саволига жавобан Анвар қори, марҳумни уларнинг севимли гуллари билан ёпмоқчи эканликларини айтдилар", дейди у.

Оқила Тоирова шунингдек хотираларида Самарқандга қандай борганликлари ва Каримовнинг тобутини қабрга қандай кузатиб қўйганликлари ҳақида ёзган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ