Ўзбекистон: Каримовсиз ўтган 1 йил

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS
Image caption Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳокимият тепасида 27 йил ўтирган

27 август, 2016 йили Интернет ижтимоий тармоқларида 78 ёшли Президент Ислом Каримов инсулт бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларга ҳар доимгидек ҳукумат томонидан вақтида расмий изоҳ берилмади.

Бироқ 2 сентябр куни чоп қилинган Ислом Каримовнинг вафоти ва тиббий хулосасида "Бемор И.А.Каримов, 78 ёшда, 27 август куни эрталаб соат 09.00 да ҳушсиз ҳолатда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт-санитария бирлашмасининг Марказий клиник шифохонасига олиб келинди", дейилади.

28 август, 2016 йил - Маҳаллий вақт билан соат 15:42 да ЎзАда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахбороти чоп қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов стационар даволанишда эканини маълум қилинганди. "Мутахассисларнинг фикрига кўра, тўлиқ тиббий кўрик талаб этилади", дейилди хабарда.

28 август, 2016 йил - Мустақиллик байрами муносабати билан Ўзбекистонда дам олиш куни 2 сентябрга кўчирилиб, 4 сентябр, якшанба иш куни деб эълон қилинган. Бу ҳақдаги қарорни Президент Ислом Каримов 26 август куни имзолагани хабар берилган.

29 август, 2016 йил - Жамоатчиликка Президент Ислом Каримовнинг миясига қон қуйилгани ҳақидаги хабар унинг қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebook ва Instagram саҳифаларида чоп қилинди.

29 август, 2016 йил - Шу куни кечга бориб мустақил Fergananews агентлиги жаноб Каримовнинг вафот этгани ҳақидаги илк хабарини тарқатди. Хабарда Каримовнинг Тошкент вақти билан 15.00 билан 16.00 ўртасида ҳаётдан кўз юмгани айтилганди.

Аммо бу хабар президент маъмуриятидаги номи тилга олинмаган манба томонидан рад этилди.

31 август, 2016 йил - Расмий матбуот сукут сақлаётган бир маҳалда Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Instagram даги саҳифасида отаси шифо топаётганини маълум қилди.

"Ушбу ниҳоятда самимий ва дилдан чиққан тилаклар ва сўзлар отамнинг шифо топишларида ёрдам бермоқда деб ишонаман", - деган у.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ислом Каримов аҳволи: Тожикистондан назар

31 август, 2016 йил - Ўзбекистон давлат телевидениесининг "Ахборот" дастурида Президент Ислом Каримовнинг мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига табриги бошловчи томонидан ўқиб эшиттирилди.

Тошкентдаги Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйилгани ҳақидаги лавҳада эса Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбарлари кўринмади.

31 август, 2016 йил - Мустақиллик тарихида илк марта Ўзбекистонда байрам тантаналари бекор қилинди. Одатга айланган мушакбозликнинг ҳам бекор қилинганини Тошкент шаҳар ҳокимияти бир гуруҳ нуроний отахон ва онахонларнинг илтимоси билан изоҳлади.

1 сентябр, 2016 йил - Ўзбекистон шаҳар ва туманларида одатдагидек ўтказиладиган концерт бу йил бўлмади. Аммо Тошкент шаҳар кўчаларида одамларнинг сайл қилиб юрганини кузатиш мумкин эди.

1 сентябр, 2016 йил - Президент туғилиб ўсган Самарқандда қандайдир муҳим тадбирга тайёргарликлар бошланган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда Шоҳи Зинда мажмуаси олдидаги қабристонда техника ёрдамида ишлар олиб борилаётганини кўриш мумкин эди. Одамлар Ислом Каримовнинг қабри тайёрланаётганини маълум қилган. Бироқ расмийлар бу борада яна сукут сақлашган.

2 сентябр, 2016 йил - Эрталаб Ўзбекистон ҳукумати 78 ёшли Президент Ислом Каримовнинг аҳволи ўта оғир, деб хабар тарқатди.

"Чуқур қайғу билан шуни маълум қиламизки, ўтган суткада Президентимизнинг соғлиғи бирданига ёмонлашди ва шифокорлар вазиятни ўта оғир деб баҳоламоқда", - дейилади давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарда.

2 сентябр, 2016 йил - Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов оламдан ўтганини билдирди. Ўзбекистондаги расмий манбалар президентнинг ўлими ҳақидаги хабарни тасдиқлаганлари йўқ.

2 сентябр, 2016 йил - Маҳаллий вақт билан 21:45 атрофида "Ўзбекистон" телевидениеси Президент Ислом Каримов 78 ёшида оламдан ўтганини маълум қилди. Президентинг кичик қизи Лола Каримова ҳам ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида отасининг вафоти ҳақида ёзиб қолдирган.

3 сентябр, 2016 йил - Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов Самарқандда Ҳазрати Ҳизр қабристонига дафн этилди.

Каримовнинг Самарқанддаги дафн маросимига фақат 17 давлатдан вакил қатнашди. Ҳатто қўшни мамлакатлардан баъзи президентлар Бош вазирларини юборишди.

3 сетябр, 2016 йил - Мактабларда ўқув йили Ислом Каримов хотираси билан бошланиши маълум қилинди. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматига кўра, Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йили мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган Хотира дарслари билан бошланади.

6 сентябр, 2016 йил - Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда мамлакат оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

6 сентябр, 2016 йил - Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

8 сентябр, 2016 йил - Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланди

12 сентябр, 2016 йил - Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 12 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

19 сентябр, 2016 йил - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 71-сессияси мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёд этиш маросими билан бошланди.

21 сентябр, 2016 йил - Муваққат Президент Шавкат Мирзиёев ва яна уч номзод 4 декабрда бўлиб ўтадиган Президентлик сайловига ҳужжат топширди.

6 октябр, 2016 йил - Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 6 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

7 октябр, 2016 йил - Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган жоме масжидга "Ислом ота жоме масжиди" деб ном берилди.

Октябр, 2016 йил - Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди

31 октябр, 2016 йил - Москва ҳокимлиги хиёбонни Ислом Каримов номи билан аташга қарор қилди.

2 декабр, 2016 йил - Мирзиёевнинг "Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида) Ислом Каримов номини бериш кўрсатилди.

4 декабр, 2016 йил - Ўзбекистонда президент сайлови "бўлиб ўтди". Сайлов илк бор Ислом Каримовсиз ўтган.

5 декабрь, 2016 йил - Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланди. Марказий Сайлов Комиссиясининг маълум қилишича, якшанба кунги сайловларда Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз овоз билан Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.

25 январ, 2017 йил - "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарор имзоланди.

қуйидаги муассаса ва объектларга:

Тошкент давлат техника университетига;

Асака шаҳридаги автомобиль заводига;

Фарғона шаҳридаги Санъат саройига;

Тошкент халқаро аэропортига; Ислом Каримов номи берилади.

30 январ, 2017 йил - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь - Биринчи Президент Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан Самарқандга ташриф буюрди. Биринчи Президент Ислом Каримов таваллуди санаси - 30 январь куни пойтахт Тошкентда, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда эҳсон оши берилди.

30 январ, 2017 йил - Биринчи Президент Ислом Каримов таваллуд санаси муносабати билан мамлакат бўйлаб турли тадбирлар бўлиб ўтди.

4 март, 2017 йил - Мирзиёев Каримов номини абадийлаштириш режасини эълон қилди. Режага мувофиқ, Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи Ислом Каримов номидаги фонд ва ёдгорлик мажмуасига айлантирилади, Самарқандда мақбара ва Тошкент ҳамда Қарши шаҳарларида марҳум президентнинг ҳайкаллари қад кўтаради.

14 апрель, 2017 йил - Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Биринчи Президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Ислом Каримов руҳига Қуръон тиловат қилинди.

4 май, 2017 йил - Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини бериш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори чиқди.

15 май, 2017 - Ислом Каримов асарлари билимдони аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган "Ислом Каримов асарлари билимдони" кўрик-танловининг мамлакат босқичи якунланди.

29 июнь, 2017 - Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори чиқди.

10 июль, 2017 йил - "Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола" кўрик-танлови ўтказилиши ҳақида хабар берилди. Кўрик-танловга 2016-2017 йилларда республика ҳамда хориж газета ва журналларида чоп этилган, интернет нашрларида берилган материаллар 2017 йилнинг 31 декабригача қабул қилинади. Ғолибга қарийб 15 миллион сўм берилади.

30 июль, 2017 йил - "Таҳлилнома" Каримовнинг валюта сиёсатини кескин танқид қилди. Якшанба куни эфирга узатилган "Таҳлилнома" кўрсатуви Президент Мирзиёевнинг 8 ойлик фаолияти таҳлил қилинган. Мирзиёев томонидан олиб борилган ислоҳотларни мақтаган бошловчи Президент Каримов давридаги валюта сиёсатини кескин танқид қилган.

15 август, 2017 йил - Тошкентда Ислом Каримов ҳаётига бағишланган фотокўргазма очилди. Тошкент Фотосуратлар уйида 15 август куни Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ҳамда унинг портретини яратиш бўйича ижодий танлов натижаларига бағишланган бадиий кўргазма очилди.

16 август, 2017 йил - Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида мукаммал таъмирлаш ишлари ўтказилганидан сўнг 1-рақамли учиш-қўниш йўлаги фойдаланишга топширилди.

16 август, 2017 йил - Тошкентда Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилди. Тошкентдаги ҳайкал Ислом Каримов фаолият олиб борган асосий иш қароргоҳи - Оқсарой олдига ўрнатилди. Самарқанднинг собиқ Йўлбарслар хиёбонида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали қад ростлади.

18 август, 2017 йил - Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортда янги йўловчи терминали (Тошкент-4)ни ишга тушириш лойиҳаси янгиланади.

27 август, 2017 йил - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Ҳазрати Хизр мажмуасидаги мамлакат биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ