Бир йил ичида Каримов сиёсатидан нима қолди?

Ислом каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонннинг биринчи Президенти Ислом Каримов вафотига бир сана тўлиши арафасида ўтган йилнинг ичида унинг сиёсатидан нималар қолгани ва яна қандай ўзгаришлар кутиш мумкинлиги борасида мутахассислар фикрини ўргандик.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Мирзиёев Каримовча ишлаш тартибини бутунлай шубҳа остига олган бўлса-да унинг номини сақлаб қолишга қарор қилганини айтади.

"Ўзбекистонда олдинги сиёсий тизим, олдинги ҳокимиятнинг ишлаш тартиби шубҳа остига олинди. Лекин жуда ҳам бир оҳиста шаклда. Яъни Шавкат Мирзиёевнинг ёндошуви шундан иборатки, биринчидан олдинги иш услуби мутлоқ яроқсиз. Лекин айни пайтда ривожланган давлатлар қатори, дунёнинг кўпчилик давлатларидаги давлатчилик сиёсати анъаналарига мувофиқ биринчи Президентга нисбатан сўзсиз ҳурмат эҳтиром билдирилиши керак деган позиция айтилди. Шундан келиб чиқиб Шавкат Мирзиёев Каримовдан қолган сиёсий тизимни оҳиста ислоҳ қилиш эҳтиёжини жуда ҳам яхши сезаяпти ва бу ҳақда жамиятга билдирди.

Бироқ айни пайтда янгича тафаккур, янгича фикрлаш сиёсий тизимнинг янгича бир ёндашуви масалалари ҳали англангани ва концептуал шаклда жамиятга айтилгани йўқ. Концептуал фикрнинг ўзи йўқ", - дейди Камолиддин Раббимов.

Унга кўра келгуси йилда Мирзиёев ўзидан ёши катта ва унга сиёсий жиҳатдан номутаносиб шахслардан қутилиши керак.

Раббимов фикрларини тинглаш учун линкни босинг

Лондондан экперт Алишер Илҳомов:

"Менимча, Ўзбекистон Каримов даврида чуқур инқирозда қолгани ҳақида Мирзиёевда тушунча бор. Ривожланиш нуқтаи назаридан барча жараёнлар деярли тўхтаб қолганди. Ўзбекистон дунёда қолоқ бир давлатга айланиб бораётганди. Бироқ Мирзиёев ушбу ҳолатни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Кўпчилик, шу қатори мен ҳам ижтимоий ахборот соҳасида жонланишни кузатмоқдамиз. Айниқса бу жараён ижтимоий тармоқларда яққол кўринмоқда. Одамлар ўз фикрини айтишда камроқ қўрқадиган бўлиб қолишди. Мамлакат ичида бўлиб турганлар ҳам анча танқидий фикрлар билдирмоқда.

Бироқ жамиятдаги фикрлар хилма-хиллиги ўрта ва юқори табақадаги амалдорларда кўринмаяпти. Бош вазир ва Президентнинг давлат маслаҳатчиси иштирокидаги Халқаро Пресс клубдаги жонли жфир юзасидан журналистга қўпол муомала қилиши энди пайдо бўлаётган эркинлик майсасини юқори лавозимли амалдорлар томонидан топташга ўхшайди.

Ушбу ҳолат ҳам тизимни ислоҳ қилиш борасида катта ишлар қилиниши кераклигини кўрсатади. Бу борада қандайдир ўзгариш ва ислоҳотлар олиб бориш ҳозирча кўринмаяпти.

Мирзиёев олиб бораётган сиёсатда ҳозирча Хрушев сиёсатидаги каби "музларнинг эриши" кузатилмаяпти. Хрушев келганидан сўнг ноҳақ қамалган минглаб маҳбуслар қамоқлардан озод қилинганди. Шундай бўлса ҳам Мирзиёев келгач жамоатчилик фикри анча жонланди ва қўрқув камайди.

Мирзиёевнинг сиёсий рейтинги жадаллик билан кўтарилди. Келгуси йилда Президент тизимни ислоҳ қилиш учун 3-4 қадам ташлаши керак деб ўйлайман. Улар иқтисод, ва қонун амал қилмаётган ҳуқуқ соҳаларида бўлиши керак. Ҳозир ҳаммасини ўзгартиришга балки куч етмас, аммо камида 3-4 ўзгариш бўлиши лозим. Агар Мирзиёев ҳозир ушбу имкониятдан фойдаланиб ўзгариш қилмаса, яна икки йилдан сўнг одамларнинг ҳафсаласи пир бўла бошлайди. Амалда ўзгаришлар бўлмаса унинг халқ орасидаги обрўси кескин тушиб кетиши мумкин.

Ана ўшанда назоратни ушлаб туриш учун Президент Ислом Каримов каби кескин чоралар қўллаши мумкин. Ислом Каримов ҳам лавозимга ўтирган илк йилларда нисбатан очиқ эди ва халқ билан тез-теў мулоқот қилиб турарди. Кейин мурватларни бураб бошлади.

Мирзиёев ҳам келгуси 2 ва кўпи билан 3 йилда ислоҳотлар қилиб, тизимли ўзгаришларни жадаллаштирмаса яна мурватларни бураш билан тугаши мумкин".

Намоз Нормўмин:

Туркияда истиқомат қилувчи мухолифат фаоли Намоз Нормўмин ўз мақоласида Каримовсиз ўтган бир йилни сарҳисоб қилган. У Мирзиёев сиёсатидаги тўғри ва ўзи хато деб билган жиҳатларни санаб ўтган.

"Ислом Каримовнинг тўсатдан (аслида кутилган) вафот этганлиги давлат раҳбарларига ва халқнинг катта қисмига шок ўлароқ таъсир қилди. Мирзиёев бундай қийин ҳолда ташаббус кўрсатиб, халқ ва давлат учун масъулиятни ўз зиммасига олди. У Каримов усулида номигагина бўлса ҳам сайлов ўтказиб, давлат ҳокимиятнинг барқарорлигини ва давомийлигини сақлаб қолди.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигининг илк қадамларидан бошлаб, Ўрта Осиё халқлари ва давлатлари билан яқин ҳамкорлик ва биродарлик сиёсатини амалга ошира бошлади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан янгича, яъни ижобий муносабатлар ўрнатила бошланди.

Мирзиёевнинг яна бир тўғри сиёсати у ҳокимиятга келгандан кейин Ўзбекистионда нисбатан бўлса ҳам ошкоралик, яъни сўз, фикр ва матбуот эркинлигига йўл берилганлигидир.

Ислом Каримов даврида халқ ва давлат мол мулкини талон тарож қилган Гулнора Каримова ва МХХнинг эски генералларидан Шуҳрат Ғуломовнинг фош қилинишидир.

Мирзиёевнинг биринчи ва энг катта хатоси унинг давлатни ривожлантиришнинг беш устувор йўналишини ўз ичига олган ҳаракатлар стратегиясида, дейишимиз мумкин. Бу ҳужжат Каримов давридан қолиб кетган мавҳум ва умумий ижтимоий сиёсий қоидалардан иборат бир ҳужжатдир.

Мирзиёев сиёсатининг иккинчи хатоси иқтисодий ислоҳотларнинг ножиддий олиб борилишидир. Бу масалада стратегия аниқ бўлиши керак: Давлат мулкнинг 30% га, яъни стратегик қисмига эгалик қилсин. 70% мулк эса ижара ва хусусий мулк шаклига ўтсин.

Мирзиёев сиёсатининг учинчи хатоси жамият ва давлат ҳаётида қонун ва ҳуқуқ устунлигига етарлича эътибор қаратилмаслигидир. Тўғри давлат раҳбари маҳкамалар, яъни судлар ва судялар ҳамда прокурорлар фаолиятини қаттиқ танқид қилди. Аммо бу дегани уларнинг фаолияти учун янги қонуний ва ҳуқуқий нормалар пайдо қилинди, дегани эмас.

Мирзиёев сиёсатининг тўртинчи хатоси фуқаровий жамият қуришни жадаллаштирига қаратилган қадамларнинг ҳозиргача қўйилмаганидир. Сўз, фикр ва матбуот эркинлиги соҳасида қаттиқ цензура ҳамон сақланиб қолмоқда.

Мирзиёев сиёсатининг бешинчи хатоси сиёсий ислоҳотлар томон ҳеч бир қадамнинг қўйилмаганлигидир".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ