Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси бўлмайди

Лола Каримова Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Lola Karimova-Tillyaeva

Марҳум Президент Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола-Каримова-Тиллаева ЮНЕСКОда Ўзбекистон элчиси лавозимидан кетишини маълум қилди. Ушбу ҳодиса Каримовнинг вафотидан бир йил ўтиб содир бўлмоқда.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Лола Каримова-Тиллаева бу ҳақда Ўзбекистоннинг маданий ва илмий меросига бағишланган конференцияда маълум қилган.

"Яқин келажакда элчи сифатида фаолият юритмасликни, балки эътиборимни оиламга, "Ислом Каримов" жамғармаси лойиҳаларига ҳамда бошқа хайрия, маданий лойиҳаларга қаратишни режаламоқдаман", - деган у.

Лола Каримова-Тиллаева 2008 йилдан буён Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдги доимий элчиси бўлиб хизмат қилиб келади.

Ислом Каримов вафот этганига 2 сентябрда бир йил бўлади. Лола Каримова-Тиллаева отасининг соғлиғи борасида расмий матбуот тўлиқ ахборот бермаган бир маҳалда жамоатчиликка ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали хабар бериб турган эди.

Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса Ўзбекистонда турли товламачилик ва солиқдан қочиш айблари билан 2015 йили 5 йил озодликдан чеклаш билан жазоланган.

2013 йил сентябрда Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида Лола Каримова-Тиллаева опаси Гулнора Каримова билан 12 йилдан бери гаплашмаслигини маълум қилган.

Кейинчалик у опасини маҳкамага тортиш билан таҳдид қилган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02